Суд очерки
Пушаймонлик сафари
15.04.2013
 
Одам савдоси ва унинг оқибатлари хусусида эшитмаган одам бўлмаса керак. Оммавий ахборот воситалари ушбу жиноят ҳақида бонг уриб, аҳолини ҳушёрликка чақирмоқда. Бироқ, булардан ҳамма ҳам хулоса чиқараяпти деб бўлмайди. Одамфурушларнинг хорижга, катта-катта маош тўланадиган ишга юбориш ҳақидаги ёлғонларига учиб, жиноят қурбонига айланаётганлар ҳамон учраб турибди.
Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида одам савдоси билан шуғулланишда айбланган бир қанча шахсларга доир жиноят иш­лари кўриб чиқилди. Судланувчиларнинг жиноий фаолиятига нуқта қўйилди, уларга қилмишларига яраша жазо тайинланди. Кишини ўйга толдиргани айрим хотин-қизлар бундай кимсаларнинг тузоғига осонгина тушиб, қуллик занжирига ўзларини тутиб бераётганидир. Ғишт қолипдан кўчгандан кейинги афсус-надоматлардан эса фойда йўқ. Жабрланувчиларнинг суд мажлисида берган кўр­сатмаларидан, ўйлаймизки, хорижда жарақ-жарақ пул ишлаш ниятида юрганлар тегишли хулоса чиқариб оладилар.
Жабрланувчи О.Элназарова (барча исм-фамилиялар ўзгартириб берил­моқда)­нинг кўрсатмасидан:
«2010 йилнинг март ойларида Олмалиқ шаҳрида Зара (кейинчалик билсам, ҳақиқий исми Зуҳро экан) исмли қиз билан танишиб қолдим. Гап орасида у менга Хитойнинг Пекин шаҳрига официантлик ёки идиш-товоқ ювувчи қилиб ишга жойлаб қўйиши мумкинлигини, бир кунлик иш ҳақи камида 200 доллар бўлиши­ни, ўзи ҳам ўша жойга кета­ётганини, лекин бунинг учун олдиндан 6500 доллар керак бўлишини, тураржойдан муаммо бўлмаслигини, бу масалани ўша ёқдаги танишлари ҳал қилишини, йўл ҳужжатлари ва харажат­ларини эса ўз зиммасига олишини айтди. Мен бу таклифни ўйлаб кўриб, жавобини айтаман дедим. Бир ҳафтадан кейин қўнғироқ қилиб, Хитойга боришга розилигимни билдирдим. Шундан сўнг у ўзининг «Нексия» русумли автомашинасида келиб самолётга чипта олиш учун паспортимни олиб кетди.
Март ойининг охирларида Зара менга қўнғироқ қи­либ, 7 апрелда Пекинга уча­диган самолётга чипта олга­нини, зарур буюмларим би­лан ўша куни эрталаб Тошкентга етиб келишимни та­йинлади. У мени «Қўйлиқ» бозорида кутиб олди ва икка­ламиз аэропортга йўл олдик.­
Пекинда бизни европа миллатига мансуб 25-30 ёш­лардаги бир йигит кутиб ол­ди. Кечқурун ўша йигитникида қолдик, эрталаб эса Зара иккаламиз «Муянг» меҳмонхонасига бориб жойлашдик. Кечки пайт Зара «Chocoladе» тунги клубида фоҳишалик қилишини, 6500 доллар топиш учун мен ҳам шундай қилишим кераклигини айтди. Бу гапларни эшитиб, қўрқиб кетдим, бу­нақа бўлиши хаёлимга ҳам келмаганди. Мен унинг таклифига кўнмадим, у эса пас­портимни, авиабилетимни олиб қўйиб, сув ҳам, овқат ҳам бермаслигини, ҳеч қаёққа кетолмаслигимни айт­ди. Алданганимни билиб, йиғ­лашга тушдим. У эса кўзёш тўкишдан фойда йўқ­лигини, ҳеч ким ёрдам бермаслигини айтгач, унинг айт­ганига мажбуран рози бўл­дим. Кечқурун Зара мени тунги клубга бошлаб борди.­
Бу ерда у турли ёш, турли миллатдаги мижозлар билан гаплашиб, мени уларга қўшиб меҳмонхонага жўнатиб юборарди. Бир кечада 2-3 тагача мижозга хизмат қилган бўлсам-да, ҳеч вақо олганим йўқ. Бошимга тушган хўрликлардан қутулиш йўлини ўйлардиму, ҳеч иложини қилолмасдим. Шу зайлда бир ойдан ортиқ вақт ўтди. Кутилмаганда Зара Тошкентга кетадиган бўлиб қолди. У агар менга пул юбориб турсанг, паспорт ва авиачиптангни ташлаб кетаман деди. Иложим йўқ эди, қайтиш авиачиптаси 1 июнга олинган, ҳали анча вақт бор эди.
Зарага ҳаммаси сен айтгандек бўлади дедиму, у кетгач «иш»га чиқмай қўй­дим. Бироқ, меҳмонхона тў­лови, еб-ичиш учун пул за­рур эди. Ноилож «Choco­ladе» тунги клубига бориб, яна танамни сотиш билан шу­ғулланишга мажбур бўл­дим. Ниҳоят, юртга қайтадиган кун ҳам келди. Уйдагиларни яхшироқ иш тополмаганимни, топганим ўзимдан ортмаганини айтиб алдашга мажбур бўлдим. Бу орада Зара қайтиб келганимдан хабар топибди. Сен учун сарфлаган харажатларимни ҳали қоплаганинг йўқ, шунинг учун ишни давом эттир деди. Бунинг қўлидан ҳар иш келади деб ўйлаб, яна ихтиёримни унинг қўлига топширишдан бошқа чора то­полмадим. Заранинг Зоҳир­ ва Ибо исмли танишлари ҳужжатларимни тўғрилаш ва Хитойга жўнатиш билан шуғулланишди. Пекинда Зара кутиб олди ва яна «Choco­ladе» тунги клубида «ишлай» бошладим.
Орадан бир ойча вақт ўтгач, Тошкентдан Музина исмли қиз келди. У ҳам За­ранинг алдовига учганини дарров сездим. Кечқурун Зара унга нима иш би­лан шуғулланишини айтганида бечора роса йиғлаб-сиқтади. Бироқ Зара унга бошқа йўл йўқ эканини тушунтирди. Шундай қилиб, иккаламиз Зара учун ишлай бошладик. У яна ов учун Тошкентга кетадиган бўлди ва бизни Лео исмли йигитга топширди. Уйга қайтамиз десак, на ҳужжати­миз бор, на пулимиз. Музи­на иккаламиз яна тўрт ойча Зара ва Лео учун ишлагач, бир амаллаб Тошкентга келдик. Зара ва ҳамтовоқларининг кирдикорлари хусусида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълум қилдик.
Бизни ишлатишдан ташқари Зара ва унинг Лола исм­ли ўртоғи ҳам тунги клубда фоҳишалик билан шу­ғулланар, улар ҳам бир ке­чада 2-3 нафар мижозни қабул қиларди. Тошкентда уларни ишбилармон аёл қиё­фасида кўриб ҳайратда қолдим».
Жабрланувчи М.Оғабекованинг кўрсатмасидан:
«Одамлар хорижий давлатларга ишга кетиб, катта-катта пул ишлаб келаётганлиги ҳақида эшитардим. Им­кони бўлса, мен ҳам чет эл­да ишлаб келаман деб ор­зу қилиб юрардим. Алиса Лугай деган корейс хотин билан тасодифан танишиб қолганимда, унинг гапларини эши­тиб, орзум амалга ошадиган­ бўлди деб севиндим. Ахир, у мени узоқ давлат эмас, қўш­ни Қозоғистондаги яхшигина ҳақ тўланадиган иш­га жойлаштириб қўйишга ваъда берганди-да. Ундан йўл харажатлари, тураржой билан таъминлаш масалалари иш берувчининг зиммасида эканини эшитиб, хурсанд бўлиб кетдим. Ҳақиқатан шундай бўлди, Алиса мен учун елиб-югурди. Қозоғис­тон чегарасида бизни Арман­ исмли йигит кутиб олиб, Ос­тона шаҳрига олиб кетди.­ У бизни Инга исмли аёлга топширгач, ғойиб бўлди. Ин­га нима иш билан шуғулланишимни айтгач, бунга кўн­масдан роса йиғладим. Аммо фойдаси йўқ эди, у ҳатто йўқ қилиб юбориш билан пўписа қилди. Шундан сўнг сауналарда танфурушлик билан шуғуллана бошладим. Инга сени беш минг доллар­га сотиб олганман, қарзинг­ни узганингдан сўнг ишлаб топган пулингнинг йигирма фоизини олиб турасан деган­ди. Лекин қўлим пул кўрмади. Уйдагилар би­лан телефонлашиб турардим. Бир куни ўғлим қаттиқ бетоб бў­либ қолганини, тезда етиб келишимни айтишди. Кошки­ эди Инга бунга кўн­са. Йиғлаб-сиқтаб, ўғлим со­ғайиб кетиши билан қайтиб келишимни, у учун яна пул иш­лаб беришимни айтганимдан­ сўнг рози бўлиб, йўл харажати учун озгина пул берди, холос.
Етти ёт бегона одамнинг гаплари билан таваккал қи­либ, катта хатога йўл қўйганимни кеч тушуниб етдим. Хо­рижда бошимдан ўтказган­ хўрликлар, азоб-уқубатлар менга катта сабоқ бўл­ди».
Жабрланувчи Б.Содиқованинг кўрсатмасидан:
«Оилада кўпчиликмиз. Иш­лаб, уйдагиларга ёрдамим тегса деб таниш-билишлардан иш суриштириб юр­гандим. Танишимиз Баҳор хола Орзухон деган аёл кўп­чиликни чет элга иш­­га жў­натаётганини айтиб қолди. Хуллас, ўша аёл билан учрашдим. Қозоғистонга ишга юбораман, официантлик қи­ласан, ойига 500-600 доллар­ ишлайсан деди. Рози бўлдим.
Айтилган куни сафар тай­ёргарлигини кўриб, йўлга чиқ­дим. Чегарадаги назорат­ пунктига келгач, Орзухон опа постдан алоҳида-алоҳида ўтамиз, ҳамроҳларингиз борми деб сўрашса, йўқ деб айтинг, нима мақсадда Қозоғистонга бораяпсиз дейишса,­ айланиб келишга деб жавоб­ беринг деб қайта-қайта тайин­лади. Назорат постида мен­дан сафардан мақсадимни­ сўрашди. Уларга Орзухон опа ўргатган гапларни айтдим. Ҳуқуқ-тартибот ходимларидан бири менга рост гапиришни, алдовга учиб қолмаслигимни айтиб, айрим­ ноинсоф юртдошларимиз хо­тин-қизларни ишга жойлаштириш баҳонасида хорижга чиқариб, қул қилиб сотиб юбо­раётганликларини, хор-зор­ликда қийналиб, тузалмас­ касалликларга дучор бўлаётганликларини тушунтирди. Унинг куюниб айтган гапларидан кўзим очилди. Ҳаммасини рўй-рост гапириб бердим. Менга бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органига му­рожаат қилишим мумкинли­гини тушунтиришди.
Кейин билсам, Баҳор ва Орзухон опалар Қозоғистонга ёш-ёш қизларни ишга жойлаштириш баҳонасида олиб ўтиб, сауна ва меҳмон­хоналарда фоҳишалик қи­лиш­га мажбурлашар экан. Бундай хўрликка дучор бў­лишдан асраб қолганликлари учун ҳуқуқ-тартибот хо­димларидан миннатдорман».
Англаганингиздек, жабрланувчиларнинг барчаси одамфурушларнинг яхши ҳақ тўланадиган ишга жойлаштириш ҳақидаги ваъдаларига учиб, тузоққа тушиш­ган. Уларнинг асл мақсадларидан бехабар бўлишган. Бу одам менга ўзи ким, не­га хорижга кетишим учун елиб-югураяпти, нега мен учун ёнидан пул сарфлаяпти деб ўйлаб кўришмаган. Ахир, бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур деган мақол бежиз айтилма­ган-ку. Оқибати эса...
Юқоридаги жабрланувчилар каби одам савдоси қурбонига айланмаслик, аввало,­ ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Кимдир чет элда яхши ҳақ тўланадиган ишга жой­лаш­ти­­­ришни таклиф қилса, унинг­ ваъдаларига лаққа туш­манг. Огоҳ бўлинг, ҳу­қуқ ва манфаатларингиз бу­зилишига, инсоний қадр-қим­матингиз топталишига йўл қўйманг.
Даврон НОРБОЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Бектемир туман суди судьяси