Мурожаат қилиш тартиби
06.04.2013

 

 

Ҳурматли фойдаланувчи!
“Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятига ариза, шикоят ва таклифлар билан ёзма ва электрон тарзда мурожаат қилишингиз, ўзингизни қизиқтирган саволларга мутасаддилардан ҳуқуқий жавоб олишингиз мумкин. Шу билан бирга мурожаат қилишда қуйидагиларни унутмаслигингизни сўраймиз:
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида кафолатланган ҳуқуқларини давлат органлари, муассасалари фаолияти билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқи ва тартибини, мурожаатлар бўйича давлат органлари раҳбарлари, масъул ходимлари ҳамда мурожаат қилувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва бурчларини, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати ва тартибларини, мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни белгилайди.
Хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат органларига ушбу Қонунга мувофиқ мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.
Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.
Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.
Ёзма мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.
Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади.
Мурожаат этувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Қонун жисмоний ва юридик шахсларга давлат органларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқини кафолатлайди.
Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаатлар соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонунда белгиланган тарзда тартибга солинади.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши:
кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;
давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Мурожаатлар давлат органлари томонидан қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт, ушбу Қонуннинг 20-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Жисмоний ёки юридик шахс мурожаатни қабул қилиш ва кўриб чиқиш қонунга хилоф равишда рад этилганлиги устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд бевосита судга шикоят қилишга ҳақли.
Давлат органлари мурожаатларни кўриб чиқишда қонунга хилоф ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) барҳам беришга доир чора-тадбирларни дарҳол кўриши, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаши, мурожаат этганлиги муносабати билан жисмоний шахс, унинг вакили, уларнинг оила аъзолари, юридик шахс, унинг вакили ва юридик шахс вакилининг оила аъзолари таъқиб қилинишига белгиланган тартибда барҳам бериши шарт.
Мурожаат давлат органлари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахс мурожаат кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборот олиш, шахсан важларини баён этиш ва тушунтиришлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ҳамда уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
 
“Huquq va burch” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятига мурожаатлар бўйича (0-371) 233-32-87 телефон рақамига қўнғироқ қилиб, қўшимча маълумотлар олишингиз мумкин.