68 та олий таълим муассасаси талабаларининг билими қайта текширилди
23.10.2013

Республикамизда кадрлар тайёрлаш сифати ва ўқув жараёни самарадорлиги холисона баҳоланишини назорат қилиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, 2013 йил 14 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Республикамиз олий таълим муассалари фаолиятини рейтинг баҳолашни такомиллаштиришга тўғрисида фармойиши эълон қилинди. Унда халқаро тажрибалар, талаб ва стандартларни эътиборга олган ҳолда республикамиз олий таълим муассасаларининг илмий-педагогик фаолиятини рейтинг баҳолашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланган.

Фармойиш ижроси юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан олий таълим муассасалари юқори босқич талабаларининг мутахассислик фанларини ўзлаштириш даражасини аниқлаш мақсадида тест синовлари ўтказилди. Бунинг учун жами 68 та олий таълим муассасасининг ҳар биридан 3 тадан асосий таълим йўналишлари танлаб олинди ва тест синовларига 7811 нафар талаба (танланган йўналишлардаги битирувчиларнинг 43%) жалб қилинди.

 Шу тарзда битирувчи босқич талабалари 3 та мутахассислик фанидан тест синовлари топширишди. Шу билан биргаликда бугунги кунда Давлат тест марказида 2013 йил рейтинги учун олий таълим муассасаларидан маълумотлар қабул қилиш давом этмоқда. Маълумотларни тезкор жамлаш ва таҳлил қилиш мақсадида Давлат тест маркази мутахассислари томонидан махсус компьютер дастури ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий қилиш учун тажрибадан ўтказилмоқда.

Манба: darakchi.uz