Бу қизиқ
Сурхондарёлик Жумонгнинг исми ўзгартирилди
04.11.2013

 

Ўғлига Жумонг деб исм қўйган қумқўрғонлик ота боласининг исмини ўзгартиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда «Оила даврасида» газетаси хабар бермоқда.
Газетада 21 октябрь – Давлат тили кунига бағишлаб чоп этилган мақолада қайд этилишича, 2012 йили Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида истиқомат қилувчи бир йигит ўзининг илк фарзандига Жумонг деб исм қўйишга қарор қилган. Жумонг – ўз вақтида Ўзбекистон телеканаллари орқали намойиш этилган тарихий корейс сериалидаги қўмондон – бош қаҳрамон исмидир.
«Қариндош-уруғ ва дўстларнинг қаршилиги, айримларнинг масхарасига қарамай, гувоҳномага Жумонг деб ёздириб келди», – дейди йигитнинг қишлоқдошларидан бири Хайрулло Бобонов. Унинг қўшимча қилишича, шу исм сабаб йигитнинг ота-онаси билан ўртасида совуқчилик тушган, оиласидан жанжал аримай қолган, чақалоқ ҳам тез-тез касал бўла бошлаган.
Хайрулло Бобоновнинг қўшимча қилишича, чақалоққа ўзбекча исм қўйилганидан сўнг «барчаси изига тушиб кетган». Болага айнан қандай исм қўйилгани ҳақида маълумот берилмаган.
Маълумот ўрнида, ўз фарзандига Жумонг, бундан ташқари, бошқа телесериал, фильм ва хорижий спортчиларнинг исмларини қўйиш ҳолатлари Ўзбекистонда авваллари ҳам қайд этилган. Жумладан, 2008 йили Тошкент шаҳридаги ФҲДЁ органлари томонидан ўзбек миллатига мансуб болаларга Эсмеральда (Мексика сериали бош қаҳрамони), Камилла (Мексика сериали бош қаҳрамони), Алия (Туркия сериали бош қаҳрамони), Жумонг каби исм қўйилиши ҳолатлари қайд этилган.