ОХСда кўрилган ишлар
10-1019/1750-сонли қарор
10.04.2013
 
Бектемир туман давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, «KORYO» масъулияти чекланган жамиятига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига асосан 434100 сўм, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 мартдаги «Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-605-сон Қарорига мувофиқ энг кам иш ҳақининг 200 баравари миқдорида — 7536000 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация протестида суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш, кассация шикоятида эса суд қарорларини бекор қилиб, жавобгарга жами 7970100 сўм молиявий жарима қўллаш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати протест ва шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, даъвони тўлиқ қаноатлантиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиклаштирувчи Республика Кенгаши Тошкент шаҳар ҳудудий комиссиясининг 2009 йил 12 декабрдаги 06/27-316-сонли рухсатномасига ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг 2009 йил 12 декабрдаги 1225х/с-сонли буйруғига асосан Тошкент шаҳар, Бектемир туман, Бектемир шоҳ кўчаси, 42-уйда жойлашган «KORYO» масъулияти чекланган жамиятига қарашли ошхонада қисқа муддатли текшириш ўтказилган.
Текширишда ошхона бармени Т.Ц. томонидан ҳаридор Ш.Р.га 12500 сўмга назорат-касса машинаси чеки берилмаганлиги, шунингдек ошхона биносида «Сауна» мавжуд бўлиб, у ерда официант В.Ц.нинг ҳужжатларсиз фаолият юритаётганлиги аниқланган ва ундан 1244800 сўм, 100 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари ҳамда ҳеч қандай ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 13 турдаги 78 дона, умумий қиймати 434100 сўмлик спиртли ичимликлар олиб қўйилган.
Текширишда аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича Бектемир туман давлат солиқ инспекциясининг «KORYO» масъулияти чекланган жамиятига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 1130400 сўм молиявий жарима қўллаш ҳақидаги 2010 йил 4 январдаги қарори ихтиёрий равишда бажарилган. Аммо, ушбу Кодекс 114-моддасининг биринчи қисмига биноан 434100 сўм, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 мартдаги «Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-605-сон Қарорига асосан 7536000 сўм молиявий жаримани ихтиёрий тўлаш ҳақидаги қарорлар бажарилмаган.
Шу сабабли даъвогар жавобгарга молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъвони рад этиш ҳақида нотуғри тухт Чунки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114-моддасининг қисмида кирим қилинмаган товарларни сақлаш, бундан уларнинг қонун келиб чиқиши тасдиқданган ҳоллар мустасно, ёхуд товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумларни яшириш (камайтириб кўрсатиш) кирим қилинмаган товар қиймати ёки яширилган (камайтириб кўрсатилган) тушум суммасига тенг миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган бўлиб, жамиятга тегишли «Сауна»дан далилий ашё сифатида олинган 13 турдаги 78 дона, умумий қиймати 434100 сўмлик спиртли ичимликлар жамиятга кирим қилинмаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 мартдаги ПҚ-605-сонли Қарори билан тасдиқданган «Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидалари»нинг 16-бандига мувофиқ алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишнинг белгиланган қоидалари бузилганлиги учун юридик шахсларга алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима солиниши назарда тутилган бўлиб, жамиятга тегишли «Сауна»дан далилий ашё сифатида олинган 13 турдаги 78 дона, умумий қиймати 434100 сўмлик спиртли ичимликларнинг тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва улар истеъмолга яроқсиз бўлганлиги учун 2010 йил 19 февралдаги суд қарорига асосан йўқ қилинган.
Юқорида баён этилган ҳолатларнинг содир этилганлиги жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг 2010 йил 19 февралдаги қарори билан тасдиқланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг тўртинчи қисмига кўра ушбу ҳолатлар хўжалик суди учун мажбурийдир.
Биринчи ва апелляция инстанцияси судларининг даъвони рад қилиш учун келтирган асослари билан келишиб бўлмайди.
Чунки, текшириш ўтказилган вақтда жамият директори Н.Х. ошхонага тегишли бинонинг кадастр ҳужжатлари кадастрда эканлигини билдирган ва уларни текширувчиларга кўрсатмаган. Аммо, «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати» давлат унитар корхонасининг 2010 йил 12 мартдаги 157/Д-сон хатидан кўринишича, жамиятга тегишли ошхона биносига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун 2009 йил 16 декабрда, яъни текшириш ўтказилганидан сўнг буюртма берилган. Бундан кўринадики, текшириш ўтказилган куни ҳам ошхона биносининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган.
Қолаверса, текшириш жараёнида «Сауна» кассири ёзма тилхат ва тушунтириш хати берган бўлиб, унда «Сауна»нинг «KORYO» масъулияти чекланган жамиятига тегишли эканлигини ва «Сауна» хизматидан келиб тушган пулларни жамият раҳбарига беришини, кассадаги барча пуллар мижозлардан келиб тушганлигини аниқ баён этган.
Биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аникламасдан, даъвони рад этиш ҳақида нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилган. Апелляция инстанцияси суди эса ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида асоссиз тўхтамга келган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.