Бу қизиқ
Германияда энг катта қовоқ танланди
16.10.2013
 
Германиялик фуқаро Европадаги энг катта қовоқни етиштиришга муваффақ бўлди. Унинг оғирлиги 790 килограммни ташкил этади.
Саксониялик фермер Райнер Ханшманнинг рекорди қовоқларни ўлчаш бўйича Европа чемпионати деб номланувчи Людвигсбург шаҳридаги анъанавий қишлоқ хўжалик фестивалининг ҳайъати томонидан қайд этилди.
Эътиборлиси шундаки, совринли ўринларнинг ҳаммасини германиялик фермерлар эгаллади. Иккинчи ўрин Гессен ерида етиштирилган 760,5 килограммлик қовоққа насиб этди. Фахрли учинчи ўринни эса Баден-Вюртембергда етиштирилган 693 килограммлик сабзавот эгаллади.
Албатта, немис фермерлари ўз ишларидан фахрланиши мумкин, аммо бу борадаги мутлақ рекорд АҚШлик фермерга тегишли. У оғирлиги 911 кг келадиган улкан қовоқни етиштиришга муваффақ бўлган.
Европа чемпионини яна бир машҳурлик куни кутмоқда, чунки 3 ноябрь куни у тантанали равишда кесилади ва уруғлари олинади. Ушбу қовоқ уруғлари келаси йили янада каттароқ рекорд ўрнатиши мумкин бўлган сабзавотни етиштиришга ёрдам бериши мумкин.