Адвокатга
Юридик ёрдам учун имтиёз
22.04.2013

Оила аъзоларимиз кўп. Ўзим эса ногиронлик туфайли ишламайман. Биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга адвокат хизматидан бепул фойдаланиш имтиёзи берилганми?
 

Шарифжон БУРХОНОВ,

 

Юқоричирчиқ тумани

 
 

Саволга ҳуқуқшунос Дониёр ХАЛИЛОВ жавоб беради:

2010 йилнинг 20 июнида Вазирлар Маҳкамасининг "Адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан ҳақ тўлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида кам таъминланган шахсларга адвокат хизматидан фойдаланиш борасида имтиёз берилди. Бундан аввал ҳам шу каби тартиб мавжуд эди. Яъни, меҳнатга лаёқатсиз ва тўловга қобилиятсиз шахслар, шунингдек, жами даромади ҳар бир боқимандага ҳисоблаганда энг кам иш ҳақи миқдоридан ортиқ бўлмаган фуқаролар ҳуқуқий ёрдам учун ҳақ тўлашдан (Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 16 июндаги қарорига мувофиқ) озод қилинган.
Янги тартибга кўра:
— фуқарони юридик ёрдам кўрсатилгани учун ҳақ тўлашдан озод қилиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори, суднинг ажрими бўлса;
— ҳақ тўлашдан озод қилиш тўғрисида қарор (ажрим) қабул қилинган кунда фуқаронинг ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ялпи ойлик даромад энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаганда;
— гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи ҳимоячидан воз кечиши билан боғлиқ процессуал ҳаракатда адвокат иштирок этган ҳолларда, шунингдек, Жиноят-процессуал кодекси 52-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ жиноят ишида ҳимоячининг қатнашиши мажбурий деб ҳисобланган ҳолларда адвокатга давлат ҳисобидан ҳақ тўланади.