“Huquq va burch” жавоб беради
Пенсиянинг 50 фоизи тўланади
06.09.2013
 
– Арнасой туман марказий шифохонасида рентген-лаборант бўлиб ишлайман. 2012 йилда пенсияга чиқдим. Айни пайтда ишловчи пенсионер сифатида пенсиямни 50 фоиз миқдорида олаяпман. Эшитишимча, пенсияга чиққан рентген-лаборантлар фаолиятини давом эттирса, уларга пенсия тўлиқ тўланаркан. Шу тўғрими?
Асқар ЛУТФУЛЛАЕВ,
Арнасой тумани
 
Саволга Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг биринчи ўринбосари Маҳмуджон Зиядуллаев жавоб беради:
– Давлат пенсиялари «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун асосида тайинланади ва тўланади. Қонуннинг 53-моддасига мувофиқ ишлаб турган пенсионерларга пенсиялар уларнинг иш жойида қо­нун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади. Давлатимиз раҳбарининг «Ишловчи пенсионерларга пенсия­ тўлаш тўғрисида»ги Фармони (1995 йил 20 ноябрь), шунингдек, «Ишловчи пен­сионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом- (2012 йил 3 октябрь)га кўра ёшга доир пенсиялар:
а) уруш ногиронлари ва қатнашчиларига, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахсларга;
б) Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий хизматни ўтаган ёки фронт ортида ишлаган шахсларга;
в) I ва II гуруҳ ногиронларига;
г) Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқароларга;
д) фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг раисларига;
е) фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида ишловчи пенсионер аёлларга 100 фоиз миқдорида тўланади.
Қолган барча ишловчи пенсионерларга уларга тайинланган пенсиянинг 50 фоизи тўланади.