ОХСда кўрилган ишлар
10-1021/14927-сонли қарор
10.04.2013
 
Даъвогар — «Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори» ОАЖ (бундан буён матнда ОАЖ) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар — «KOMSHER FAYZ» хусусий корхонасидан 4115408 сўмлик асосий қарзни ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2010 йил 12 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2010 йил 9 декабрдаги карори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
«KOMSHER FAYZ» хусусий корхонасининг кассация шикоятида суд қарорларини бекор килиб, даъво талабларини рад этиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, ОАЖ ва «KOMSHER FAYZ» хусусий корхонаси ўртасида 2010 йил 1 январда 12-УО-сонли ижара шартномаси тузилган. Ушбу шартномага асосан ОАЖ ҳудудидаги 17 - 18-сонли умумий овқатланиш тармоғи «KOMSHER FAYZ» хусусий корхонасига ижарага берилган. Шартноманинг 2.1 бандига биноан бир ойлик ижара ҳақи 1332000 сўмга келишилган. Аммо, даъвогар 2010 йил 1 январдан 2010 йил 1 августга кадар 4115408 сўм қарз бўлиб қолган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236-моддасига биноан мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда кўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Ушбу Кодекснинг 573-моддасига мувофиқ бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига бино ёки иншоотни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёхуд вақтинча фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
«Ижара тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига асосан ижара шартномаси шартларининг ўзгартирилишига, унинг бекор қилинишига ва тўхтатилишига томонларнинг келишуви билан йўл қўйилади. Томонларнинг бири шартнома шартларини бузган тақдирда иккинчисининг талабига кура ижара шартномаси тегишли суднинг карори билан бекор қилиниши мумкин.
Мазкур ҳолатда томонлар ўртасида ижара шартномаси шартларининг ўзгартирилиши, унинг бекор қилиниши ёки тўхтатилиши ҳақида келишув мавжуд эмас.
Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 163-сонли қарорининг 12-бандига кўра, Фуқаролик кодексининг 333-моддасига асосан, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавоб бериши белгиланган.
Шу сабабли, биринчи инстанция суди даъво талабини қаноатлантириб тўғри хулосага келган, апелляция инстанцияси суди эса асосли равишда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Бундай ҳолатда судлов ҳайъати биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилиб, асослантирилган қарор қабул қилинган деб ҳисоблаб, суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятларини қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанциясида кўриш билан боғлиқ суд ҳаражатларининг олдиндан тўланганлигини инобатга олишни лозим топади.