Афоризмлар
Аҳмад дониш ҳикматларидан:
09.10.2013
 
Одам яратилгандан сўнг унинг туганмас бахти илм ва маърифатда бўлади. Унинг ихтиёри ўзида бўлса, илмсизлик ва дангасаликка бўйин эгмасин, чунки илм ва маърифат руҳнинг истаги бўлиб, роҳатпарастлик ва дангасалик нафснинг тилагидир.
***
...Ҳақ йўлдан адашмаслик учун ҳамма одамлар кўнглида бир турли сезги қуввати яратилгандир. Мана шу орқали одамлар тузукни бузуқдан, яхшини ёмондан ажрата оладилар.
***
Кимки ақлсиз бўлса, у одил ҳам эмас… Ақл ва давлатни бир-биридан ажратиб бўлмайди, ақлсиз одамлар мамлакатни идора қила олмайди.
***
Подшоҳ ҳукм устида мумкин қадар юмшоқлик билан сўзлаб, заруратсиз ҳолда қаттиқ гапирмасин. Ҳар ишнинг ҳужжат ва далилларини текшириб, уни эшитишдан зерикмасин. Мискин ва фақир кишилар билан ўтириб суҳбатлашмоқдан номус қилмасин...
***
Маълумки, давлат ва салтанатнинг қурилиши учун фуқаро жамияти ва вилоятлар тузилиши керакдир. Бунинг учун мамлакат ободлиги ҳамда етарли аскарнинг бўлиши лозим; чунки буларсиз ҳеч бир давлатнинг сақланиши мумкин эмасдир. Аскарсиз шоҳ бўлмайди, хазинасиз аскар яшай олмайди. Халқ кўпайиб, ободлик бўлмаса, хазина бойлиги кўпаймайди. Мамлакат обод бўлмагунча фуқаро жамияти бўлмайди.
***
Мамлакат келинга ўхшайди, ҳар хил ҳунармандлар эса унинг зеби зийнатларидир. Булар қанча кўпроқ бўлса, мамлакат ҳам шунчалик зийнатланади.
***
Ҳукмдор ҳамиша оқил олимлар суҳбатларига ташна бўлиб, уларнинг насиҳатларини ғанимат билсин.
***
Давлат раҳбари кимда-кимнинг кўз қуввати, фаҳм қуввати кўпроқ бўлса, ундай одамни элчиликка тайинласин. Қайси одам шижоатли ва ғайратли бўлса, уни аскар бошлиғи қилиб, душманга қарши урушга ва қалъаларни олишга чиқарсин. Агарда инсофли ва диёнатли бўлса қозилик, ҳокимлик мансабларини берсин. Агарда олий ҳимматли ва ақлли бўлсалар, уларни вазир ва амирликка тайинласин.
***
Бир мамлакатда тинчлик ва мўлчилик бўлиб, бунинг овозаси атрофга тарқалса, буни эшитган савдогар, ҳунарманд ва олимлар ҳар томондан кела бошлайди.­
***
Халқдан ушур ва хирожларни йиғишга, давлатнинг бутун молия хизматларини бажариб туришга адолатли кишилардан закотчи тайинласин.
***
Барча йўлларни кузатиб, ўғри, йўлтўсар ва қароқчилардан сақлаш учун йўллар нозири сайлаб қўйилсин.
***
...Дунёда ҳар қандай меҳнат (чунончи оддий меҳнаткаш бўлиш), гўлахлик қилиш номус иш эмасдир. Чунки у хизмат ҳақини олади. Ҳақиқатга келганда, шоҳ-гадо ҳаммаси ҳам хизматчидир.
***
Ҳар ким ўзига яраша касб қилиши лозимдир. Масалан, амирлик талаб қилган киши ақлли, тадбирли ва саховатли бўлиш билан бирга довюрак, баҳодир бўлиши зарур. Ўткир тилли, очиқ сўзли, чуқур фикрли, ақли комил инсонлар вазирликка лойиқдир. Қозилик ва раисликни талаб этувчилар ақлли-фаросатли бўлиш билан бирга фатво ва даъво илмларида олий маълумотга эга бўлишлари лозимдир.
***
Ҳеч кимнинг ризқи осмондан тушмайди, ҳаракатсиз мақсадга етиб бўлмайди. Ялқовлик қилиб, ўз юкини ўзи­ кўтармай, бошқалар устига ортар экан, ундай одам инсонлик шарафини йўқотиб, кишилик қаторидан чиқади.