Анонслар
“Huquq va burch” журналининг август сони
05.09.2012

  “Huquq va burch” ижтимоий-ҳуқуқий журналининг 2012 йил 8-сони нашрдан чиқди. Унда истиқлол шарофати билан мамлакатимизда амалга оширилган тарихий ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилувчи мақолалар ўрин олган.

Хусусан, филология фанлари номзоди Султонмурод Олимнинг “Истиқлол журъати ва суръати”, Шуҳрат Ризаевнинг “Тақдиримсан, бахтимсан, эркин ва обод ватан!”, Абдували Қутбиддиновнинг “Тинчлик ҳақида ўйлар”, Луқмон Бўрихоннинг “Мулкли, эркли, кўркли!”, Ўзбекистон “Адолат” партияси сиёсий кенгаши раиси Исмои Саифназаровнинг “Юксак ҳуқуқий маданият — жамият пойдевори” номли мақолаларида юртдошларимизнинг онг ва дунёқарашида, ҳаётимизда содир бўлган ўзгариш ва юксалишлар ёрқин мисоллар орқали таҳлил этилади.

Таниқли олим, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидовнинг “Ҳуқуқ ва эркинлар қомуси”, Адлия вазири ўринбосари Отабек Муродовнинг “Қонунийликни таъминлаш — асосий вазифа” номли мақолалари ҳам журналхонлар эътиборини тортади.

Халқимиз ўтган асрда бошдан кечирган синовр, истиқлол учун жон фидо этган миллатдошларимиз номини абадийлаштириш йўлида қилинган эзгу ишлар ҳақида Сирожиддин Аҳмаднинг “Тарихий адолат тантанаси” мақоласида сўз юритилади. “Тарих саҳифалари” рукнида чоп этилган тарих фанлари номзоди Фатҳулла Эргашевнинг “Туркистонда қўриқлаш хизмати” номли мақоласида Туркистондаги жазолаш идоралари тизимидаги жандарм полиция бошқармаси ва Туркистон туман қўриқлаш бўлими — охранка (махфий полиция идораси) фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган.

Журнал саҳифаларида эълон қилинган мақолаларни ўқир экансиз, энг улуғ, энг азиз неъмат — мустақиликка осонликча эришилмаганига, истиқлол фикримиз ва қалбимизни тозалаганига, ўтган йигирма бир йил давомида, ҳеч шубҳасиз, юз йилларга тенг бўлган масофани босиб ўтганимизга яна бир бор иймон келтирасиз.