Детектив
Лаънати махлуқ
09.10.2013
 
Бир одам катта эски ёғоч столга мук тушганча варақлари сарғайиб кетган аллақандай дафтарни ўқирди. Ёзувига тушунмагани учун бўлса керак, у дам-бадам дафтарни шам ёруғига тутар, шунда ғира-шира ёритилган хонанинг ярми зулмат қаърига чўмарди. Бу кимсадан ташқари хонада яна саккиз киши бўлиб, шулардан еттови ғадир-будир ходали деворга елка тираб стол атрофида мунғайиб ўтиришар, саккизинчиси эса қўллари шалвираб стол устида чал­қанча ётарди. Устига чойшаб ёпилган бу одам ўлганди. Ҳеч ким чурқ этмас, мурдадан бошқа ҳамма ниманидир кутаётгандек эди. Ташқаридан, қоп-қоронғи тун қўйнидан дашт жонзотларининг юракка ваҳима солувчи товуши эшитиларди: чиябўри худди ғашланиб йиғлаётган гўдакдек ғалати чинқирар, унга чирилдоғу бойўғлиларнинг ноласи жўр бўларди. Лекин хонадагиларнинг қулоғига ҳозир бу товушлар кирмасди. Эски кулбага йиғилган маҳаллий деҳқону чорвадорлар дафтарни ўқиётган кимсанинг хулосасини кутишарди.
Дафтардан кўз узмаётган бу одамнинг афт-ангорига қараб унинг катта шаҳардан келганини пайқаш қийин эмасди. Гарчи эгнидаги оҳори тўкилган камзул, оёғидаги чанг босган пойабзал ва ёнига қўйган эски шляпаси (хонада фақат у бошяланг ўтирарди) бу кимсани атрофдагиларга ўхшатса-да, унинг юз-кўзида зиёлига хос аломатлар бор эди. Амалдорлардек салобатли бу одам терговчи бўлиб, у столда ётган кишининг нима сабабдан­ ўлганини аниқлаш учун келганди.
Мурданинг буюмлари орасидан топилган кундаликни ўқиб тугатгач, терговчи дафтарни ён чўнтагига солди. Шу пайт хонага кўриниши шаҳарлик талабаларни эслатувчи ёш бир йигит югуриб кирди. Терговчидан бошқа ҳеч ким ҳаллослаганча терга ботиб келган йигит билан бош ирғаб сўрашмади.
– Сизни кутаётгандик, – деди терговчи. – Терговни бугуноқ тугатишимиз керак.
 
* * *
Аҳмад Отабоев томонидан рус тилидан ўзбек тилига таржима қилинган Амброз Бирс қаламига мансуб ушбу ҳикоянинг давомини "Huquq va burch" журналининг 2013 йилдаги 9-сонида ўқишингиз мумкин.