Адвокатга
Сохта ҳужжат асосидаги ҳукм
22.04.2013

Агар тергов даврида ишга тақдим қилинган ҳужжат сохта экани маълум бўлиб қолса, бу ҳолат иш юзасидан қабул қилинган ҳукмнинг ўзгаришига таъсир қилиши мумкинми?
 

Мўмин ҲАМИДОВ,

 

Фарғона вилояти Риштон тумани

 
 

Саволга ҳуқуқшунос Дониёр ХАЛИЛОВ жавоб беради:

Албатта, таъсир қилади. Хусусан, ЖПКнинг 522-моддаси талабига кўра суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан қуйидагилар аниқланса:
– жабрланувчи, гувоҳ ёхуд экспертнинг била туриб ёлғон кўрсатув ёки хулоса бергани, шунингдек, ашёвий далиллар, тергов ҳамда суд ҳаракатлари баённомалари ва бошқа ҳужжатлар сохта экани ёки била туриб ёлғон таржима қилингани қонунга хилоф ва асоссиз ҳукм ёки ажрим (қарор) чиқарилишига сабаб бўлгани;
– иш бўйича тергов ўтказган суриштирувчи ёки терговчи ёхуд терговнинг бориши устидан назорат қилган прокурор томонидан қонунга хилоф ва асоссиз ҳукм ёки ажрим (қарор) чиқаришга олиб келган жиноий суиистеъмолчиликка йўл қўйилгани;
– мазкур ишни кўриш чоғида судьяларнинг жиноий суиистеъмолчиликка йўл қўйгани;
– ҳукм ёхуд ажрим (қарор) чиқариш чоғида судга маълум бўлмаган, маҳкумнинг айбсизлигидан, бошқа жиноят содир этганлигидан ёхуд оқланган ёки иши тугатилган шахснинг айбдорлигидан далолат берадиган бошқа ҳолатлар ишни қайтадан бошлашга асос бўлади.
Янги очилган ҳолатлар муносабати билан айблов ҳукмини маҳкумнинг манфаатини кўзлаб қайта кўриб чиқиш ҳеч қандай муддатлар билан чегараланмайди.
Маҳкумнинг ўлими янги очилган ҳолатлар муносабати билан иш юритишни қайтадан бошлашга тўсқинлик қилмайди.
Оқлов ҳукмини ёки ишни тугатиш ҳақидаги суднинг ажримини (қарорини) қайта кўриш, шунингдек, суднинг айблов ҳукмини ва ажримини (қарорини) жазони енгиллаштириш ёки оғирлаштиришга доир бандни қўллаш зарурлиги сабабли қайта кўриш фақат Жиноят кодексининг 64-моддасида белгиланган жавобгарликка тортиш муддати давомида ва янги ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмасдан амалга оширилиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, агар:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб – уч йил;
б) унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб – беш йил;
в) оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб – ўн йил;
г) ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб (ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно) – ўн беш йил ўтиб кетган бўлса, шахс жавобгарликдан озод қилинади.
Жавобгарликка тортиш муддати жиноят содир этилган кундан бошлаб ҳукм қонуний кучга кирган кунгача ҳисобланади.
Бироқ, шуни унутмаслик керакки, агар жиноят содир этган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахс тергов ёки суддан яширинса, муддатнинг ўтиши тўхтатилади. Айбдор ушланган ёки айбини бўйнига олиб арз қилган кундан бошлаб муддатнинг ўтиши қайтадан тикланади.