Анонслар
“Huquq va burch” журналининг 2013 йил май сони
10.06.2013

 

“Huquq va burch” ижтимоий-ҳуқуқий журналининг 2013 йил 5-сони нашрдан чиқди.
Халқимиз ҳаётида маҳалла институтининг ўрни беқиёс. Азал-азалдан ўзбек маҳаллалари чинакам миллий қадриятлар маскани бўлиб келган. Истиқлол йилларида маҳалла ҳаёти билан боғлиқ кўплаб қадриятлар, удум ва анъаналар қайта тикланди. Энг муҳими, “маҳалла” тушунчаси конституциямизга киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми қатъий белгилаб қўйилди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган концепцияга мувофиқ Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди. 2013 йил 15 мартда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси қабул қилган, 28 мартда Сенат маъқуллаган мазкур ҳужжат 22 апрелда президентимиз томонидан имзоланди. Адлия вазири ўринбосари Анвар Усмоновнинг “Фуқаролар йиғини сайлови: унинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилди” номли мақоласида қонунчилигимиздаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти очиб берилган.
Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган вазифалар асосида 2013 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари хўжалик судларига даъво аризалари ва илтимосномаларини электрон шаклда ҳам бериш имконига эга бўлдилар. Олий хўжалик судининг судьяси Маҳмуда Израилбекованинг “Ахборот технологиялари судлар фаолияти такомиллашувига хизмат қилади” сарлавҳали мақоласида ушбу янгиликнинг афзалликлари, умуман, суд ишларини юритишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишнинг аҳамияти ҳақида сўз боради.
Кечаги кунлар хотираси бугунги осуда ҳаётимизнинг қадрига етишимизда муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода 9 май — Хотира ва қадрлаш куни бошқа байрамларимиздан фарқ қилади. Бу кунда нафақат иккинчи жаҳон уруши ёхуд мустабид тузум давридаги қатағонлар қурбони бўлган ота-боболаримиз, балки асрлар мобайнида ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшган инсонлар хотирасига ҳам ҳурмат бажо келтирилади, айни пайтда биз билан яшаб келаётган қарияларга, меҳнат ветеранларига иззат-икром кўрсатилади. Журналнинг ушбу сонида эълон қилинган туркум мақолаларда ана шундай юртдошларимиз ҳақида ҳикоя қилинади.
Буюк француз файласуфи, математик, физик ва физиолог олим Рене Декартнинг илмий мероси бутун дунёда юксак қадрланади. Шу маънода унинг ҳаёти ва серқирра ижоди ўқувчиларни қизиқтириши табиий. Юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидовнинг “Рене Декарт: Фикрлаяпман, демак мавжудман” номли мақоласи айни шу жиҳати билан эътиборга молик.
Бундан ташқари, “Суд ҳужжати: уни ижро этиш билан боғлиқ муаммолар”, биологик хилма-хиллик муаммолари таҳлилига бағишланган “Ҳаёт занжири”, бола ҳуқуқларининг мазмун-моҳияти кенг ёритилган “Жаннат райҳонлари” каби мақолаларда қаламга олинган долзарб, огоҳликка чорлайдиган мавзулар ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.