Умумий сифат бошқаруви: ҳукумат фаолиятини такомиллаштириш

39

Жорий йилнинг 5-6 август кунлари Адлия вазирлиги томонидан “Умумий сифат бошқаруви: ҳукумат фаолиятини такомиллаштириш” мавзусида тренинг ташкил этилди.

Унда мамлакат вазирлик ва идораларининг қирққа яқин вакиллари қатнашди. Бирлашган Араб Амирликлари томонидан эксперт сифатида Бирлашган Араб Амирликлари Вазирлар Маҳкамаси ва келажак ишлари бўйича вазирлиги Шейх Халифа ҳукуматининг такомиллаштириш дастури директори Марван Ал-Зааби таклиф қилинди.

Тренинг мақсади давлат органлари вакилларининг фаолияти самарадорлигини ошириш соҳасида уларнинг малакасини ошириш ҳисобланади.           

Мазкур икки кунлик тренинг давомида Бирлашган Араб Амирликларнинг Ҳукумат ишлари ва келажак вазирлигининг вакили жаноб Марван Ал-Зааби томонидан Ўзбекистон Ҳукуматининг фаолияти самарадорлиги ва салоҳиятини оширишда амирликларнинг тажрибасини қўллаш бўйича ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.

Таъкидлаш жоизки, Бирлашган Араб Амирликларнинг Ҳукумат ишлари ва келажак вазирлиги федерал ҳукумат секторининг самарадорлиги ва давлат хизматлари сифатини ошириш, инновацияларни жорий қилиш ва мавжуд тизимни такомиллаштириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Хусусан, Ал-Зааби мамлакатимизнинг вазирлик ва идораларидан қатнашган қирққа яқин вакилларига умумий сифат бошқаруви: ҳукумат фаолиятини такомиллаштиришда жараён ва хизматлар ҳамда унинг аҳамияти ҳақида маълумотлар берди.

БААда жараён самарадорлигини ўлчашнинг 9 усули мавжуд эканлиги ҳамда мазкур 9 усул давлат бошқарувида бўлиши жараён самарадорлигини оширилишига хизмат қилиши таъкидланди. Жараённинг самарадорлигини оширилиши мижознинг ҳамда етказиб берувчининг талабларига, белгиланган нарҳга, вақт режимига ҳамда бошқаларга боғлиқлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, тренингда БААда фойдаланиладиган етти юлдуз хизмати ҳақида маълумот берилди.

Унга кўра етти юлдуз хизмати қуйидагилар орқали амалга оширилади:

  1. Мижознинг тажрибаси;
  2. Кўп канналлар (тармоқлар);
  3. Хизмат интеграцияси;
  4. Хизмат маданияти;
  5. Хизмат самарадорлиги;
  6. Давлат бошқаруви;
  7. Инновация.

Бундан ташқари, тренингда иштирок этганларга ал-Зааби томонидан давлат бошқарувини амалга оширишда стратегик режалар қабул қилиш ва амалга ошириш бўйича тақдимотини намойиш этди. Бунда ҳаракат, режа, текшириш ва бажариш сифат-деминг сиклнинг асосий элементлари ҳисобланади.

Жаноб Марван Абдулла Ал-Зааби тақдимотида ташкилотни ўзини ҳис қилиш, ҳар бир ходим ташкилотнинг ваколатини тушунганлигига ишонч ҳосил қилиш, асосий манфаатдор томонлар кимлигини билиш, ташкилотга тўлиқ экотизим сифатида қараш, ҳужжатлар, самарадорлик аҳамиятини тушуниш ҳамда раҳбариятни қуллаб-қувватлаш давлат бошқарувида асосий ўрин тутишини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида жараённи амалга ошириш ва унинг самарадорлигини оширишда 9 усулнинг аҳамияти, шунингдек, тадбирда иштирок этганлар ўзларининг фаолиятида стратегик режалар қабул қилиш ва амалга ошириш механизми бўйича тренинг иштирокчилари ўртасида гуруҳларга бўлинган ҳолда ўқув машғулотлари ҳам бўлиб ўтди.         

Ушбу тажриба алмашинув келгусида Ҳукумат ва унинг таркибига кирувчи давлат органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилиб, ушбу йўналишдаги мутахассислар малакасини оширишда аҳамиятлидир.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 июндаги фармойиши билан тасдиқланган Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг “Давлат бошқаруви самарадорлиги” бўлимининг 2-бандига мувофиқ, 2019 йил июл-ноябр ойларида давлат бошқаруви самарадорлиги соҳасида давлат органлари вакилларининг малакаларини ошириш бўйича тренинглар ўтказиш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи самарали ўтди. Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий, инвестицион, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, 10 миллиард доллардан ортиқ ўзаро манфаатли икки томонлама ҳужжатлар ва инвестиция шартномалари имзоланди.