Суд очерки
Қинғир ишнинг қийиғи
09.07.2013
 
Юртимизда аёлларнинг меҳнат ва турмуш шароитини янада яхшилаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, қизларнинг замонавий билим ва ҳунар эгаллашлари учун шароит яратиш йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Мен ҳам шу каби эътибор ва ғамхўрликлардан баҳраманд аёллардан бириман.
Кейинги йилларда аёлларнинг жамият ҳаётидаги роли ва нуфузини юксалтириш, қо­билият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, уларни иш билан таъминлаш, оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бироқ орамизда бу имкониятдан оқилона фойдаланиш ўрнига қинғирлик билан давлат ва жамият манфаатларига зарар етказаётганлар ҳам борлиги ачинарли ҳолдир.
Фарғона шаҳрида яшовчи Нигора Абдухолиқова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ана шундай аёл­лардан бири. У шаҳардаги «Замондош» кредит уюшма­сидан фирибгарлик йўли би­лан пул олиш мақсадида уюшган жиноий гуруҳ ташкил этади. Бунда унга Мар­ғилон шаҳридаги «Олмос» заргарлик дўкони сотувчиси Нормирза Иброҳимов, яна бир эркак ва ўн уч на­фар аёл «беминнат» ёрдам беришади. Жиноий режага кўра Нигора гуруҳ аъзоларини ўзи фаолият юритаётган дўконда мавжуд бўлган арзон, мис қоришмасидан ясалган тақинчоқлар билан таъминлаши, гуруҳ аъзолари­ вилоятнинг турли ҳудудларида яшовчи фуқароларни мижоз сифатида топиб келиши, Нормирза эса келтирилган тақинчоқларни тилла буюм сифатида баҳолаб, сохта далолатнома расмийлаштириб бериши керак эди.
Келишувга мувофиқ 2010­ йилнинг 9 январида гуруҳ аъзоси Тўхтасин Ўт­ки­­ровнинг турмуш ўртоғи Нои­ла Ўткирова номидан «Замондош» кредит уюшмасига мурожаат қилинди.
– Кредит эвазига савдо фаолиятини ривожлантирмоқчиман, – дейди Н.Ўткирова уюшмадагиларга.
– Гаровга нима қўймоқчисиз?
– Тилла тақинчоқларимни.
Шундан сўнг у 209,9 грамм оғирликдаги 8 дона сохта тилла тақинчоқни Нор­мирзага беради. Дўкондор эса­ кўз очиб юмгунча қалбаки далолатнома тузиб, та­қинчоқларни «тилла»га айлантиради. Натижа ёмон бўл­майди ва шартномага кўра 5 млн. сўмлик кредит қўлга киритилиб, бу пуллар аъзолар ўртасида тақсимлаб олинади.
Мўмай даромад уларнинг иштаҳасини очиб юборди, шекилли, орадан 10 кун ўтиб Тўхтасиннинг қариндоши номидан яна «Замондош» кредит уюшмасига ари­за ташланди. Сценарий такрорланди: улар 123,7 грам­мли 12 та «тилла» тақин­чоқ эвазига «савдо фаолия­тини ривожлантириш учун» 3 млн. сўм кредит олишга муваффақ бўлишди.
Вақт ўтиши билан Нигора­ Абдухолиқова икки нафар ду­гонасини ҳам жиноий гу­руҳга жалб этди. Улар бу иш фирибгарлик эканини би­либ турсалар-да, рози бўладилар.
Улардан бири «Замондош» кредит уюшмасига «ти­кувчилик фаолиятини ривожлантириш учун» дея кредит сўраб ариза ёзади. 42,5 грамм­лик 8 дона тақин­чоқ 55,9 граммлик «тилла» буюмлар сифатида гаровга қўйилади ва 1 млн. 800 минг сўмлик кредит қўлга киритилади.
Нигора билан Нормирза навбатдаги «операция»га ҳеч кимни аралаштиришмайди.
– Ишлар жуда майдалашиб кетди. Қолаверса, тайёр­га­ айёр шериклар ҳам кўпайди, – дея нолийди Нигора Нор­­мирзанинг дўконига ке­либ, қўлидаги сохта тилла та­­қинчоқларни тарози ёнига қўяркан. – Шунинг учун бу­ сафар ўзим ариза ёзмоқчиман.
Кредитнинг тенг ярми ўзи­­­га тегишини фаҳмлаган Нормирза бир пасда­ 178,2 грамм мис тақинчоқлар 186,6 граммлик тилла тақинчоқлар экани хусусида қалбаки далолатнома ту­зади. Бу эса 5 млн. сўмни осонгина қўлга киритиш имконини берди.
Шу тариқа жиноий гуруҳ­нинг ишлари юришиб кетаверади. Энди аввалгидек 20 кун ёки бир-икки ойда эмас, балки ҳар 2-3 кунда, нари борса, бир ҳафта—10 кунда «Замондош»га мурожаат қиладиган бўлишди. Улар жами бўлиб 38 марта кредит олишади.
Кўза кунда эмас, кунида си­нади деганларидек, ниҳоят­ «кредит операцияси»га чек қўйилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан айбдорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди. Ўтказилган суд-физик-кимёвий экспертиза хулосалари «Замондош» кредит уюшмасига гаров тариқасида тақдим қилинган 675 дона 6,2 килограмм тақинчоқлар асоси мис бўлган қо­ришмадан ясалганини, уларнинг фақат 16 дона 63,23 граммигина олтин қоришма­сидан тайёрланганини тасдиқлади.
Шу ўринда ҳақли бир са­вол туғилади: наҳотки жиноий гуруҳ аъзолари мис тақинчоқларни қайта-қайта тилла буюм си­фатида гаровга тақдим этаверганида ҳам кредит уюш­маси ходимлари буни билиш­маган ёки текшириб кўришмаган?
Маълум бўлишича, жино­ий гуруҳ раҳбари Нигора Аб­духолиқова ўшанда 31 ёш­да бўлган. Гуруҳнинг қол­ган­ аъзолари ундан 4-7 ёш кат­та эркак ва аёллардир. Аммо нафс қутқусига учган­ бу кимсаларнинг бирортаси Нигоранинг измидан чиқолмаган.
Аёллар жиноятчилиги би­лан боғлиқ яна бир ҳолат ҳа­қида тўхталиб ўтсак. Мар­ғилон шаҳридаги Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири­ Эъзоза Исроилова мактабга­ча таълим муассасаси услуб­чиси Муҳаббат Тўрае­ва­ би­лан жиноий тил бирик­ти­риб­, табелларда касал ва иш­­га келмаган дея қайд этил­ган, ҳатто лавозимидан бў­­шаган ходимлар учун ҳам ой­лик маош ёзиб, бюджет пул­ларини талон-торож қи­лиш­ган. Айрим ходимларга эса қўшимча штатлар бирик­тирилиб, уларнинг пуллари ҳам иккови ўртасида тақсим­ланган. Бундан ташқари, улар­ мукофот ҳамда ота-она­­лардан йиғилган бадал пул­ларини ҳам турли мақсад­ларда ишлатиб юборишган...
Буюклардан бири: «Жазолашдан кўра кечиримлилик мардликдир. Ожиз одам кечиролмайди. Афв этиш кучлилар фазилатидир», – деган экан. Шу маънода ҳар икки жиноят ишида қат­нашган аёлларга Олий Мажлис Сенатининг 2011 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Рес­публикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати амнистия тўғрисида»ги қарори татбиқ этилиб, жазодан озод қилиндилар.
Аёлларни улуғлаб, ардоқлаб, бошига кўтариб яшайдиган халқмиз. Демак, биз ҳам бунинг қадрига етиб, юртимизни ҳар томонлама равнақ топтириш, олдимизда турган эзгу мақсадларга эришиш, ҳаётимизда ҳукм сураётган осойишталик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, фарзандларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш йўлида астойдил меҳнат қилишимиз керак.
Дилноза ХОЛИҚНАЗАРОВА,
жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят
судининг судьяси