Интервью
Мол-мулк ва ер солиғи қачон ва қанча миқдорда тўланади?
23.09.2013

 

Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.

(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 51-модда)


Жисмоний шахслар ҳар йили ўз эгалигидаги мол-мулк ва ер учун солиқ тўлаб бориши қонунчилигимизда ўз ифодасини топган. Бу тоифа солиқларини тўлаш 15 октябрга қадар амалга оширилиши шарт.

Хўш, мол-мулк ва ер солиқлари қандай ҳисобланади, улар қанча миқдорда бўлиши лозим, бу турдаги солиқларни кимлар тўлаши керак? Ушбу саволларга жавоб топиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилдик.

– Солиқ солинадиган мол-мулкка ёки ер участкасига эга жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғи тўловчилардир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Жисмоний шахсларга солиқ солиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳодир Абибуллаев. – Солиқ тўловчиларга тегишли кўчмас мулк – уй-жой, квартира, дала ҳовли, гараж ва бошқа иморатлар, иншоотлар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилган ер участкалари солиқ объекти ҳисобланади. Уларга оид солиқларни ҳисоблаш ва тўлов хабарномаларини солиқ тўловчиларга тақдим этиш, тўланганлигини назорат қилиш давлат солиқ органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси талабларига мувофиқ мол-мулк ва ер солиқлари суммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган тўлов хабарномаси жисмоний шахсларга давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади.

Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари ставкалари ҳар йили қайта кўриб чиқилади. Хусусан, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 25 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига асосан жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари ставкалари 2013 йил 1 январдан бошлаб 1,15 бараварга индексация қилинди.

Жисмоний шахсларга тегишли турар-жойлар, квартиралар, дала ҳовли қурилмалари, гаражлар, бошқа иморат ва иншоотлар учун олинадиган мол-мулк солиғи ставкаси 1,04 фоиз миқдорида белгиланди. Шу билан бирга, шаҳарларда жойлашган турар-жойлар ва квартиралар учун уларнинг умумий майдони 200 квадрат метрдан 500 квадрат метргача бўлганда жами инвентаризация қийматига 1,25 фоиз, ундан ошганда 1,55 фоиз миқдорида мол-мулк солиғи ставкалари белгиланди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ иморатлар, бинолар ва иншоотлар учун ҳар йили 1 январь ҳолатига ергеодезкадастр идоралари тақдим этадиган мулкнинг инвентаризация қийматига асосан ҳисоблаб чиқарилади. Мулк кадастр идорасида баҳолатилганда, солиқ жорий йил учун қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Солиқ солиш объектининг баҳоси мавжуд бўлмаган тақдирда, солиқларни ҳисоблаш мол-мулкнинг белгиланган шартли қийматлари асосида амалга оширилади.

Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи қонунда белгиланган тартибда берилган ер участкасидан фойдаланиш фактидан қатъи назар, жойлашган жойидаги зонасидан келиб чиққан ҳолда белгиланган ставкаларда ҳисобланади.

Жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган уйлар, дала ҳовли ва бошқа иморатлари, шунингдек, жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар бўйича мол-мулк ва ер солиқлари юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича, яъни 3,5 фоиз миқдорида тўланади.

Амалдаги қонунчиликда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифалари учун имтиёзлар кўзда тутилган. Масалан, иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлари, ёлғиз пенсионерлар, боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар, яйловда чорва боқадиган чўпонлар ва яйлов чорвачилигининг бошқа хизматчилари ер солиғидан озод қилинган.

Шу каби I ва II гуруҳ ногиронлари, ўн нафар ва ундан ортиқ фарзанди бор аёллар, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ота-оналари ва беваларининг мол-мулкига солиқ солинмайди.

Солиқ тўловчи жисмоний шахслар ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқларини муддатида тўламаганлик учун жавобгарлик чоралари мавжуд. Агар йиллик ҳисобланган солиқ 15 октябрга қадар тўланмаган тақдирда, тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.

Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликка мувофиқ фуқаро солиқ органи томонидан солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома берилгандан кейин ўн кун ичида қарзини узмаса, мажбурий ундирув чораларини кўриш бўйича судга даъво аризаси киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ, давлат солиқ хизмати органи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаши ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин. Яъни, солиқ беш йилдан кейин бўлса ҳам ундириб олинади ва бу солиқ тўлашнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фуқаролар 15 октябрга қадар ўзига тегишли мол-мулк ва ер участкаларига 2013 йил учун ҳисобланган мол-мулк ва ер солиғини тўлашлари лозим. Ушбу тўланган солиқлар маҳаллий бюджетга тушади ва ўзимиз яшаб турган туман, маҳаллани иқтисодий ривожлантиришга, ободонлаштиришга, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондиришга сарфланади. Шундай экан, фуқаролик бурчимизни ўз вақтида адо этайлик.

Манба: uza.uz