Бу қизиқ
Дунёдаги энг ғаройиб ҳайкаллар
04.11.2013

 

Одамзот қадим замонлардан бери ўзи яратган сон-саноқсиз ҳайкаллар билан ёнма-ён яшайди. Уларнинг орасида жаҳонга машҳур санъат дурдоналари ҳам, ғаройиб ва, ҳатто, ғалати ҳайкаллар ҳам учрайди. Қуйида Ердаги энг ғаройиб ҳайкалларни тақдим этамиз.
1.   «Орзу», Сент-Хеленс, Буюк Британия
Улкан оқ бош кўринишидаги ушбу ҳайкал муаллифи – испаниялик ҳайкалтарош Жауме Пленса. Унинг “Орзу” деб номланган баландлиги қарийб 20 метрни ташкил этувчи ҳайкали Сент-Хеленс шаҳар кенгашининг илтимосига кўра 2009 йилда дунё юзини кўрди. Шаҳарликларнинг сўзларига кўра, ҳайкал “маҳаллий жамиятнинг орзу-умидларини акс эттиради”.
Айтгандай, худди шундай, аммо ўлчами Англиядаги ҳайкалдан бироз кичикроқ бўлган кўзлари ёпиқ 14 ёшли қизчанинг боши кўринишидаги ҳайкални Жауме Пленса Рио-де-Жанейродаги пляжлардан бирида ҳам ўрнатган. 
 
2.   «Саҳро Қўли», Атакама, Чили
Танасини қумдан чиқариш учун саҳрони ковлаётгандай кўринувчи улкан бармоқлар ҳайкалини чилилик ҳайкалтарош Марио Ираррасабаль ўйлаб топди ва яратди.
Марио муаллифлигидаги шунга ўхшаш иккита ҳайкал АҚШ ва Уругвайда ҳам бор.
3.   «Тотем», Лёвен, Бельгия
Ушбу ҳайкал Лёвен католик университети ташкил этилганлигининг 575 йиллиги шарафига яратилган. “Тотем” муаллифи бельгиялик ҳайкалтарош ва рассом Ян Фабр. Ушбу ҳайкал деярли 25 метр келадиган нинага ўтқазилган улкан қўнғиз кўринишида бўлиб, Фабрнинг ғоясига кўра у “университет ва шаҳарнинг тадқиқотчилик руҳини” акс эттириши керак. 
4.   «Озимандис текисликларда», Техас штати, АҚШ
Ушбу ғалати ҳайкал, аниқроғи иккита оёқ Техасда америкалик миллионер Стэнли Марш учинчининг хоҳиши бўйича 1997 йилда пайдо бўлган.
Ҳайкал чуқур фалсафий маънони англатади. Унинг ғояси 19 асрда яшаб ижод қилган буюк инглиз шоири Перси Шеллининг “Озимандис” шеъридан олинган. Унда ҳайкалларни яратишдан маъни йўқлиги ҳақида сўз боради. 
Монументга ўрнатилган ҳазил мемориал доскада Шелли бу шеърни ушбу “харобани” кўрганидан кейин ёзгани битилган. Албатта, бундай бўлиши мумкин эмас, чунки ҳайкал яратилганига ҳали 20 йил ҳам бўлгани йўқ.
«Озимандис» муаллифи — рассом Лайтинг Макдафф, оёқдаги «пайпоқлар»ни эса кейинчалик номаълум ҳазилкашлар чизиб қўйган. 
 
5.   «Онахон», Оттава, Онтарио (бошқа жойларда ҳам бор).
Америкалик машҳур ҳайкалтарош ва рассом Луиза Буржуа яратган композиция 9 метр келадиган она ўргимчак ва 26 та мармар ўргимчак тухумларидан иборат. Илк бор бундай монумент 1999 йилда “Tate Museum of Modern Art” – Британия замонавий санъат галереясида пайдо бўлган.
«Ушбу ўргимчаклар онамга бағишланган. Онам чевар эди, оиламиз гобеленларни тиклаш ва яратиш билан шуғулланган. Онам ҳам ўргимчаклар сингари жуда ақлли эди, у ўргимчаклар зарарли ҳашоратларни йўқ қилганидай, менга доим ёрдам берарди ва ҳимоя қиларди. Онам энг яқин дўстим эди», — дейди рассом. 
6.   «Мазингер Зет», Мас-дель-Плата, Испания
«Мазингер Зет» — бу жанговар роботлар ҳақидаги япон комикслари ва мультфильмларидир. У 1972 йилда рассом Го Нагаи туфайли дунё юзини кўрган. Айтиш жоизки, “жанговор роботлар” ишқибозлари бутун дунё бўйлаб яшайди, хусусан, Каталонияда ҳам: бу ерда қурилаётган Мас-дель-Плата қўрғонида 1978 йилда 12 метр келадиган ҳайкал барпо этилди, бироқ қўрғон қурилиши маблағлар йўқлиги туфайли якунланмади. «Мазингер Зет» эса бутун дунёдан аниме ва манги мухлисларини жалб этган ҳолда, ҳамон турибди. 
7.   «Тараск», Тараскон, Франция
Афсонага кўра Тараск даҳшатли мавжудот, яъни айиқ, аждар ва тошбақа гибриди бўлган. Ушбу махлуқ кўп асрлар олдин Нерлук қишлоғига ҳужум қилиб келган. Бироқ кейинчалик уни юраги тоза ва меҳрибон Марта исмли қиз қўлга ўргатиб олади ва уни қишлоқдошларининг ёнига олиб келади. Аммо одамлар уни ўлдиради. Шундан кейин қишлоқни унинг номи билан атай бошлашади, Мартани эса Авлиё деб эълон қилишади.
2005 йили ҳайкалтарош Паскаль Демомон ушбу афсона шарафига Тараск махлуқини акс эттирувчи ҳайкални яратди. Ҳар йили ушбу ҳайкал ёнида шаҳарга ўз исмини берган махлуққа бағишланган байрам тадбирлари ўтказилади.
8.   «Омар Микки», Бостон, Массачусетс штати, АҚШ
Рассом Бриэна Роулетнинг икки метрлик ғалати асари «The Walt Disney Company» томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида пайдо бўлган. Мазкур лойиҳа давомида 75 нафар рассом Дисней мультфильмларининг машҳур қаҳрамони Микки Мауснинг ўз талқинини тақдим этди. Улар Қўшма Штатларнинг бир нечта шаҳарларида ўрнатилди. Ҳайкаллар у ёки бу аҳоли пунктининг ўзига хос хусусиятини акс эттириши керак эди.
Бизнинг рассом Бостон блан боғлиқ денгиз маҳсулотларидан бошқа ҳеч нарсани эслай олмаган бўлса керак, чунки у Микки Маус ва омарларни ягона ҳайкал композициясига бирлаштиришга қарор қилади.