ОХСда кўрилган ишлар
12-1106/11825(27) - сонли қарор
19.11.2013

 

2012 йил 21   февраль (кўчирма)
 
Савдо вақтида электр энергияси бўлмаганида харидорнинг хоҳишига кўра савдо нақд пулга амалга оширилиши мумкин
 
Сайхунобод туман давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, «SAYXUN SAIDBEK MANSUROV SAVDO» масъулияти чекланган жамиятига (бундан буён матнда — жамият деб юритилади) Солиқ кодекси 119-моддасининг учинчи қисмига асосан 4824295 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2011 йил 18 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилган.
Суднинг 2011 йил 18 ноябрдаги ажрими билан Сайхунобод туман давлат солиқ инспекцияси ходимларига нисбатан хусусий ажрим чиқарилиб, Сирдарё вилоят давлат солиқ бошқармасига юборилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида текширишда Сайхунобод тумани, Сайхун қўрғони, К.Муродов кўчасида жойлашган «SAYXUN SAIDBEK MANSUROV SAVDO» масъулияти чекланган жамиятига қарашли 2-сонли савдо дўкони сотувчиси дўконда терминал бўла туриб, пластик карточкага савдо қилмаслигини харидорга айтганлиги аниқланганлиги ҳақида важ билдирилиб, 2011 йил 18 ноябрдаги ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиб, жамиятга нисбатан 4824295 сўм молиявий жарима қўллаш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши Сайхунобод туман ҳудудий комиссиясининг 2011 йил 12 февралдаги 1-сонли рухсати ҳамда Сайхунобод туман давлат солиқ инспекциясининг 2011 йил 12 февралдаги 17-х/с-сонли буйруғига асосан жамиятда 2011 йил 14 февралда қисқа муддатли текшириш ўтказилган.
Текшириш натижаси юзасидан тузилган далолатномада жамият сотувчиси харидорга пластик карточка орқали савдо қилинмаслигини, харидорга харид учун 17500 сўм нақд пулга квитанция ёзиб берганлиги, шунингдек дўкон ғазнасида мавжуд бўлган 22100 сўм нақд пулга бир марталик квитанция ёзиб берганлиги қайд этилган.
Сайхунобод туман давлат солиқ инспекцияси судга мурожаат қилиб, жамиятга нисбатан Солиқ кодекси 119-моддасининг учинчи қисмига асосан 4824295 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.
Солиқ кодекси 119-моддасининг учинчи қисмига асосан техник талабларга жавоб бермайдиган назорат-касса машиналаридан фойдаланганлик ёки фискал хотирасининг хизмат кўрсатиш дастури бузилган назорат-касса машиналаридан фойдаланганлик, шунингдек пластик карточкалар асосида тўловларни қабул қилишни рад этганлик энг кам иш ҳақининг юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Текшириш жараёнида дўкон сотувчисининг инспекция ходимларига берган тушунтириш хатида 2011 йил 14 февраль куни бир нотаниш киши дўконга кириб, нархи 17500 сўм турадиган 1 дона 5 литрли ўсимлик ёғини пластик карточкаси орқали харид қилишини билдирганлиги, сотувчи свет (электр энергияси) йўқдиги сабабли терминал орқали савдо қилмаслигини айтганлиги, шундан сўнг харидор нақд пулга савдо қилганлиги ва унга квитанция ёзиб берилганлиги баён этилган.
Бундан ташқари, Сайхунобод туман электр тармоқлари корхонасининг туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғига берган 2011 йил 17 ноябрдаги 101-сонли маълумотномасида Сайхунобод тумани, Сайхун қўрғони, К.Муродов кўчасида жойлашган бозор ҳудудидаги истеъмолчилар уланган «Гулбулоқ» ҳаво тармоғида 2011 йил 14 февраль куни соат 12-00 дан 13-30 гача чекланиш учун электр тармоғи учирилганлиги маълум қилинган.
Шунингдек, инспекция томонидан текшириш натижалари юзасидан 2011 йил 1 мартда жамиятга нисбатан Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисми билан энг кам иш ҳақининг ўттиз баробари (1492050 сўм) миқдорида молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган, бироқ ушбу ҳолат юзасидан инспекция томонидан 2011 йил 1 август куни Солиқ кодекси 119-моддасининг учинчи қисми билан 4973500 сўм молиявий жарима қўллаш тўғрисида яна қарор қабул қилинган.
Бундан кўриниб турибдики, инспекция томонидан айнан битта солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун икки маротаба қарор қабул қилинган.
Биринчи инстанция суди жамиятга қаарашли савдо дўконида назорат-касса машинаси ҳамда тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш учун ҳисоб-китоб терминали ўрнатилганлигини, савдо қилиш вақтида электр энергияси бўлмаганлигини, жамият томонидан харидорнинг хоҳишига кўра савдо нақд пулга амалга оширилганлигини, унга тенглаштирилган квитанция ёзиб берилганлигини эътиборга олиб, давлат солиқ инспекциясининг талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида тўғри хулосага келган.
Кассация шикоятида билдирилган текширишда Сайхунобод тумани, Сайхун қўрғони, К.Муродов кўчасида жойлашган «SAYXUN SAIDBEK MANSUROV SAVDO» масъулияти чекланган жамиятига қарашли 2-сонли савдо дўкони сотувчиси дўконда терминал бўла туриб, пластик карточка орқали савдо қилмаслигини харидорга айтганлиги аниқланганлиги ҳақидаги важи билан келишиб бўлмайди. Чунки, савдо қилиш вақтида электр энергияси бўлмаган, пластик карточка орқали тўловни амалга оширишнинг иложи бўлмаган, бу ҳолат туман электр тармоқлари корхонасидан олинган маълумотнома билан исботланган, жамият томонидан харидорнинг хоҳишига кўра савдо нақд пулга амалга оширилган ва унга тенглаштирилган квитанция ёзиб берилган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.