Анонслар
«Huquq va burch» журналининг июль сони
03.08.2012

“HUQUQ va BURCH” ижтимоий-ҳуқуқий журналининг 2012 йил 7-сони нашрдан чиқди. Унда қонун ижодкорлиги, суд-ҳуқуқ органлари фаолияти таҳлилига бағишланган мақолалар ўрин олган. 

Юридик фанлар номзодлари Маҳмуд Нажимов ва Шаҳзод Назаровнинг журналнинг дастлабки саҳифаларида эълон қилинган “Фуқаролик жамияти институтлари: уларни қўллаб-қувватлашнинг ўзбек модели” номли мақоласида жамоат бирлашмалари фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонунчилик тизимини шакллантириш борасида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз боради.
Хабарингиз бор, яқинда матбуотда “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Насимжон Алимовнинг “Суғурта бозори такомил ва ривожланиш йўлида” сарлавҳали мақоласида янги қонун мазмун-моҳияти ҳақида фикр-мулоҳаза юритилади. 
“Соҳа фаолиятидан” рукнида ўқувчилар янги таҳрирдаги МЖтК лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича эксперт гуруҳи аъзоси Бекзод Мавлоновнинг “Янги кодекс табиат мусаффолиги кафолатидир”, Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи Бахтиёр Қаюмовнинг “Қонун ижодкорлиги долзарб масала”, Республика суд-экспертиза маркази бошлиғи Саттор Отахўжаев ва марказ етакчи илмий ходими Фаина Бахтиёрованинг “Қалбаки ҳужжатлардан огоҳ бўлинг!”, Тошкент шаҳар прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Мирзоҳид Обидовнинг “Тадбиркорлик — иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили”, Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси Мўмин Астановнинг “Субсидиар ва солидар жавобгарлик”, Вобкент туман прокурори Бурхон Бурхоновнинг “Битирувчилар тақдири суд-ҳуқуқ органлари эътиборида” номли мақолалари билан танишишлари мумкин.
Шунингдек, ушбу сонда журнал мухбирларидан Ҳаким Раҳмоннинг жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг судьяси Аҳадбек Ўлмасов билан “Адолат — эзгулик воситаси” сарлавҳали суҳбати, Маъмуржон Парпиевнинг “Оила — муқаддас қўрғон”, Раҳмат Неъматнинг “Гиёҳвандлик — умр заволи”, Азиз Норқуловнинг “Фарзанднинг нархи қанча?!” номли мақолалари ҳам эълон қилинган.
Маълумки, ўз аъмоли ва ахлоқи, мустаҳкам эътиқоди ва метин иродаси билан жаҳонни лол қолдирган шахслардан бири, шубҳасиз, Маҳатма Гандидир. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Амир Файзулланинг “Адолатнома” рукнида чоп этилган “Маҳатма буюк қалб дегани” номли мақоласида Ҳиндистон миллий озодлик ҳаракатининг буюк раҳбари Мўҳандас Карамчанд Гандининг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.
“Тадқиқот, таҳлил, таклиф” рукнида ҳуқуқшуносларнинг мақолалари чоп этилган.