Детектив
Тўрт девор орасида
01.11.2013

 

– Қотилликдан ҳам оғир жиноятлар­ бор, – деди кулранг костюм кийган пакана киши. – Электр курсисидан баттарроқ жазолар ҳам йўқ эмас.
Нотаниш кимсалар доим менга ҳар хил воқеаларни гапириб беришади. Бар, ресторан ёки поездда уларнинг бири-биридан ажабтовур ҳикояларини­ тинг­лаганман. Лекин ўша куни гап бошлаган кулранг костюмли киши бего­налар билан бемалол гурунглашаверадиган улфат одамга ўхшамасди. Унинг оқ оралаган соқоли бужмайган оғзини тўсиб турар, кўзига қалин гардишли кўзойнак таққанди. Барменга яна пиво буюрганимда телевизор яқинида ўтирганлар ўлим жазосини муҳокама қилишаётганди. Ораларидан кимдир бу жазо ҳозирги замонга – инсоният эришган бугунги тамаддунга мос келмаслигини атрофдагиларга уқтирди.
– Тамаддун? – деди ёнимда ўтирган кулранг костюмли энсаси қотиб. – У ўзи нима? Уч-тўртта билағон ўйлаб топган сохта дунёми? Одамзод ёввойилигича қолган, оғайни. Аввал тоғдаги ғорда яшардик, энди жиҳозланганида яшаяпмиз, тамом-вассалом. Сабаб топилди дегунча ҳайвондан фарқ қилмаслигимизни кўрсатиб қўямиз.
У стаканидаги ях солинган ароқдан ҳўплади.
– Мисол учун Мортонни олайлик. Бу дунёда Мортондан маданиятлироқ одамни топиш қийин эди, мен сизга айтсам. Бутун умр қонуну ахлоқ доирасидан четга чиқмаган, мусиқа ва санъатни ардоқлаган, қўй оғзидан чўп олмаган сахий киши. Мортон инглиз, инглиз халқи эса унча-мунчага пинагини бузмайдиган оғир-вазмин халқ. Еру кўкка ишонмаган арзанда қизи Люсигина Мортондаги меҳрни юзага чиқара оларди. Қизи ҳаётининг мазмуни эди.
Кунлардан бир куни Люси ўзини сувга ташлаб жонига қасд қилди. Бошига тушган жудоликдан гангиб қолган Мортон кўп ўтмай қизининг ўлимида бегона бир эркакнинг айби борлигини билди. Шундан сўнг унинг юрагидаги азоб ўрнини нафрат эгаллади. У ҳали бирор марта бунчалик кучли нафратни ҳис қилмаганди.
Люсининг ўлимида айбдор йигитнинг исми Дэвис эди. Бўйи олти фут келадиган бу спортчи йигит қиз билан коллежда танишган, Люси уни қаттиқ севарди. Қизнинг ўз жонига қасд қилишига Дэвиснинг хиёнати сабаб бўлди.
 
* * *
Аҳмад Отабоев томонидан рус тилидан ўзбек тилига таржима қилинган Эндрю Бенедикт қаламига мансуб ушбу ҳикоянинг давомини "Huquq va burch" журналининг 2013 йилдаги 10-сонида ўқишингиз мумкин.