Анонслар
“Huquq va burch” ижтимоий-ҳуқуқий журналининг 2013 йил 10-сони нашрдан чиқди.
05.11.2013

 

Бугунги шиддат билан ўзгараётган глобаллашув жараёнида, давлатлараро зиддиятлар кучаяётган, ер юзининг турли нуқталарида янги низо ўчоқлари пайдо бўлаётган бир даврда тинчлик, осойишталикнинг аҳамиятини оддийгина жумла билан ифодалаб бўлмайди. Уруш, нотинчлик ва таҳдидлар бугун бирон бир давлат ёки минтақа билан чегараланиб қолаётгани йўқ. У бутун дунёга хавф солмоқда. Биргина мисол: қўшни Афғонистондаги ўттиз йилдан зиёд давом этаётган уруш Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликка энг катта хавф-хатар бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Иброҳим Норматовнинг “Тинчлик қадри” номли мақоласида юқоридаги мавзу ҳамда қонунларда ифодаланган йўлдан оғишмай боришнинг аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳаза юритилади.
Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ Сафоев билан уюштирилган “Экологик мувозанат минтақа истиқболини белгилайди” сарлавҳали суҳбатда атроф-муҳит билан боғлиқ трансчегаравий муаммолар, Тожикистон алюминий компаниясининг минтақа табиатига, одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсири, уни бартараф этиш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз боради.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларнинг малакали эксперт тадқиқотларига бўлган эҳтиёжи кундан-кунга ортиб бормоқда. Чунки фан-техника ютуқларидан самарали фойдаланиш жиноятларни тез фурсатда фош этиш, одил судловни таъминлашга хизмат қилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2012—2015-йилларда Республика суд экспертизаси марказини ривожлантириш дастури айни шу мақсадга қаратилган. Дастур соҳага илм-фан ютуқларини фаол жалб этиш, суд экспертизаси кўламини кенгайтириш билан бир қаторда 2013—2015-йилларда ДНК маълумотлар базасини яратишни ҳам кўзда тутади. Республика суд экспертизаси маркази директори ўринбосари Учқун Узоқовнинг “ДНК маълумотлар базаси” номли мақоласида жорий этилаётган янгиликларнинг мазмун-моҳияти очиб берилган.
Юртимиз оммавий ахборот воситаларида ҳар йили октябрь ойида тил мавзуси бошқа пайтдагига қараганда кўпроқ ёритилади. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана муносабати ўтказилаётган тадбирлар, зиёлиларнинг чиқишлари, умуман олганда, миллий бойлигимизга бефарқ бўлмаган инсонларнинг фикр-мулоҳазалари омма эътиборига ҳавола этилади. Журналнинг ушбу сонида чоп этилган “Тилнинг нуфузи миллат нуфузи” сарлавҳали давра суҳбатида ўзбек тилининг софлигини сақлаш, уни янада бойитиш учун эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар атрофлича таҳлил этилган.
Бундан ташқари, “Мавлуда Аҳмадшоева: “Ҳалол меҳнат ва пок виждон менга қўш қанот бўлди”, “Ўзбекистонда сайёҳлик истиқболлари”, “Фуқаролар мурожаати эътибор ва масъулиятни талаб этади”, каби мақолаларда қаламга олинган долзарб, огоҳликка чорлайдиган мавзулар ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.