Қуйи Амударё давлат биосфера резервати: она табиатнинг ноёб мўъжизаси

Жаннатмакон юртимизда хассос табиатнинг ноёб мўъжизаларини ўзида мужассам этган гўшалар бисёр. Ақлингиз лол қолиб, ҳайратингиз ошадиган бундай бетакрор манзараларни нафақат томоша қилиб завқланиш, балки кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳам шарт. Чунки инсон омилисиз вужудга келган ноёб дурдоналар, минг афсуски, инсон аралашуви туфайли камайиб бормоқда ёҳуд йўқолиб кетиш арафасида…

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Амударё туманларида жойлашган Қуйи Амударё давлат биосфера резерватдаги медиатур жараёнида бунга яна бир карра амин бўлдик. Ушбу медиатур Германия ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ)нинг  Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида “Экотизимларни сақлаш мақсадида жамиятнинг экологик маданиятини оширишда ОАВнинг роли” лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Унда журналистлар биосфера резервати ландшафтлари, тўқайлардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кам учрайдиган ва йўқ бўлиш хавфи остидаги турлари, ҳудуддаги бошқа табиий объектларни сақлаб қолиш, қайта тиклаш ва экологик ҳолатини яхшилаш, шунингдек, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан таништирилди.

Биосфера резерватининг умумий майдони 68717,8 гектарни ташкил қилади. Бу ердаги ўсимликларнинг 419 туридан 2 тури, ҳайвонларнинг 36 туридан 1 тури, балиқларнинг 43 туридан 12 тури, қушларнинг 246 туридан 23 тури Қизил Китобга киритилган. Бундан ташқари, ҳашаротларнинг 1124 тури учрайди.

Бадай-Тўқай қўриқхонасининг резерватга айлантирилишнинг сабаби шундаки, қўриқхонада фақат мониторинг, илмий ишлар олиб борилади. Биорезерватда эса муҳофаза этиладиган учта ҳудуд, яъни Бадай-Тўқай, Жумиртоғ ва Назархон қўриқланувчи зоналари мавжуд. Бу ҳудуд юртимиздаги қолган барча тўқайзорларнинг 75 фоизини ва Марказий Осиё тўқайзорларининг 20 фоизини ташкил этади. Тўқайзорлар табиий озуқа захирасига бой бўлгани туфайли ёввойи ҳайвонларнинг кўп турлари учрайди.

Илмий ходимлар Бухоро буғуси кўпайиши, қушлар дунёси, энтемофаунаси, ўсимликлар дунёси ва табиат солномаси каби мавзулар устида мунтазам изланишлар олиб бормоқда. Бу борада уларга Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Фанлар академиясининг бир қатор илмий муассасалари, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар яқиндан ёрдам бермоқда.

— Фаолиятимизда кўпроқ ҳудудда рўй бераётган табиий жараёнлар, қолаверса, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ўрганишга эътибор қаратилади, — дейди биорезерватнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Оқилбек Туреев. —  Биорезерватдаги бетакрор ва ноёб ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаб келгуси авлодга етказиш асосий вазифамиздир. Бу ер илгари Бадай-Тўқай қўриқхонаси бўлган ва табиий сув келиш жараёни 10-15 йил мобайнида анча камайиб кетди. Бу эса ўсимликлар дунёсининг ривожланишига тўсқинлик қилаяпти. Бадай-Тўқай бўлимида асосан Бухоро буғусининг кўпайиши йўлга қўйилган. Бухоро буғуси дунё бўйича 2500 бош бўлиб, Хонгул саккизинчи кенжа тур деб номланади. Шундан 1000 бошга яқини бизнинг биорезерватда. Яъни дунё бўйича энг юқори кўпайиш жараёни юртимизда экан. Бу ерга дастлаб 21 бош Бухоро буғуси ўтган асрнинг 70-80 йилларида келтирилган. Ўтган салкам 40 йилда 1000 бошга етиб қолди. Ҳудуддаги ўсимлик дунёси меъёрида бўлгани ҳамда инсонларнинг таъсири камлиги туфайли кўпайиш жараёни яхши бўлмоқда. Бу жонивор Қизил Китобга киритилган бўлиб, бошқа сайғоқ ва кийиклардан фарқи уларнинг шохи ҳар йили мавсумда янгиланади. Хонгул деб номланишининг ҳам рамзий маъноси бор. Агар бу ерда суғориш ишларини амалга оширмасак, келгусида ўсимликлар билан бир қаторда ҳайвонот дунёсининг ҳам йўқолиб кетиш эҳтимоли ошаверади. Чунки сувсизликдан нафақат ўсимликлар, балки ҳайвонот дунёси ҳам азият чекади. Марказда иккита насос бор. Унга 2 километрлик сим тортиш керак, холос. Муаммо маблағ масаласига бориб тақалаяпти. Ҳомий топсак, бас.

Бундан ташқари, Бухоро буғусининг бош сони кўпайиши ортганлиги сабабли ҳудуд торлик қилаяпти. Шу боис уларнинг ҳудудга яқин аҳоли, фермер хўжаликларининг ғалла, пахта майдонларига чиқиб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бунинг олдини олиш учун уларни бошқа жойга, яъни Назархонга кўчиришимиз керак. У 322 кв. метр майдонни эгаллаган бўлиб, ўсимлик дунёси ниҳоятда бой ҳудуд ҳисобланади. Ўша ерга кўчириш учун махсус транспорт воситалари зарур.

Гарчи Бухоро буғуси кўпайиб кетган бўлса-да, уларни овлаш ҳолатлари кузатилмайди. Чунки бу жониворлар асосан кечаси озиқланади. Қолаверса, уларни овлаганлик учун жарима ниҳоятда катта эканлигини аҳоли жуда яхши билади.

Ҳудуд билан ёнма-ён жойлашган цемент заводи ҳам оғриқли нуқталаримиздан бири. Ушбу цемент заводи Қораўзак туманида жойлашган бўлиб, бир йилдан буён ишлаб турибди. Ундан чиқаётган, чанг ва газсимон чиқиндилар, табиийки, ҳайвонларнинг нафас органларига, шунингдек, ўсимликларга зарар келтиради, атроф-муҳитга салбий таъсир қилади. Гарчи ҳозир сезилмаётган бўлса-да, йиллар ўтиб унинг салбий таъсири албатта кўринади. Кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилса яхши бўларди.

Биохилма хилликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга эришилмоқда. Масалан, ўтган йили шу даврда биргина Тўрткўл туманида 70 дан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган эди. Бу йил эса бу кўрсаткич 52 тани ташкил этди. Жорий йилнинг ўтган даврида биосфера резерватида 16 та ўрмон қонунбузарлиги аниқланиб, шундан 9273,5 минг сўм жарима ундирилди.

Энг йирик ҳуқуқбузарликлардан яна бири саксовулларни кесиш ҳолатлари кузатилади. Аҳоли асосан ёқилғи сифатида ишлатиш мақсадида бу ўсимликларни кесиб кетади. Саксовуллар чўл ҳудудларда жойлашгани учун тўлиқ қўриқлашнинг имконияти кам. Техника етишмайди. Бир ёки иккита ҳудудни айланиб чиқишнинг ўзи етарли эмас.

Биосфера резерватида экотуризмга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирча бу ерга асосан Хива, Аёзқальа ҳамда Савецкий музейига бораётган маҳаллий аҳоли ҳамда хорижий сайёҳлар келмоқда. Экотуризм учун учта йўналиш бор. Иккитаси қуруқликда, биттаси Амударёда моторли қайиқларда сайр қилиш йўлга қўйилган. Биринчи йўналиш парваришхонага бўлиб, у ерда 14 бош Бухоро буғуси кўпайиши, озиқланиши ва қишлашини мониторинг қилиш учун сақланмоқда. Иккинчи йўналиш Жампиқ қалъа бўлиб, у 9-10 асрларга оид ёдгорлик ҳисобланади. Биорезерватдан 13 километр узоқда жойлашган ушбу қалъанинг Аёзқалъа ва Тупроққалъалардан фарқли томони ўрмон, тоғ ва сув билан бир жойда мужассам. Инспекторлар ҳар куни ўзига белгиланган ҳудуддан ташқари, Жампиқ қалъани ҳам мунтазам мониторинг қилади. Қалъанинг атрофидаги йўллар ободонлаштирилаяпти. Келгусида туризмни ривожлантириш бўйича яна бир қатор янги лойиҳалар кўзда тутилаяпти. Сайёҳларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши, сайр қилиши учун етарли шароитлар яратилиши режалаштирилаяпти.

— Турли илмий изланишлар олиб боришда Германиянинг ГИЗ лойиҳаси бизга яқиндан ёрдам бериб келмоқда, — давом этади Оқилбек Туреев. — Жумладан, марказ инспекторларини Белоруссия, Туркманистон каби давлатларнинг қўриқхоналарида малака оширишига, тажриба алмашинувига кўмаклашмоқда. Бундан ташқари, сайт яратилаяпти. Бу борада ҳам лойиҳа доирасида кўмаклашилмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса биорезерватни дунёга танитишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, биосфера резерватида “Амударё қўйи оқимида ер майдонларидан фойдаланиш борасида экологик тизимли ёндашув ва экотизимларни сақлаш” борасида ЮНЕСКО томонидан “Инсон ва Биосфера” халқаро дастури амалга оширилмоқда. Унга кўра, Амударё давлат биосфера резерватини ЮНЕСКО биосфера резерватлари умумжаҳон тармоғига киритиш бўйича Германия Ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ) томонидан зарур ҳужжатлар ва тавсиялар тайёрланмоқда. Бу ҳақда мазкур ташкилотнинг лойиҳа бўйича маслаҳатчиси Муҳаббат Камолова шундай дейди:

—  ЮНЕСКО биосфера резерватлари умумжаҳон тармоғи 122 та мамлакатдаги 686 та биосфера резерватини ўз ичига қамраб олган. ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши учун биорезерват фаолияти муайян талабларга мувофиқлаштирилиши лозим. Шу боис лойиҳа доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Ушбу дастур 2018 йилнинг январь ойидан 2020 йилнинг июнь ойига қадар бўлган даврда амалга оширилади. Лойиҳада ерлардан фойдаланишда экотизимли ёндашувни ишлаб чиқиш ва қўллаш ҳамда биохилма-хилликни муҳофаза этиш, иқлим ўзгариши жараёнларига мослашув бўйича ўзига хос ёндашувлардан фойдаланиш юзасидан минтақавий мулоқотни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тўқайзор ўрмонлар экотизимини сақлаш ва қайта тиклаш жараёнларини режалаштириш ҳамда амалга ошириш каби вазифалар белгиланган.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Юртимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар орасидаги табиатнинг ноёб мўъжизаси — Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ҳақида аҳоли деярли ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Агар биорезерватнинг асосий мақсад ва вазифалари билан аҳоли яқиндан таништирилса, фаолият самарадорлиги янада ошади. Шунингдек, мактаб дарсликлари қаторига экология фанлари ҳам киритилса, айни муддао бўлади. Чунки дунё миқёсида экологик муаммолар кенг кўламда тус олаётганини инкор этолмаймиз. Ҳавонинг ифлосланиши, сув тақчиллиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг тобора йўқолиб бораётгани — буларнинг барчаси инсоният ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Бу тизимлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ва уларнинг ҳеч бирини айро ҳолда тасаввур этиб бўлмайди.

Ҳидоят ЖЎРАЕВА,

журналист