Интервью
Ватанимиз тараққиётининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси
03.10.2013
 
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов таъкидлаганидек, истиқлол йилларида эришган барча ютуқларимизнинг, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг, эртанги кунимизга бўлган ишончимизнинг, халқаро майдонда ортиб бораётган обрў-эътиборимизнинг негизида Конституциямизда белгилаб берилган қонуний ва ҳуқуқий асослар тургани ҳамда уларни оғишмай ҳаётга татбиқ этаётганимиз мужассамдир.
 
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари Анвар Усмонов билан суҳбати Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган меъёрларнинг амалдаги ифодаси, шу асосда яратилган ва яратилаётган қонун ҳужжатларининг жамиятимиз ҳаётидаги аҳамияти ҳақида бўлди.
– Аввало, таъкидлаш жоизки, дунё харитасида Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши, яъни мамлакатимиз давлат мустақиллигининг қўлга киритилиши ўз-ўзидан бўлмаган. Бу улкан тарихий воқеанинг замирида халқимизнинг асрий орзу-умидлари, хоҳиш-иродаси, Президентимиз Ислом Каримовнинг мислсиз жасорати, ўз вақтида қабул қилинган тўғри қарорлар муҳим омил бўлганини бугун халқаро ҳамжамият ҳам кенг эътироф этган ҳақиқатдир, – дейди А.Усмонов. – Эришилган бу тарихий ғалабани, яъни мустақилликни сақлаб қолиш ва изчиллик билан мустаҳкамлаш, миллий давлатчилигимизни янгидан шакллантириш янада мураккаброқ кечгани сир эмас. Боиси собиқ тузумдан бизга таназзулга юз тутган иқтисодиёт мерос қолган, аксарият одамларнинг эртанги кунга ишончи йўқолган эди.
Ана шундай мураккаб шароитда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати, тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур бўлган омилларга йўл очувчи қонуний асослар яратилиши жуда муҳим ва долзарб эди. Президентимиз раҳбарлигида турли соҳа олим ва мутахассисларининг сайъ-ҳаракати, изланишлари, хорижий тажрибани чуқур таҳлил этиш асносида ҳар томонлама пухта, ихчам, халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган Конституциямиз яратилди.
Мазкур Асосий қонун улкан тарихий аҳамиятга эга ноёб ҳужжат бўлиб, унда суверен давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим асослари, инсон ҳуқуқларига, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, фуқаролар тинчлиги ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлашга оид тамойиллар мустаҳкам ўрин олган. Энг муҳими, унинг қоидалари мамлакатимизда босқичма-босқич ва изчил амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар сари кенг йўл очди.
Конституциямизнинг бундай ҳаётбахшлигида унинг нормаларида халқимизнинг кўп асрлик анъана ва қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий меросига таянилгани мужассамдир. Зеро, бақувват ва теран илдизларга эга дарахтни ҳар қандай шамол, халқни эса ҳеч бир куч маҳф эта олмагани каби бундай Қомуснинг ҳам умри боқийдир. Қолаверса, Асосий қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этгани унинг ҳар жиҳатдан пухталигини ошириш имконини берди.
Шу боис ўтган давр мобайнида мамлакатимиз Конституцияси халқимиз манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қодир, умумэътироф этилган демократик қадриятларга тўла жавоб берадиган, жамиятда адолатни қарор топтиришга хизмат қиладиган асосий ҳужжат эканини тўла исботлади.
– Бош Қомусимиз асосида қабул қилинган қонунлар моҳияти, қонун ижодкорлиги жараёнида коституциявий тамойиллардан фойдаланиш амалиёти хусусида гапириб берсангиз.
– Мамлакатимиз Конституциясида мустақил давлатимизнинг янги сиёсий ва давлат тузилиши асосларини, аввало, қонунчилик тизимини шакллантиришнинг миллий-ҳуқуқий меъёрлари белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу янги Ўзбекистонни қарор топтириш жараёнидаги муҳим қадам, суверен давлатимизнинг қонунчилиги – ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг асосий пойдевори, мустақил давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлди.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз парламенти томонидан Конституция нормаларига мувофиқ 15 кодекс, олти юздан зиёд қонун қабул қилинди. Икки юздан ортиқ кўп томонлама халқаро шартнома ратификация қилинди ва шу тариқа Асосий қонунимизни амалга оширишнинг яхлит ҳуқуқий механизми яратилди.
Бу жараёнда мамлакатимизда қонун ижодкорлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг сифати ва самарадорлигига пухта замин бўлаётир. Зеро, қонунлар қанчалик мукаммал, аниқ ва лўнда бўлса, уларни ҳаётга татбиқ этиш шунчалик осон кечади. Айтиш жоизки, мамлакатимизда қонун ижодкорлиги жараёни ва қонунчилик техникасини такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, зарур ҳуқуқий база шакллантирилган. “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги, “Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида”ги каби қонунлар ишлаб чиқилаётган ҳар бир қонуннинг мамлакатимиз ривожига хизмат қилишини таъминлашда муҳим омил бўлаётир.
Айни пайтда бу соҳада қонунийликни таъминлашнинг янги ва янада самарали механизмларини яратиш, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунларга, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эҳтиёжларига мос бўлишини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга. Бунда 2012 йил 24 декабрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ана шундай янгича тартиб-таомиллар асосида яратилаётган қонун лойиҳалари ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, экологик ва бошқа турдаги экспертизалардан тўлиқ ўтказилмоқда. Жумладан, ҳуқуқий экспертиза жараёнида тайёрланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасининг Конституциямиз нормаларига мувофиқлиги текширилади. Зеро, Асосий қонунимизда бирорта ҳам қонун ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Шу маънода номи қайд этилган қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатини янада ошириш билан бирга ижросини самарали таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини айтиб ўтиш жоиз. Хусусан, вазирлигимиз томонидан кейинги уч йилда жамият ҳаётининг турли соҳаларини тартибга солишга қаратилган мингга яқин қонун ва қонун ҳужжатлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Бу жараёнда аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилишига эришилди.
– Адлия ходимлари иштирокида тайёрланаётган ва экспертизадан ўтказилаётган қонун лойиҳалари кўпроқ қайси соҳаларга тааллуқли?
– Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мустаҳкамланган тамойиллардан бири – хусусий мулкнинг дахлсизлиги ва давлат ҳимоясида эканлигидир. Жумладан, Асосий қонунимизнинг 53-моддасида қайд этилганидек, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Ушбу конституциявий норма асосида аввал ҳам кўплаб қонунлар ишлаб чиқилган бўлса, кейинги йилларда юртимизда тадбиркорлик жадал ривожлангани ва фаолияти кўлами кенгайиб бораётгани туфайли ушбу соҳага бўлган эътибор янада кучайди. Ўз навбатида соҳанинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилмоқда. 2012 йилда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, янги таҳрирдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” ва “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Ушбу қонун ҳужжатларининг тайёрланиши ва такомиллаштирилиши, қабул қилинишида адлия ходимлари бевосита иштирок этди. Бошқача айтганда, адлия идоралари томонидан 2010-2013 йиллар давомида демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган олтмишдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, жумладан, ўттизга яқин қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ушбу концепцияда тадбиркорлик фаолияти ҳимояси, хусусий мулк муҳофазасига оид янги қонунлар қабул қилишга оид кўплаб вазифалар белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 2 майда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 11-моддасида биринчи марта тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи белгиланди. Ушбу нормага мувофиқ, қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолатларда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади.
Мазкур қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтириш, бозор муносабатлари тизимида рақобатни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги кафолатини янада мустаҳкамлаш имконини беради. Айни пайтда чет эл инвестицияларини жалб этиш, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни бартараф қилиш, уларнинг фаолиятига доир рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш орқали асоссиз харажатларнинг олдини олиш, давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига ноқонуний аралашувини қатъий чеклашга доир ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланди. Бу мамлакатимизда тадбиркорлик ва меҳнат эркинлиги муҳофазасига оид конституциявий меъёрлар амалда ўзининг тўла ифодасини топаётганидан яна бир далолатдир.
– Адлия идоралари нафақат қонун ижодкорлиги жараёнида бевосита иштирок этади, балки уларнинг ижроси учун ҳам масъул. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий ҳимоясига оид қонунлар ижроси қандай таъминланмоқда?
– Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорликни ҳуқуқий таъминлаш ва ривожлантиришнинг самарадорлигини ошириш, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг амалда тўғри татбиқ этилишини таъминлаш, кенг жамоатчиликка унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш доимий эътиборда.
Соҳага оид қабул қилинган қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан алоҳида назорат ўрнатилган. Назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятида текширишлар ўтказилишининг қонунийлиги мунтазам ўрганиб борилмоқда. Адлия органларининг жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказган ўрганишларида назорат қилувчи органлар томонидан қирқдан зиёд тадбиркор фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказилгани ва мингдан ортиқ ҳолатда текширишларни ўтказиш тартиби бузилгани аниқланди. Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан киритилган тақдимнома ва расмийлаштирилган маъмурий баённомаларга асосан 13 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий, икки нафарига маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди. Прокуратура идораларига юборилган таклифларга асосан бир неча мансабдор шахс жавобгарликка тортилди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан адлия органлари томонидан тегишли идораларга киритилган тақдимнома, огоҳнома ва кўрсатмаларга биноан минг нафарга яқин мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Шу жумладан 29 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Тадбиркорлар манфаатларини таъминлашни назарда тутиб судларга киритилган даъво аризаларининг беш юздан ортиғи судлар томонидан қаноатлантирилиб, тадбиркорларга етказилган тўрт миллиард сўмлик зарар ундирилди. Тадбиркорлар ҳуқуқларини поймол этаётган давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тўрт юздан ортиқ ноқонуний қарор ва бошқа ҳужжатлари аниқланди ва бекор қилиниши таъминланди.
– Тадбиркорлик муҳофазасига оид яна қандай янги қонун лойиҳалари тайёрланмоқда?
– Таъкидлаш керакки, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатига олиш соҳасини тартибга солишда бир неча қонун ҳужжатларига таянилади. Мазкур ҳолат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи шахслар, рўйхатга олинадиган субъектлар томонидан амалдаги қонун ҳужжатларини ўзлаштиришда айрим муаммоларни келтириб чиқариши табиий. Шуни ҳисобга олиб, Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор идоралар ҳамкорлигида “Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун асосида соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бирхиллаштирилиши учраётган муаммоларни бартараф этади.
“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”, “Тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлаш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги каби қонун лойиҳалари ҳам тайёрланган. Бу қонунларнинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни янада кучайтиришга ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Конституцияси ва шу асосда қабул қилинаётган қонунлар мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
 Манба: uza.uz