Қуролли Кучлар Кичик мутахассислар тайёрлаш марказига Қозоғистон ҳарбий делегацияси ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Кичик мутахассислар тайёрлаш марказида Қозоғистон Республикаси ҳарбий делегацияси ташриф буюрди. Ташриф давомида кичик матахассислар тайёргарлиги бўйича ҳамкорликда ўқув-услубий йиғин ўтказилди.

Унда дастлаб марказда мутахассислик бўйича тайёргарлик, сержантлар таркибини тайёрлаш, сержантлар таркиби малакасини ошириш курслари, муҳандислик, алоқа, зирҳли танк хизмати, артиллерия бўлинмалари, қуруқликдаги қўшинлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа сингари мутахассисликлар бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан делегация аъзолари билан ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, кичик мутахассисларни тайёрлашда назарий ва амалий машғулотларни олиб бориш борасида қўлланилаётган усул ва услублар ҳақида сўз юритилди.

Шундан сўнг, делегация аъзолари томонидан Қозоғистон Республикаси мудофаа вазирлигининг кадетлар корпусида профессионал билимларини ошириш ва мустаҳкамлаш, командирлик ва лидерлик сифатларини, бўлинмаларни услубий бошқариш кўникмаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар беришди.

Ўзаро фикр алмашиниш давомида иштирокчилар икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, халқаро тажрибаларни қўллаш ҳамда уларни амалиётга тадбиқ этиш ва энг асосийси амалий машғулотларга алоҳида эътибор қаратиб, мутахассисларни жисмоний, жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган машғулотлар юзасидан мулоҳазаларини билдиришди.

Ўтказилган ўқув йиғинидан сўнг, делегация аъзолари марказда курсантларнинг назарий билимларни эгаллашлари учун ўқув биносидаги имкониятлар, кутубхона, ошхона, ётоқхона ва маданият марказларида яратилган зарур шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ўтказилган ушбу ўқув йиғини икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамланишига хизмат қилиб, кичик мутахассисларни етук кадр сифатида етказишга замин яратади.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати