Адвокатга
Юридик ёрдам
22.04.2013
 
Суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг ўз адвокатларига эга бўлиши, исталган вақтда улар билан учрашиб, ёрдам олишларига оид қонун нормалари ҳақида маълумот берсангиз.
 

Х.ЗОКИРОВ,

 

Урганч тумани

 
 

Саволга ҳуқуқшунос Гўзал Исоқжонова жавоб беради:

Мамлакатимизда маҳкумларнинг юридик ёрдам олиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. Хусусан, Жиноят-ижроия кодексининг 10-моддасига мувофиқ маҳкумлар адвокатлардан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга.
Юридик ёрдам олиш учун адвокатлар билан холи учрашиш имконияти маҳкумларга уларнинг аризасига ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра берилади.
Адвокат билан учрашувни маҳкумнинг ўзи хоҳламаганлиги сабабли ҳимоячининг маҳкум юридик ёрдам олиши учун у билан учрашув берилиши тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилганлиги адвокат маҳкум билан холи суҳбатлашганидан кейин тасдиқланиши керак. Бу ҳақда баённома тузилиб, у маҳкум, адвокат ва жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг вакили томонидан имзоланади.
Маҳкумларнинг адвокатлар билан учрашувлари сони ва муддати чекланмайди.
Бундан ташқари, мазкур моддада адвокатнинг ҳам юридик ёрдам кўрсатиш борасидаги ҳуқуқлари қайд этилган. Унга кўра адвокат қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг, прокурорнинг, суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят бериш;
– жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятидан маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни сўраб олиш.