Суд очерки
Ғаройиб савдо
09.10.2013
 
Сирли йигитлар
Шиддат билан келиб тўх­таган «Зил» машинаси кабинасидан икки йигит бирин­-кетин сакраб тушди. Чўл бу пайтда кимсасиз бўлади. Улардан бири эпчиллик билан машинанинг кузовини очди. Шофёр кўпни кўр­ган бола эмасми, машина ортини яқиндаги дўнгликка тўғрилади. Икки йигит эпчиллик билан машинадаги молларни тушириб, яқиндаги ариқ бўйига қаторлаштириб боғлашди. Шофёр шаҳд билан кузовни ёпди. Жойидан куч билан қўзғалган машина ариқдан ўтаётганда лой аралаш сув сачратиб, йигитларнинг кийимларини расво қилди. Иккаласи ҳам сўкинганича қолди. Машина бир пасда кўздан ғойиб бўлди. Йигитлардан бири шу ерда қолди. Иккинчиси яқинроқдаги қишлоққа йўл олди.
– Фарҳод ака, ҳов, Фар­ҳод ака!
«Ҳозир» деганча ичкаридан чиқиб келган эллик ёшли, чайир бир киши эшикдаги йигитни танимади.
– Мол сотмоқчи эдик! Сиз­ни даллол деб айтишди.­
– Майлику-я, ярим кеча бўлса...
– Пул жудаям зарур бўп қолди. Кечаси телефон қи­либ, «Машинага пул тўланг­лар» дейишди, «Нексия» олмоқчиман. Бизда мол арзон. Шунинг учун ҳам шу ёқ­қа олиб келавердик, оқсоқол. Айбга буюрмайсиз, бе­зовта қилдик.
Фарҳод ака уйга кириб, бир халта пул олиб чиқди. Иккови моллар турган далага етиб боришганида кун ёришиб қолай деган эди. Йигитнинг шериги ариқ бўйида саҳарги шабададан жунжикиб ўтирарди.
Олибсотарлиги билан дов­руқ қозонган Фарҳод аканинг кўзи пишиб кетган эди. Ҳозир ҳам у молларни обдон айланиб, у ёқ-бу ёғини уш­лаб кўрди. Чамалаб, оласини олага, қорасини қорага­ ажратди. Йигитлардан ғунажинларнинг «қочган-қочмаганини», ҳўкизчаларнинг ёшини суриштирди. Йигитларнинг бетоқат бўлаётганини ҳам назардан қочирмади. Бу ҳам унинг фойдасига. Савдони чўзгани сари уларнинг тоқати тоқ бўлишини билгандай гапни айлантираверди. Шу йўл билан молларнинг нархини па­чакилади. Хуллас, унинг га­пига кўра молларнинг ичида «пичоққа илинадигани йўқ». Тонг отгани сари йи­гитлардаги бетоқатлик, ташвиш янада кучайди. Фар­­ҳод ака бундан усталик билан фойдаланиб, нархни пастга ураверди. «Шошаяптими, арзон беради»­ деган фикр ўтди унинг хаёлидан. Савдо пишди. Моллар ярим баҳосига сотилди. Сумка тўла пулни йигитларга берганида, уларнинг ҳовлиқиши даллолни бироз ажаблантирди.
– Санамайсанми? – деб сўради ҳайратомуз.
– Сизга ишонамиз, бой бова!
Бу гап «бой бова»ни эритди чоғи, ростини айтди:­
– Бу ерда бир миллион олтмиш минг сўм кам.
– Ие, бу ёғи қандоқ бўлди?
– Уйимга бирга юрсаларинг, бервораман.
Бу таклиф йигитларга унчалик маъқул бўлмади. Ўзларича нималарнидир пи­чирлашиб, гаплашиб олишди. Улардан бири олибсотар билан бирга борадиган, иккинчиси йўлда кутиб турадиган бўлди.
 
Ўхшатмасдан учратмас
Гулистон. 2012 йил 4 апрель.
Вокзалнинг янги қурилган биноси олдида кира­каш­лар гавжум. Уларнинг «Облбалниса», «Учинчи мик­­рорайон» деган чорлови­ қулоқни қоматга келтиради. Илҳом бир пайтлар ўзи ҳам киракаш бўлганини эслаб, улар томон яқинлашди. Бозор иқтисоди-да. Ми­жозни чақириш керак. Улар инжиқ бўлиб қолган. Сал беэътибор қолдирсанг, насибанг қисқаради. Атрофда рақобатчилар кўп. У энди­гина биттасига ўтираман деганида нарироқда келаётган кимсага кўзи тушди. Жуда таниш. Ким эди-я? Эс­лашга уриниб кўрди. Э-э, бу ўзимизнинг Ғулом-ку! Бақирворишига сал қолди.
«Ғулом!» деган ҳайқириқ ҳалиги йигитни чўчитиб юборди. Эски қадрдони эка­ни­ни билгачгина сал ўзига кел­ди. Қучоқлашиб кўришишди.
– Илҳом, бормисан, жўра?­
– Юрибман, оғайни! «Са­наторий»дан қачон чиқдинг?
– Бир йилча бўп қолди. Номардлар, колонияда олти ой эзғилашди. Ғишт заводида юк ортдим. Кўриб турибсан, бошим омон.
– Бўлди, бўлди. Қўйиб бер­сам, дардингни шу ерда дастурхон қиласан. Юр мен билан. Отам касалхонада. Ғизиллаб кўриб чиқамизу, кейин ўтирамиз. Келишдикми?
– Келишдик.
Улар таксига ўтириб, вилоят шифохонасига боришди. Илҳомнинг отаси яримжон бўлиб қолган, ўғли куйдираверганидан одамлар орасида бошини кўтариб юролмасди. Илҳом отаси билан наридан-бери сўрашди, олиб келган иккита нон, тўртта кабобни тумбанинг устига қўйди. Чол насиҳатини бошлагач, «Кейинроқ келаман» деб баҳона қилди-да, қочди. Йўлма-йўл ўйлаб кетди: «Шу насиҳат деганларини ким ўйлаб топган экан? Жуда жонга тегди-да. Ким кўрса, ақл ўргатгани-ўргатган. Ҳамма нарсани пул ҳал қиладиган замонда насиҳатга бало борми! Пул топиш керак, пул! Маишат қилиб қолиш керак! Ҳаётнинг мазмуни шу-да! Нима қиламан бошимни оғритиб, ҳеч ким «бир сўм пул берай» демайди».
Ташқарида уни «зонадош» дўсти Ғулом кутиб ту­­рарди. Улар яқин атрофда­ги кўчага бурилишди. Ил­ҳом оғайнисига кўзини қи­сиб қўйиб, дарвозани бамай­лихо­тир тақиллатди. Ичкаридан гўзал бир қиз чиқиб келганида Јуломнинг кўзи ўйнаб кетди.
– Келсинлар, келсинлар, бормилар? Юз долларлик пул­дай йўқолиб кетдингиз. Илҳом бойвачча қудуққа тушиб, ғойиб бўлганми деб ўйловдим.
– Бормиз, бормиз, – деди Илҳом оғзининг таноби қочиб.
Улар бу ердан кечга яқин чиқишди. Кайфлари тароқ! Бир-бирини суяшиб, зўрға машинага ўтиришди. Иккала­сининг ҳам чўнтаги бўшаб қол­ганди. Илҳомнинг калла­сида эса яна бир режа пишиб улгурган эди. Бозорнинг орқасига, такси туради­ган жойга ўтишди. Илҳом устамон эмасми, бирпасда таниш «окахон»ини топиб, насияга такси «заказ» қилди.
– Мана, Гулистон тумани, «Истиқлол» сал чапроқда. Шундай даланинг ўртасига ташлайсиз, қайтаверасиз. Пулини эртага икки баравар қилиб оласиз. Мен кафил, ака.
Киракаш дарров кўнди.
 
Улгуржи ўғирлик
Кенг дала бўйлаб кетган тупроқ йўл ичкарилаган сари одамлар ҳам сийраклашди. Қоқ дала ўртасида машинадан тушгач, Илҳом Ғуломга­ ўз режаси ҳақида гап очди:
– Анави молларни кўраяпсанми?
Јуломнинг кўзи эгат четига қатор қилиб боғлаб қўйилган ўндан ортиқ молга тушди.
– Шуларни бугун тинчитамиз!
– Нима деяпсан? – Ғулом қўрқиб кетди.
– Ҳеч ким билмайди, қўрқма. Соат иккигача кутамиз. Таниш машина бор. Эгаси ишончли. Телефон қил­сам, келади. Шундай ор­тамиз-у, кетамиз. Вазифанг фақат харидор топиш.
Ғулом роса иккиланди.
– Хоҳламасанг кетавер, ўзинг биласан, – деди Илҳом. Унинг сўзларидан Ғу­лом «ўзи»га келди. «Катта пул­га сотса бўлади. Шунча пулни ташлаб кетиб бўлмайди» деган хаёл Ғуломга тинчлик бермади.
– Майли, розиман!
– Хўш, қаерга оборамиз?
– Жиззахга, тўғрироғи, Пах­такорга. Танишларим бор.­
Мирзачўлнинг туни ўта сирли, ғаройиб.
 Зовурлар бўйида ўсувчи янтоқ, жинғиллар шохига қўнган чигирткалар чириллаши, типратикан, юмронқозиқларнинг ҳар замон у ёқдан-бу ёққа югуриб қолиши ойдин тунга янада сирли тус беради. Тун яримлаганда чиябўриларнинг увиллаши авжига чиқди. Ҳадемай улар ўлжа илинжида шу атрофда пайдо бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.
Шунинг учун йигитлар гулханга яна ўтин қалашди.­ Жинғил шохи олдин бироз тутаб, кейин чирсиллаб ёниб кетди. Соат иккиларда телефон жиринглади. Машина ҳайдовчиси катта асфальт йўлда адашиб қолганини айтди. Илҳом йўлни тушунтириб юборди. Тахминан ўн дақиқа ўтгач, ўнқир-чўнғир йўл оралаб келаётган «Зил»­нинг бўғиқ овози эшитилди, кейин чироғи кўринди. Моллар кўрсатилган жойга тўхтаган машинага бирпасда­ жойланди. Ғуломнинг кўзи илинган экан. «Манас» пос­тидаги ғўнғир-ғўнғирдан уйғониб кетди.
– Ака, бозорга кетаяпмиз, ўзимизнинг моллар, – дея Илҳом ички ишлар хо­димини бир амаллаб ишонтирди. Юраги така-пука Ғу­ломнинг кўнгли жойига туш­ди. Пахтакор туманига етишгач, машина Јулом кўр­сатган далага бурилди. Мол­ларни туширди-ю, тезда ғойиб бўлди.
– Яқиндаги қишлоқда мен яхши кўрган қиз яшайди. Уйларига келиб-кетиб тураман. Отаси ҳам танийди.­ Ҳозир бориб улардан олибсотар топиб беришни сўрайман. Пуллаймизу, қочамиз.
Ғулом ташаббусни қўлга олди. Илҳомни пойлоқчиликда қолдириб, қишлоққа йўл олди. Орадан икки соат ўтгач, у Фарҳод акани топиб келди.
кўза кунида синади...
Фарҳод ака берган бир халта пул уларнинг кўнгил қулфини очиб юборди. Дар­ров яқинроқдаги чойхонага ўтишди. Пулни бўлиб олишди. Кейин чойхонада обдон кайфу-сафо қилишди.
– Мен ҳозир, заҳар қистади, – деди Илҳом кайф ара­лаш ташқарига йўл оларкан.
Ғулом уни бироз кутди. Келавермагач, ташқарига чиқиб, атрофга аланглади. Шеригини тополмаётганини кўрган чойхоначи унга деди:
– Акамулло таксига ўтириб кетдилар, бехабармисиз?
Оғайнисининг қилиғидан ҳафсаласи пир бўлган Ғулом қўлини силтаб, таниш севгилисиникига йўл олди. Бу ёғи маишат. Энг муҳими, пул бор.
Ҳилоланинг уйида ўн кун қолиб кетган Ғулом бор пулидан айрилди. Энди ўзининг ҳам иштаҳаси очилганди. Шу кетишда шаҳарга бориб, Илҳомни излади. Қарангки, уни топиш унчалик қийин бўлмади.
– Иш йўқми? – Илҳомнинг саволидан пули тугага­нини англаш қийин эмасди.
– Икки кундан кейин кел, битта жой бор, урамиз.­
Келишилган куни Гулистон туманидаги «Усмон Но­сир» маҳалласига етиб келишди. Қишлоқнинг четроғида яшайдиган бир хонадонни кузатувга олишди. Олдин бироз қўрққан Ғулом бу сафар йўлбошчилик қил­ди. Ҳовли четида олтита мол­ боғлаб қўйилганди. Улар­ кеч бўлишини кутишди. Ярим тунга яқин моллар ичидан энг каттасини етаклаб кўчага олиб чиқишди. Улар пиёда Гулистон шаҳрига боришмоқчи эди. Лекин ярим йўлда Илҳом таниш ҳайдовчига телефон қилди. Молни яна Пахтакорга олиб бориб пуллашди-да, пулни арра қилишди.
Шундай ўғирликлар августгача давом этди. Август­да яна ўша дардда дала оралаган Ғулом яқинроқдаги байтални кўриб қолди. От кишнаб турар, бақувват, чиройли эди. Эрталаб бўлишига қарамай, уни етаклади. Тупроқ йўл бўйлаб катта кўчага чиқар экан, бир кишига дуч келди.
– Йўл бўлсин, болам? От­ни қаерга олиб кетаяпсан?­
Жавоб тайёр эди:
– Байтални Тангир тоғанинг асовига қўшишга олиб кетаяпман.
– Бу қўшнимиз Очилбойнинг байтали-ку! Сен нимага судраб юрибсан?
Бирпасда одам тўпланди.­ Кўпчилик биргалашиб, Ғу­ломни туман ИИБга олиб бо­ришди. Ўша куниёқ Илҳомни ҳам Гулистондаги хил­ватхонадан ушлаб келишди.­
 
Хулоса ўрнида
Улар суд залидан қўллари боғлиқ ҳолда олиб чиқиб­ кетилаётганда кимдир йиғ­ла­ди, кимдир тўнғиллади. Қан­чадан-қанча оиланинг уйини­ куйдирган, бировнинг мол-ҳо­лига кўз олай­тир­ган­ларга­ ачинганлар ҳам бўлди. Лекин адолат қарор топ­га­нидан­ кўпчиликнинг кўнгли тўлганди.
Абдураҳмон
МУСТАФОҚУЛОВ,
«Huquq va burch» мухбири