“Huquq va burch” жавоб беради
Маиший техника куйиб қолса...
09.10.2013
 
– Электр энергияси таъминотидаги узилиш ёки кучланишлар туфайли музлаткич, телевизор каби маиший техниканинг бузилиши оқибатида кўрилган моддий зарар кимнинг зиммасига тушади?
Муҳайё БАЙДАНОВА,
Олмазор тумани
 
Саволга Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари Акмал ЭРГАШЕВ жавоб беради:
– Агар маиший техника электр энергияси таъминотидаги ўчиб-ёнишлар туфайли ишдан чиқса, қўни-қўшнилар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари иштирокида мазкур ҳолат тўғрисида далолатнома тузилади. Ушбу ҳужжат билан туман электр тармоқлари корхонаси (ТЭТК)га мурожаат этиш зарур. ТЭТКнинг махсус вакиллари вазиятни ўрганиб, электр таъминотида кучланиш ўзгарган ҳолатлар бўлгани, шу туфайли маиший техника ишдан чиққанини тасдиқлашса, етказилган зарар «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 19–20-моддаларига асосан ТЭТК томонидан қопланиши шарт. Акс ҳолда юқоридаги ҳужжатлар билан етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни ундириш учун судга мурожаат қилиш лозим.