“РЕМБАТ”чиларимиз иккинчи ўринни қўлга киритди (+фото, видео)

Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!
 
Россия Федерациясининг Омск шаҳрида ўтказилган “РЕМБАТ” – “Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация батальони” мусобақаси ўз якунига етди. Қувонарлиси, унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси якка тартибдаги пойга, ҳарбий техника эстафетаси, отиш тайёргарлиги, жамоа сардорлари беллашуви шартларини кўнгилдагидек бажариб, якунда умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.
 
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ЎзАга маълум қилди.
 
Мусобақа 4 август куни старт олган эди. Ўзбекистон ҳарбий мутахассислари ушбу мусобақада биринчи маротаба иштирок этишига қарамай, бешта босқичдан иборат бўлган баҳсларнинг тўрттасида иккинчи, биттасида эса биринчи ўринни қўлга киритди. Умумий ҳисобда Россия биринчиликни қўлга киритди. Учинчи ўрин Лаос жамоасига насиб этди. Дунёнинг кучли 8 жамоаси иштирок этган мазкур мусобақада Ўзбекистон вакиллари жами 6 022 балл йиғди.
 
photo_2019-08-10_11-06-38.jpg
 
photo_2019-08-10_11-06-39.jpg
 
photo_2019-08-10_11-06-40.jpg
 
photo_2019-08-10_11-06-41 (2).jpg
 
photo_2019-08-10_11-06-41.jpg
 
– Йигитларимиз ушбу мусобақага жиддий тайёргарлик кўрган эди, – дейди жамоага бошчилик қилаётган подполковник Исмоил Наврўзов. – Одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган жазирамаларда тобланишди. Мана бугун ўша заҳматларнинг мевасидан баҳраманд бўляпмиз. Албатта, ғалаба лаззати ҳаммага ҳам ёқади. Лекин бу биргина бизнинг эмас, балки она Ватанимизнинг ҳам ютуғидир.
 
Йигитларимизнинг ушбу ютуғи Халқаро армия ўйинларида иштирок этаётган бошқа жамоаларимизга ҳам куч-ғайрат ва шижоат бахш этиши табиий.