Анонслар
Журналнинг июнь сони нашрдан чиқди
10.07.2013

“Huquq va burch” журналининг навбатдаги 6-сони нашрдан чиқди. Журналнинг ушбу сони рукнлар ранг-баранглиги билан бошқаларидан фарқланади. “Jamiyat ko’zgusi” рукнида профессор Мавжуда Ражабованинг “ОАВ ва маҳаллий кенгашлар: ҳамкорлик ва самара” номли мақоласи чоп этилган бўлса, юридик фанлар доктори Музаффаржон Мамасиддиқовнинг “Фарзандликка олиш, уни суд тартибида амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатлари” мақоласи “Qonun mohiyati” рукнида берилган.
Мазкур сонда Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов билан “Муаллим ёниб яшаши керак” мавзусида суҳбат тайёрланган. “Soha faoliyatidan” рукнида эса “Баркамол авлод — келажагимиз таянчи” (муаллиф Шерзод Матиев, Бухоро вилояти прокурори), “Суд экспертизаси, бугунги ҳолат ва ривожланиш истиқболлари” (муаллиф Бахтинур Ҳасанов, Адлия вазирлиги масъул ходими), “Суд ҳокимияти, унда кадрларни қайта тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари” (муаллиф Комил Исмоилов, Юристлар малакасини ошириш марказининг катта ўқитувчиси) ҳамда “Ҳакамлик судлари: қулай ва тезкор” (муаллиф Ҳусан Айдашев, Тошкент вилояти ҳакамлик суди раиси) каби мақолалар эълон қилинган.
Бундан ташқари Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Бахтиёр Абдуллаевнинг “Habeas corpus act” институти ва унинг тарихий ривожланиш босқичлари” номли мақоласи “Inson huquqlari himoyasi” рукнида, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси Дилноза Холиқназарованинг “Қинғир ишнинг қийиғи” мақоласи “Jinoyat va jazo” рукнида, “Huquq va burch” мухбири Сардор Мадатовнинг “Бедаво дард балоси” номли мақоласи эса “Ogohlik — davr talabi” рукнида чоп этилган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдурауф Қоржововнинг “Qadr-qimmatim, tayanchim va iftixorimsan, mustaqil O’zbekiston!” рукнидаги “Тараққиёт суръати ва сийрати” сарлавҳали мақоласи мустақиллигимизнинг 22 йиллигига бағишланганлиги билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, журнал саҳифаларида “Истиқбол эгалари”, “Сертификатсиз маҳсулот реализация қилингани учун тайёрловчига жарима солинади”, “Божхона қиймати кўрсаткичлари нотўғри декларация қилингани аниқланганда...” каби мақолалар чоп этилган.
Ўқувчилардан келган саволларга жавоблар асосида “Huquq va burch” javob beradi” саҳифаси тайёрланган. “Тадқиқот, таҳлил, таклиф” рукнида эса ҳуқуқшунос-тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари билан танишасиз.