Афоризмлар
Қонун, ҳақиқат ва адолат ҳақида
06.04.2013

Эзгулик ва иллатларни ўлчовчи умумий мезон фақат давлатда мавжуд бўлади. Ҳар бир давлатнинг қонунлари ана шу мезон вазифасини ўтайди.

Томас Гоббс

* * *

Одамлар! Энг аввало, эзгу ахлоққа эга бўлишга ҳаракат қилинг, зеро, ахлоқ қонуннинг асосидир.

Пифагор

* * *

Бир лаҳза ҳам қонунни ёддан чиқармаслик даркор. Тарафкашларни кучсизлантириш, гапга чечанларни қўлга олиш ва ҳар қандай мулоҳазакорликка чек қўйиб, мамлакатни фақат ва фақат қонунга таяниб бошқариш жоиздир.

Шан Ян

* * *

Баъзи ёзилмаган қонунлар ёзилганларидан кучлироқдир.

Сенека

* * *

Ҳар бир қонуннинг икки таянчи бўлиб, бири жазо, иккинчиси мукофотдан иборатдир.

Хан Фэй

* * *

Ҳақиқат ҳақида ўзганинг шоҳидлиги ёки бошқа бир одамнинг нуфузига қараб фикрлаш ножоиздир.

Монтен

* * *

Донишмандлик – ҳақиқатни сўзламоқ ва табиатга қулоқ тутиб, унга бўйсунмоқликдан иборатдир.

Гераклит

* * *

Туйғуларимизнинг ожизлиги боис ҳақиқат хусусида мушоҳада этмоққа қурбимиз етмайди.

Анаксагор

* * *

Мен аста-секин шундай хулосага келдимки, инсон­лар­аро муносабатдаги самимийлик, ҳақиқатгўйлик ва ҳаққонийлик ҳаётий бахтга эришишда катта аҳамиятга эга.

Бенжамин Франклин

* * *

Адолат жуда улуғ ва фавқулодда мустаҳкам туйғудир. Бу туйғуни тарбиялаб, тўсиқ қўйилмаса, ердан осмон қадар юксалади... Тафаккурингиз бу туйғуни унутмасин.

Мэн-Цзи

* * *

Дунёда икки буюк тушунча бор. Буларнинг бирламчиси – тақдир, иккинчиси – адолат.

Чжуан-Цзи

* * *

Ақлли, ахлоқли ва адолатли бўлмай туриб, кўнгилдагидек яшаш мумкин эмас. Ва, аксинча, кўнгилдагидек яшамай туриб, ақлли, ахлоқли ва адолатли ҳаёт кечириб бўлмайди.

Эпикур

* * *

Адолат ва эзгуликдан айри тушган ҳар қандай билим доғулиликка айланади. Уни донолик деб аташ ножоиздир.

Суқрот

* * *

Адолатли зотларни туғишганингиздан ҳам аълороқ кўринг.

Антисфен

* * *

Эзгулик адолатсизлик қилмасликкина эмас, уни истамаслик ҳамдир.

Демокрит

* * *

Кўпгина одамлардаги адолатсеварлик адолатсизликка рўпара бўлишдан чўчиш белгиси ҳисобланади.

Франсуа де Ларошфуко