ОХСда кўрилган ишлар
14-1102/16427 – сонли қарор
22.04.2013

2011 йил 6 декабрь (кўчирма)
 
Лицензиат лицензия битимида қайд этилган лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузган ҳолларда, лицензиянинг амал қилиш муддати тугатилади
 
Ўзбекистан Республикаси Соғлиқни саклаш вазирлиги хўжалик судига мурожаат қилиб, «Нурбулоқ маъданли сув билан даволаш» хусусий шифохонасига (бундан буён матнда — шифохона деб юритилади) Соғлиқни саклаш вазирлиги томонидан 2004 йил 6 декабрда тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган 4029-ТИБ-сонли лицензиянинг амал килишини тугатишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилган. Соғлиқни саклаш вазирлиги томонидан 2004 йил 6 декабрда тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган 4029-ТИБ-сонли лицензиянинг амал килиши тугатилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Кассация шикоятида суд қарорларини бекор қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Соғлиқни саклаш вазирлиги томонидан шифохонага тиббий фаолиятни амалга ошириш учун 2004 йил 6 декабрда 4029-ТИБ-сонли (серияси А №001255) лицензия берилган бўлиб, ушбу лицензияга асосан шифохонага амбулатор ва стационар шароитда физиотерапия бўйича даволашга рухсат этилган.
Ушбу лицензияга асосан Соғлиқни саклаш вазирлиги ва шифохона ўртасида 2005 йил 22 февралда 1577-сонли лицензия шартномаси тузилган бўлиб, ушбу шартноманинг 2.1-бандига кўра, шифохона тиббий фаолиятни лицензия талаблари ва шартларига риоя қилган ҳолда амалга ошириши кўрсатилган, шартноманинг 2.2-бандида тиббий фаолиятни амалга ошириш жараёнида лицензия талаблари ва шартлари нималардан иборатлиги белгиланган.
Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгашининг 2011 йил 19 июлдаги 06-10432-сонли хати ижросини таъминлаш мақсадида' Соғлиқни саклаш вазирлигининг 2011 йил 20 июлдаги 220-сонли буйруғига асосан Самарқанд вилояти, Нуробод тумани, Нурбулоқ кўрғонида жойлашган шифохонада 2011 йил 25 июль куни лицензия шартномаси талаблари ва шартларининг бажарилиши юзасидан қисқа муддатли текшириш ўтказилган.
Текширишда Соғлиқни саклаш вазирлиги ва шифохона ўртасида 2005 йил 22 февралда тузилган 1577-сонли лицензия шартномасининг шартлари қўпол равишда бузилгани аниқланган.
Лицензия шартномасида шифохонага лаборатория ташкил этишга рухсат берилмаган бўлса-да, жавобгар томонидан ушбу фаолият тури билан шуғулланилган.
«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига асосан, лицензият лицензия битимида қайд этилган лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузган ҳолатларда, лицензиянинг амал қилиш муддати тугатилади.
Биринчи инстанция суди Соғлиқни саклаш вазирлиги томонидан шифохонага берилган лицензиянинг амал қилишини тугатиш ҳақида қонуний тўхтамга келган.
Апелляция инстанцияси суди юқорида баён этилганларни инобатга олиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.