Интервью
Муаллим ёниб яшаши керак
09.07.2013
 
«Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотлар бошланган дастлабки йилларда мен жаҳон тажрибаси ва ҳаётда ўзини кўп бор оқлаган ҳақиқатдан келиб чиқиб, агар бу мақсадларимизни муваффақиятли равишда амалга ошира олсак, тез орада ҳаётимизда ижобий маънодаги «портлаш эффекти»га, яъни, янги таълим моделининг кучли самарасига эришамиз деган фикрни билдирган эдим.
Дарҳақиқат, истиқлол даврида барпо этилган, барча шарт-шароитларга эга бўлган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган, замонавий касб-ҳунар ва илм-маърифат сирларини ўрганаётган, ҳозирданоқ икки-уч тилда бемалол гаплаша оладиган минг-минглаб ўқувчилар, катта ҳаётга кириб келаётган, ўз истеъдоди ва салоҳиятини ёрқин намоён этаётган ёш кадрларимиз мисолида ана шундай орзу-интилишларимиз бугуннинг ўзида ўз ҳосилини бераётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз», – деб ёзади Президентимиз Ислом Каримов  «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида.
Дарҳақиқат, бугун юртимиздаги умумтаълим мактабларининг деярли барчаси замонавий бинолар, ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ таъминланди. Галдаги вазифа яратилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ўқувчиларнинг билим-салоҳиятини юксалтириш, уларни замон билан ҳамнафас баркамол авлод қилиб вояга етказишдан иборатдир. Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов билан суҳ­бат ана шундай эзгу мақ­садлар рўёби йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида бўлди.
– Ҳурматли Улуғбек Илясович, аввало Президентимизнинг замонавий фикрловчи ёш авлодни шакллантириш, ёшларга жаҳон цивилизацияси ютуқларидан самарали фойдаланиши учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида қабул қилинган «Чет тилларни ўрганиш ти­зимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги қарори ижроси юзасидан вазирлик томони­дан олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берсангиз.
– Шубҳасиз, инглиз тили бугунги кунда халқаро мулоқот воситасига­ айланган. Чет тили орқали дунё тараққиётига сабаб бўлаётган янгиликлардан хабардор бўламиз, ривожла­ниш билан ҳамқадам юришга шароит яратилади. Шу би­лан бирга, ўша тилда мил­латимиз маданиятини дунёга таратамиз. Бугун чет ти­лини бола­ларимизга миллий ўзига хослигимизга дахл қил­майдиган даражада, сид­қидилдан ўр­гатишни даврнинг ўзи тақо­зо этмоқда.
Шу маънода якунига ета­ёт­ган ўқув йилидаги энг му­­­ҳим воқеалардан бири, шуб­ҳасиз, 2012 йил 10 декабрда Президентимизнинг «Чет тилларни ўрганиш ти­зимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Қарорининг қабул қилинишидир. Мазкур қарор чет тилларни ўқитиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, за­мон талаблари даражасида­ ташкил этишни назарда тутади.
Ана шу мақсаддан келиб чиқадиган вазифаларни самарали амалга оширишда Президентимизнинг «Умумтаълим мактабларида чет тилларни ўқитиш тизимини такомиллаштириш ишларини ташкил этиш ҳолатини танқидий ўрганиш бўйича республика ва ҳудудий комиссияларни тузиш тўғрисида»ги Фармойиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Қисқа фурсатда чет тиллар бўйича мамлакатимизда узлуксиз таълим тизими учун давлат стандартлари ишлаб чиқилди, таълимнинг барча босқичлари битирувчиларининг тайёргарлик да­ражасига қўйиладиган талаблар белгиланди. Ўзбекис­тон узлуксиз таълим тизимининг стандартлари умум­эътироф этилган Европа Кенгашининг «Чет тилини билишнинг умумевропа компетенциялари: ўрганиш, ўргатиш ва баҳолаш» (CEFR) талабларига таянган ҳолда ишлаб чиқилди. Давлат таълим стандартларининг ҳар жи­ҳатдан пухта бўлишини таъ­минлаш мақсадида англиялик Род Болбайто ва Де­вис Аланлар бошчилигидаги экспертлар гуруҳи жалб этилди.
 
– Янги ўқув йилидан чет тилини 1-синфдан бошлаб босқичма-босқич ўқи­тиш белгиланган. Табиийки­, кун тартибига мактабларни ўқитувчилар билан таъминлаш масаласи чиқади. Бундан ташқари, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини ҳам шун­га мослаштириш керак. Шундай эмасми?
– Чет тилларни 1-синфдан бошлаб босқичма-босқич­ ўқитиш юртимиз тараққиёти­ учун муҳим аҳамиятга эга. Шунга мувофиқ вазирлик томонидан янги ўқув режаси­ ишлаб чиқилди ва 1 – 4-синф­ларда ҳафтасига 2 со­ат­дан чет тили фани киритилди. Бу тизим 2013–2014-ўқув йилида 1-синфдан бошлаб босқичма-босқич жорий этилади. Хорижий тиллар амалдаги ўқув режасига кўра 5–9-синфларда ҳафтасига 3 со­атдан жами 5 йилда 510 со­­ат ўқитилган бўлса, янги ре­­жага кўра 1 – 9-синфлар­да­ жами 782 соат ўргатилади.
2012 йил сентябргача республика бўйича жами 17 747 нафар инглиз тили ўқи­тувчиси болаларга сабоқ бер­ган бўлса, янги мавсумда­ педагогика институтларини чет тили мутахассислиги бў­йича тамомлаган яна кўп­лаб ёш кадрлар мактабларга жалб этилади. Уларнинг ойлик маоши ҳам белгиланган тартибда ошириб борилади.
Ўқувчилар учун дарслик мажмуалари, хусусан, бирин­чи синфларнинг «Kid`s English» – «Инг­лиз тили болалар учун» дарслиги, унга қў­­­­шимча тарзда ўқитувчи қўлланмаси тажриба-синов учун «Ўзбекистон» нашриё­тида керакли нусхада чоп этилди­ ва мультимедиали ило­валар (CD дисклар) тайёрланди. Шунингдек, «Deu­tsch macht spab» – «Немис ти­ли қувонч бағишлайди» ва «Hi­rondelle» – «Қал­дир­ғоч»­ (фран­цуз тили) дарслик мажмуалари ҳам яратилиб, айни пайтда тажриба-синовдан ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, инглиз тили бўйича педагог кадрлар малакасини босқичма-босқич ошириш схемаси иш­лаб чиқилди. Бунинг учун Олий ва ўрта махсус таълим­ вазирлиги, Британия Кенгаши, Ўзбекистон давлат жа­ҳон тиллари университети­ би­лан ҳамкорликда таълим му­ассасаларида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари­дан фойдаланган ҳолда ўқи­тишнинг илғор услубларини­ ҳамда «Чет тилини би­­лиш­нинг умумевропа компетенциялари: ўрганиш, ўргатиш ва баҳолаш» (CEFR) ти­зи­мини татбиқ этиш мақсадида махсус малака ошириш курслари ташкил этилди.
Хорижий тилларни ўқи­тишда умумтаълим мактаблари моддий-техник базасини яхшилаш ҳам асосий йў­налишлардан бири саналади­. Мазкур ишларни янги талаблар асосида йўлга қў­йиш­ учун «Умумтаълим мак­табларининг чет тили кабинетларини замонавий ахборот-коммуникация ва ўқи­тишнинг техник воситалари ва анжомлари билан жиҳоз­лаш меъёри» лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда тасдиқланди. Унда компьютер техникаси, проектор, маркерли оқ доска, компьютер техникаси учун ТВ-тюнер, таянч мактабларимизга эса интер­актив доска берилиши кўз­­­да тутилган. Шу билан бир­га, кўргазмали қуроллар, ­1-синфлар учун дидактик ма­териаллар, 2 – 4-синфлар­ учун ўзбекча-инглизча, инг­лизча-ўзбекча луғатлар тар­қатилади.
Шунингдек, 2013 – 2016-йилларда умумтаълим муассасалари чет тили кабинет­ларини замонавий ахборот-коммуникация ва ўқитишнинг техник воситалари ҳам­да анжомлари билан жиҳоз­лаш (қўшимча жиҳозлаш)нинг жадаллаштирилган дас­тури тайёрланди. Унга кўра таълим муассасаларига керакли ўқув жиҳозлари ва қўлланмалари етказиб берилади.
 
– Таълимдаги самарадорлик ўқитувчи меҳнати, билими ҳамда тажрибасига­ чамбарчас боғлиқ экани барчамизга аён. Айни пайт­да ўқитувчи ва мураббийларнинг билим даражаси, малака ва салоҳияти замон­ талабларига жавоб бера оладими? Уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
– Албатта, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий фаоллигини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс. Шу боис уларнинг меҳнати ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан рағбатлантирилиб ке­линмоқда. Зеро, ўқувчиларининг қалбига зиё таратмоқчи бўл­ган муаллимнинг ўзи ёниб яшаши керак!
Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳар йили тизимдаги илғор, ташаббускор, фидойи, юксак маҳоратга эга бўлган энг яхши ўқитувчилар рағбатлантириб борилмоқда. Ўқитувчилар доимий равишда ўз билим ва савияларини бойитиш, замонавий техника ва техноло­гиялар билан танишиш мақсадида малака ошириш инс­титутларида маҳоратини ошириб келмоқда. Педагоглар ўртасида турли кўрик-тан­ловларнинг ўтказилиши ва уларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ўқи­тувчилар салоҳиятининг юк­са­лишига хизмат қилади.
 
– Болаларнинг баркамол бўлиб вояга етишида спорт ва мусиқанинг ўрни беқиёс. Шу маънода болалар спортини ривожлантириш, санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижалари ҳақида маълумот берсангиз.
– Сўнгги йилларда юртимизда ёш авлоднинг истеъ­додини ҳар томонлама камол­ топтириш, улар миллий ва жаҳон мусиқаси, тасвирий санъатнинг юксак намуналаридан баҳраманд бў­лиши учун шароит яратиш, бошланғич мусиқий таъ­лим ти­зимини тубдан такомиллаштириш, санъат мак­табларини ривожлантириш йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июл­даги «Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009–2014-йилларга мўл­жалланган давлат дастури тўғрисида»ги Қарори муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, ушбу қарорга му­вофиқ 2009–2012-йилларда Болалар спортини ри­вожлантириш жамғармаси томонидан 175 та санъат мак­таби (71 та янги қурилиш, 104 та капитал реконс­трукция) фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда 55 та мактабда қурилиш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бунга жавобан ёшларимиз ҳам миллий санъат ва маданиятимизни дунёга танитмоқда, турли танлов ва фестивалларда фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритмоқда.
Давлатни спортчалик жа­ҳонга танитадиган соҳа бўл­маса керак. Бу борада ҳам қатор ютуқларга эришиб келмоқдамиз. 2012 – 2013-ўқув йилида 172 та болалар спорт объекти фойдаланишга топширилди. Жорий ўқув йилида республика бўйича жами 4167 та спорт тадбири ўтказилган бўлиб, уларда 1 млн. 148 минг 562 нафар ўқувчи қатнашди. Қувонарлиси, 53 та нуфузли халқаро мусобақада 707 нафар ўқувчимиз иштирок этиб, 204 та (81 та олтин, 61 та кумуш ва 62 та бронза) медалга сазовор бўлишди.
 
– Амалга оширилаётган ишларни ҳар қанча эътироф этсак арзийди. Шу ўринда табиий савол туғилади: кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларга ўқувчиларнинг муносабати қандай, улардаги масъулият ҳисси ортаяптими?
– Яратилган шароитлардан унумли фойдаланаётган ёшларимиз халқаро танлов ва мусобақаларда ғолибликка асосий даъвогарлар сифатида эътироф этилмоқда. Бу ҳар биримизга бир олам қувонч бағишлайди. Жумладан, 2012 йилда Италия, Франция, АҚШ, Россия, Озарбайжон ва бошқа давлатларда ўтказилган нуфузли халқаро мусиқа танловларида 85 нафар ўқувчимиз ғолибликни қўлга киритди, улардан 5 нафари гран-при билан тақдирланди. Спортчи ёшларимизнинг қўлга киритаётган ютуқлари эса бундан-да салмоқли.
Кўриниб турибдики, ёш­ларимиз яратилган шароитлардан мамнун ва бунга муносиб жавоб бера олаяпти ҳам.
 
– Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги ва маданият даражасига боғлиқ. Халқ таълими тизими­да ўқувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишларни қандай баҳолайсиз?
– Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва тафаккурини юксалтириш тараққиётимизни таъминлашнинг муҳим омилидир. Бунинг учун, биринчи навбатда, фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш зарур.
Халқ таълими тизимида бу борада махсус режалар ишлаб чиқилиб, кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Бунга вазирлик ташаббуси билан мактаб ўқувчилари ўртасида ташкил этилаётган «Конституциямиз – ҳуқуқ ва­ эркинликларимиз кафола­ти» ойлиги ҳамда «Конституция – бахтимиз пойдевори», «Президент асарларини ўрганамиз» каби кўрик-танловларни мисол тариқасида айтишимиз мумкин.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги ва Адлия вазирлиги ўртасида «Жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида»ги меморандум имзоланганини алоҳида қайд этиш керак.
 
– Суҳбатимиз давомида­ таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлардан бо­­хабар бўлдик, бугунги ҳо­­латни мустақилликнинг даст­лабки йилларидаги вазият билан солиштириб бўлмайди, албатта. Таълим ти­зи­мининг келажагини қандай тасаввур қилиш мумкин?
– Мамлакатимиз таълим тизимининг келажаги ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, давлатимиз хоҳ таълим тизимида бўлсин, хоҳ бошқа соҳада бўлсин, улкан марраларни забт этишга қодир. Зеро, юртимиз ёшлари ҳар томонлама баркамол, замон билан ҳамнафас тарзда вояга етмоқда. Фарзандлари соғлом юрт эса доимо қудратли бўлади.­
Азиз НОРҚУЛОВ
суҳбатлашди