Қозоғистонлик адвокат мобиль алоқа операторларидан нега норози?

32
Қозоғистонлик адвокат Жангельди Сулейманов “хавфсизлик сертификат”ини ўрнатишни тавсия қилиб СМС хабарларни юборган мобиль алоқа операторларига нисбатан судга даъво шикоятини берди.
 
Олмаотадаги Бўстонлиқ тумани судида дастлабки эшитувлар атиги беш дақиқа давом этди. Даъвогар судда иштирок этмади. Судда иштирок этган унинг вакили Станислав Лопатиннинг сўзларига қараганда, даъвогар шаҳарда эмас. Жавобгар – “КаР-Тел” компанияси (Beeline савдо маркаси билан хизматларни тақдим қилади) – суддан ишни кўриб чиқишни Нур-Султонга кўчиришни илтимос қилди, чунки компаниянинг бош идораси пойтахтда жойлашган экан.
 
Ўз даъвосида Сулейманов алоқа хизмати операторининг талаби ва Интернетга кириш учун “хавфсизлик сертификати”ни ўрнатиш ноқонуний эканлигини ёзади. Ўз навбатида жавобгарнинг баёнотида компания тасдиқлаган қоидаларни бажараётгани, шу сабабли жавобгар эмаслиги таъкидланар экан суддан берилган даъво аризасини тўлалигича рад этиш сўралади. Станислав Лопатин агар иш пойтахтга юбориладиган бўлса, Нур-Султонда судлашишга тайёрлигини билдирди.
 
Бир нечта адвокат яна иккита шаҳарда “хавфсизлик сертификати” масаласида судларга шикоят аризасини берди. 8 август куни юрист Ануарбек Скаковнинг “КаР-Тел”га нисбатан даъво аризаси Нур-Султонда ва Антон Самохиннинг Аltel операторига нисбатан даъво аризаси Қарағандада кўриб чиқилиши кутилмоқда.
 
Шу йилнинг июль ойидан бери Қозоғистон алоқа операторлари фойдаланувчиларга Интернетга уланиш учун “хавфсизлик сертификат”ларини ўрнатиш борасида хабарлар юбормоқда, шу билан бирга мазкур жиҳоз бўлмаган тақдирда онлайн-ресурсга киришда муаммолар бўлишидан огоҳлантирмоқда. Пойтахтдаги ўз телефонларига “хавфсизлик сертификатини” ўрнатмаган фойдаланувчилар турли интернет сервисларига киришда муаммолар кузатилаётганини айтмоқда.
 
Сертификатнинг расмий номланиши – QazNetTrustNetwork. Қозоғистон расмийларининг таъкидлашларича, сертификат кибер ҳужумлардан ва ноқонуний контентдан ҳимоя қилишга хизмат қилади, ғарб тадқиқотчилари ва ҳуқуқ ҳимоячилари эса инструментни кузатиш ва кибер-цензура эканлигини таъкидламоқда.
 
Мамлакат ва хориждаги мустақил экспертларнинг ишонишларича, сертификат ичкарисига “ўрнатилган” технология интернет-фойдаланувчилар ва веб-ресурслар ўртасидаги маълумотларни ушлаб қолиш имконини яратади. Сертификатни ўрганган ва унинг вазифаларига оид тадқиқотларни эълон қилган АҚШнинг Мичиган университети қошидаги CensoredPlanetтадқиқот гуруҳи экспертлари ҳам шу фикрда.
 
ЎзА