Интервью
Экологик мувозанат минтақа истиқболини белгилайди
01.11.2013

 

Инсониятни жиддий ташвишга солаётган глобал муаммолар қаторидан ўрин олган атроф-муҳит муҳофазаси ва экологияга доир муаммолар халқаро муносабатлар объектига айланиб улгурди. Тараққийпарвар давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг бу борада ҳамкорликка интилиши кучайиб бормоқда. Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ САФОЕВ билан мазкур йўналишда Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ютуқ ва муаммолар ҳақида суҳбатлашдик.
 
— Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, трансчегаравий муаммоларни барта­раф этиш орқали экологик барқарорликни таъминлаш бугун инсоният олдида тур­ган муҳим вазифалардандир.­ Минтақамизда бар­қа­рор тараққиётга эришиш кўп жиҳатдан мазкур муам­мо­ларнинг самарали ҳал эти­лиши билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Содиқ Солиҳович, Сизнинг­ча, бу жараёнда қандай омилларга таяниш мақсадга мувофиқ?
— Экология муаммоси ўз­ долзарблиги жиҳатидан бошқа ҳар қандай глобал муаммолардан-да жиддийроқ аҳамият касб этиб бормоқда.­ Экологик муаммоларга ечим топишда, унинг қамровидан қатъи назар, икки муҳим омилни чуқур англаш зарур.­
Авваламбор, бугунги кун­да жаҳон ҳамжамияти иқтисодий ўсишнинг ўзигина жамият учун асосий мақсад бўла олмаслигини, у тараққиётнинг бор-йўғи бир во­ситаси эканини англаб етди. Бирлашган Миллатлар­ Ташкилоти томонидан тарақ­қиётнинг асосий мезони сифатида расман тан олинган «Инсон салоҳиятини ривож­лантириш концепцияси»га биноан жамият ривожланишининг марказида аввало инсон, унинг эҳтиёжлари турмоғи лозим. Бу эса, биринчи навбатда, саломатлик, фаровон ҳаёт, келажак авлод истиқболи демакдир. Бу, Президентимиз Ислом ­Каримов таъриф берганидек,­ биз барпо қилаётган — олий қадрияти инсон­ манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари бўлган жамият­нинг мазмун-моҳиятини ташкил этади.
Иккинчидан, ҳар қандай минтақавий муаммо ўз вақтида ҳал этилмаса, глобал тус олиши мумкин. Бу минтақавий ва трансчегаравий экологик муаммоларга ҳам тегишли.
Муайян минтақа табиати яхлит, бир бутун организмдир. Уни геосиёсий ўйинлар, бошқа давлатларга таъсир ўтказиш воситаси ёки шафқатсизларча фойдаланиш эвазига даромад олиш манбаига айлантириш мумкин эмас. Бу — калтабин сиёсат. Табиатга салбий таъсир этувчи лойиҳаларни амалга ошириш минтақада жойлашган барча давлатлардаги экологик вазиятни из­дан чиқаради, олинадиган мо­лиявий фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради.
Бундай ёндашув нафақат Ўзбекистонга, балки халқаро­ ҳамжамият, минтақавий ва халқаро ташкилотлар, барча­ тараққийпарвар давлатларга хос ёндашув саналади.
 
— Тараққиётнинг бугунги суръати барча давлатлар зиммасига табиатдан оқилона фойдаланиш, қай­та тиклаб бўлмайдиган йўқотишларнинг олдини олиш каби долзарб вазифа­ларни юкламоқда. Хўш, мамлакатимизнинг минтақадаги экологик хавфсизликни таъминлаш борасида­ амалга ошираётган чора-тадбирлари хусусида нима­лар дейиш мумкин?
— Бугун Ўзбекистон ри­вож­ланиш масалаларини ком­плекс равишда ҳал этиш самарадорлигини амалда на­мойиш қилмоқда, БМТнинг экология соҳасидаги конвен­цияларини амалга оширишда­ ҳам фаол иштирок этмоқда.­ Энг аввало, табиий­ ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир халқаро нормаларга мос миллий ҳуқуқий база яратилди.
Ўзбекистоннинг Рио декларациясини имзолагани, Иқ­лим ўзгаришлари конвенция­си, Киото протоколи, Монреал протоколи, Чўлланишга қар­ши кураш бўйича БМТ конвенцияси, Биологик хилмахиллик тўғрисидаги конвенция, Базель, Бонн, Рамсар конвенциялари ва атроф­-муҳит муҳофазасига доир бош­қа кўплаб халқаро шарт­номаларга қўшилгани, мажбуриятларини бажариб келаётгани, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид 30 дан зиёд қонун ва 300 дан ортиқ бошқа меъёрий ҳужжат қабул қилингани юртимизда атроф-муҳит­ муҳофазаси ва барқарор та­раққиёт соҳасида олиб бори­лаётган ишлар салмоғидан дарак беради.
Ўзбекистон Оролбўйидаги муаммоли вазиятни юмшатишга қаратилган Марка­зий Осиёдаги атроф-муҳит­ муҳофазаси бўйича мин­тақавий ҳамкорлик жараёнларида фаол қатнашмоқда. Табиатни муҳофаза қилишга оид давлат дастурлари, миллий ҳаракат режалари ҳаётга татбиқ этилаётир. Бу жараёнда жамоат­ ташкилотларининг иштироки йил сайин кучайиб бормоқда.
Амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил чо­ра­-тадбирлар натижасида сўнг­ги йилларда атмосфера­га­ зарарли моддаларни чиқа­риш 2 баробар, оқава сувларнинг ифлосланиши 2,2 баробар камайтирилди. Қиш­лоқ­ хўжалигида пестицидлардан фойдаланиш кескин қисқартирилди. Саноатга эко­логик хавфсиз технологияларни кенг жорий этиш, тозалаш қу­рилмаларини модернизация қилиш изчил давом этмоқда.­
Бироқ минтақамиздаги бир қатор жиддий трансчега­равий экологик муаммолар вазиятнинг тубдан ўнгланишига салбий таъсир кўр­сатмоқда.
 
— Дарҳақиқат, Марказий Осиёда ечимини кутаётган экологик муаммолар ҳақида кўп гапириш мумкин. Шулардан бири Тожикистон алюминий компанияси фаолияти билан боғлиқ...
— Ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан минтақамиз экологиясига жиддий таҳдид сола бошлаган Тожикистон алюминий заводи ҳамон атроф-муҳитни заҳарлашда давом этмоқда. Завод 2007 йилдан «Талко» давлат унитар корхонаси (Тожикистон алюминий компанияси) деб юритила бошлаганида минтақа аҳолиси корхона фаолиятида ижобий ўзгаришлар юз бериши­ни кутган эди. Бироқ бундан кўзланган мақсад фақат­ заводнинг рейтингини кўтариш, Тожикистон алюминий тармоғининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, компанияга тузилмавий ўзгаришлар киритиш экани аён бўлди. Ишлаб чиқариш технологияси эскирган, самарасиз тозалаш тизимидан фойдаланиб келаётган корхона ҳар йили атмосферага 22-23 минг тоннага яқин ифлослантирувчи моддаларни, жумладан, 200 тоннадан ор­тиқ ўта хавфли, инсон сало­матлиги ва атроф-муҳит учун зарарли бўлган фторли­ водо­родни чиқариб ташламоқда. Ана шу зарарли­ моддаларнинг катта қисми ҳаво оқими билан теварак-атрофга, жумладан, Ўзбекис­тон­нинг Денов, Сариосиё, Узун ва бош­қа туманлари ҳудуди­га­ ўтиб, минтақанинг минг йил­лар давомида шакл­ланган экотизи­мини издан чиқариб, бу ҳу­дудда яшаётган 1 миллионга­ яқин инсоннинг соғ­ли­ғига жиддий хавф солмоқда.
Бугунги кунда «Талко» фао­лияти натижасида Сурхондарё вилоятининг шимо­лий туманлари ҳудудида ат­мосферадаги фторли водо­род­нинг миқдори йўл қўйила­диган энг юқори концен­тра­циядан ўрта ҳисобда 1,8-2­ баравар, ёз ойларида эса ҳат­то 3-4 баравар ошиб кетаяпти.­
Мазкур ҳудуд иқтисодиё­ти издан чиқиб, қишлоқ хў­жалигига жуда катта зарар етаяпти. Атмосфера, тупроқ, сувнинг ифлосланиши натижасида боғлар барбод бўл­моқда, экинларнинг ҳосилдорлиги кескин пасайиб кетмоқда. Олинаётган ҳосил, масалан, мева ва сабзавотлар таркибида фторидлар тўпланиши йўл қўйиладиган энг юқори концентрациядан 11-19 баравар, буғдойда 5-6,5 баравар юқори.
Чорвачилик ҳам таназзул­га юз тутди. Тадқиқотлар на­тижаси сут таркибидаги фтор нормадан 9-13 баравар,­ гўштда 10,9 фоиз юқори эканини кўрсатмоқда.
Қўмитамиз томонидан му­тахассисларни жалб этган ҳолда ўтказилган ўрганиш шуни кўрсатдики, алюминий­ заводининг чиқиндилари аҳо­ли, биринчи навбатда, аёллар­ ва болалар ўртасида турли сурункали касалликларнинг кўпайишига асосий сабаб бўл­моқда. Маълумотларга кў­­ра­ «Талко» алюминий ишлаб­ чиқаришни 517 минг тоннага­ча кўпайтиришни режалашти­раяпти. Бу эса ҳаво­га чи­қа­рилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори 35-40 фоиз кўпайишидан, минтақадаги экологик вазиятнинг янада оғирлашишидан дарак беради.­
Гап инсонлар тақдири ҳақида кетмоқда. Кимдир олинаётган даромаднинг бир қисмини эскирган тозалаш ускуналарини алмаштиришга йўналтиришни истамаётгани учун оддий одамлар, аёллар ва болалар жабр чекмоқда. Буни шу йилнинг 20—21-август кунлари Тошкентда бўлиб ўтган «Тожикистон «Талко» давлат унитар корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экология­га ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсирни бартараф этиш чоралари» мавзусидаги халқаро семинарда баён этилган фикр­лар ҳам яна бир бор исботлади.
Анжуманда қайд этилгани­дек, минтақада фаровонликни таъминлашнинг энг му­ҳим омили ишлаб чиқариш кучларини ривожланти­ришда экотизим тамойилларини татбиқ этишдир. Бу та­мойиллар трансчегаравий характерга эга бўлган ҳар қандай иқтисодий масалага оид қарорни қабул қилишда­ барча давлатлар ва бутун мин­тақанинг манфаатлари ҳи­собга олинишини тақозо қилади.
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Денов, Узун ва бошқа туманларида бўлиб, «Талко» фаолияти табиий муҳит ва одамлар саломатлигига қанчалик зарар етказаётганини ўз кўзлари билан кўриб, ишонч ҳосил қил­ган қатнашчилар қолоқ технологиялар асосида, экологик­ меъёрларга риоя этилмасдан қурилган мазкур завод фаолияти минтақада минг йиллар давомида шакл­ланган экотизимга, аҳоли генофонди, ўсимлик ва ҳайвонот оламига катта хавф туғдирмоқда деган қатъий тўхтамга келишди.
 
— Ўзбекистон Олий Маж­лиси Сенатининг 23 ав­густ куни қабул қилинган «Тожикистон «Талко» ДУК корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экологияга ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъ­сирни бартараф этиш чоралари тўғрисида»ги Қа­рори кенг жамоатчилик эътиборини яна бир бор шу­ муаммога қаратди. Хал­қаро ташкилотлар томонидан минтақамиздаги вазият хусусида жиддий хулосалар билдирилаётган бир пайтда, мазкур қарорга нисбатан Тожикистон парламенти ва ҳукумати, «Талко» ДУК мутасаддилари томонидан билдирилаётган эътирозлар қанчалик ўринли?
— Сенатнинг мазкур қа­ро­­рида келтириб ўтилган факт ва рақамлар бу борада­ ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайди.
Ўзбекистон томони доимий равишда мурожаат қилаётган бўлишига қарамай, То­жикистон томонидан хал­қа­ро­ ҳуқуқий ҳужжатларнинг та­­лаблари, жумладан, Атроф­-муҳит ва ривожланиш бўйича­ декларациянинг (Рио-де-Жа­нейро, 1992 йил 14 июнь) қои­­­далари, шунингдек, икки то­монлама битимлар доираси­да қабул қилинган халқаро­ маж­буриятлар бажарилмаётир.
1991 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон парламентлари депутатлик гуруҳлари қўшма мажлисида қабул қилинган, заводнинг ишлаб чиқариш қувватларини қисқартириш, «Сурхон ва Ҳи­сор воҳаларида истиқомат қилаётган миллатлар вакилларини экологик ҳалокатдан­ асраб қолиши» керак бўлган тадбирларни рўёбга чиқариш назарда тутилган қарор бажарилмай қолиб кетди.
1994 йил 17 ноябрдаги «Тожикистон алюминий заводининг салбий таъсир зонасидаги экологик вазиятни яхшилашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро битими ҳам бажарилмади.
Шунингдек, атроф-муҳитни ифлослантириб, минтақа­даги экологик вазиятни мушкуллаштиришга чек қўйишга чақираётган халқаро жамоатчилик, экологик ташки­лотларнинг талаблари умуман эътиборга олинмаётир.
«Талко» чиқиндилари ту­файли вужудга келган экологик вазиятни ўз мажлисида кўриб чиққан Бельгия парламентининг аъзолари, Латвия парламентининг депутатлари, БМТ атроф-муҳит бўйича дастурининг (ЮНЕП), Европа ва Осиё­даги бир қатор экологик жамоат ташкилотларининг экспертлари билдирган салбий фикрлар, 2012 йилда Жаҳон банки шафелигида ўтказилган аудиторлик текширувларининг материаллари ҳам «Талко» асосий ишлаб чиқариш техникасининг ресурслари тугагани, ускуналарнинг табиий эскириши юз бергани, асосий ишлаб чиқаришни модернизация қилиш тугалланмагани, унинг хавфсизлиги ва экологик жиҳатдан тозалиги таъминланмаганидан далолат беради.
Шунга қарамай, Тожикис­тон томонидан турли даражаларда тақдим этилаётган материалларда, жумла­дан, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мурожаатига Тожикис­тон парламенти қуйи палатаси раҳбариятининг 2013 йил 10 июндаги жавобида экология, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш соҳаларида вужудга келаётган оғир вазият инкор этилади. Ваҳо­ланки, мус­тақил экспертларнинг материалларида қайд этилаётган амалдаги ҳолат, шунингдек, Тожикис­тон эпидемиология ва гигиена илмий-тадқиқот институти, профилактик тиббиёт илмий-тадқиқот институти каби нуфузли институтлар томонидан олиб борилган изланишлар ҳам «Талко» чиқин­диларининг таъсир зонасида вазият оғирлашиб бораётганидан далолат беради. Мисол учун, Турсун­зода тумани, Ҳисор водийси­даги текширувдан ўт­ган катта ёшли аҳолининг умумий касалланиши, шунингдек, бола­ларда флюороз тар­қалиши, аҳоли пунктининг «Талко» ДУКдан қай даражада узоқда жойлашувига қараб 2001 йил ҳолатига кўра 46 фоиздан 16,1 фоиз­гача ўзгариши аниқланган. Турсунзода туманида­ болалардаги туғма аномалия­лар Тожикистоннинг бошқа ҳудудларидагига қараганда уч баравар кўп учрайди.
Тожикистоннинг ҳам, Ўз­бекистоннинг ҳам экологияси ва аҳолиси соғлиғига катта зарар етказаётган кенг кўламли муаммога бундай муносабатни нормал деб ҳисоблаб бўлмайди.
 
— Маълум бўладики, «Талко» фаолиятидан нафақат юртдошларимиз, балки Тожикистон, хусусан, Турсунзода тумани ва унга қўшни ҳудудлар аҳолиси ҳам азият чекмоқда. Оммавий ахборот воситаларида, интернетда ушбу вазият Тожикистонда ҳам кенг жамоатчилик, зиёлиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани айтиб ўтилади.
Дунёнинг турли минтақаларида экоиндустрия шаклланиб бораётган бир даврда муддатини ўтаб бўлган технологияни янгилаш, замонавий, экологик хавфсиз тозалаш ускунала­рини жорий қилиш наҳотки шунчалик қийин бўлса? Ёки бу корхона салоҳияти етмайдиган маблағни талаб қиладими?
— Эътибор берадиган бўл­сак, бугунги кунда дунё бўйича йилига 45 млн. тонна, жумладан, Хитойда 18 млн., Россияда 4 млн., Канадада 3 млн., Австралияда 2 млн., АҚШда 2 млн. тонна алюминий ишлаб чиқарилади. Биргина Норвегиянинг ўзида йилига Тожикис­тон­дагига нисбатан уч баравар кўпроқ алюминий тайёрлана­ди. Аммо ҳеч қаерда табиатга, атроф-муҳитга Тур­сунзода шаҳридаги завод кўрсатаётгани каби салбий таъсир қайд этилмаяпти. Ўз-ўзидан равшанки, муаммонинг негизида замонавий тозалаш ускуналарини ўрнатиш ва улардан тўғри фойдаланиш ётади.
Тожикистон Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлигининг маълумотларига кўра «Талко» бу йил қарийб 290 минг тонна алюминий ишлаб чиқаради. Алюминийнинг жаҳон бозоридаги нархи ҳамда «Талко» маҳсулотининг 98 фоизи экспорт қилиниши инобатга олинса, заводнинг кутилаётган тушумлари тахминан 600 млн. АҚШ долларини ташкил қилади. Айни пайтда энг қиммат тозалаш ускуналарининг нархи ҳам бу суммадан анча арзон.
Савол туғилиши табиий: алюминийдан олинаётган да­ромад инсон ҳаётидан устун­ қўйилаётганига, инсон ҳу­қуқлари поймол қилинаётганига, юз минглаб одамлар азобда яшаётганига, тоза ҳаво ва сув, саломатликдан жудо бўлганига бефарқ қараб туриш мумкинми?
19 август куни Буюк Британиянинг «Earth Times» нашри «Талко» бугунги кунга келиб Тожикистон ва унинг қўшнилари ҳудудида атроф-муҳитнинг энг йирик ифлослантирувчисидир. Унинг ёпилиши хайрли иш бўлиши аниқ» деб ёзгани бежиз эмас.
 
— «Марказий Осиё мин­тақасида турли сиёсий, иқ­тисодий, ҳарбий, транспорт­га ва экологияга оид муам­молар тўпланиб қолган, — деб ёзган эди бундан қарийб ўн олти йил аввал Президент Ислом Каримов «Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари­ ва тараққиёт кафолатлари» асарида. — Шуни на­зарда тутадиган бўлсак, бутун минтақанинг собит­қадам ва барқарор ривожла­нишини таъминлаш ҳам­да можароли вазиятларнинг ол­дини олиш учун ҳозирги кун­да ички ва таш­қи мувозанатни сақлаш ва қўллаб-қувватлашгина бирдан-бир мақбул тамойилдир».
Демак, минтақа истиқболи ҳар жиҳатдан шу за­мин халқларининг иродаси, давлатлари юритаётган сиёсатга боғлиқ. Жумладан,­ бугун муҳокама этилаётган муаммо ечими ҳам... 
— Республикамизнинг таш­қи сиёсий фаолияти концепциясида қайд этилганидек, Ўзбекистон халқаро фао­лиятининг устувор йўналиши Мар­казий Осиё минтақасидир. Мамлакатимизнинг манфаатлари шу минтақа, ундаги давлатлар, жумладан, Тожикистон билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Ўзбек ва тожик халқларини асрлар давомида ўзаро ҳурмат ва ишонч ришталари боғлаб келган. Юртбошимиз ҳам кўп бора таъкидлаганидек, дунёда ўзбегу тожик каби бир-бирига яқин бўлган, ўзаро туташиб кетган бошқа­ халқ­лар йўқ.
Ўзбекистон Тожикистон билан муносабатларда доимо­ очиқ, дўстона сиёсат юритиш тарафдори бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Барча муаммолар ўзаро манфаатларни ҳисобга олган­ ҳолда мулоқот ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилишини ёқлайди.
Умид қиламизки, Тожикистон ҳукумати ва парламенти «Талко» фаолияти оқи­батида экологияга, инсонлар­ саломатлиги ва ҳаётига етаётган зарарни тўхтатиш бўйича зарур чораларни пайсалга солмай амалга оширади.
Шавкат ЁДГОРОВ
суҳбатлашди