Ўзбекистон Сингапур медиация конвенциясига қўшилиш масаласини кўриб чиқмоқда

Сингапур медиация конвенциясини имзолаш мақсадида 2019 йил 7 август куни Сингапурда халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Унда 80 та давлатнинг 1 500 дан ортиқ мазкур соҳадаги ваколатли давлат органлари, амалиётчилар, олимлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари иштирок этмоқда.

Конференция ишида Адлия вазири ўринбосари А.Ташкулов раҳбарлигида Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмокда. Унда Сингапур медиация конвенциясини 46 та давлатлар имзолаши кутилмоқда.

Маълумот учун: Халқаро миқёсда низоларни ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиш механизмини жорий этиш ва медиация натижасида эришилган келишув битимини ижро этишни йўлга қўйиш мақсадида Бирлашган миллатлар ташкилотининг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича Комиссияси (ЮНСИТРАЛ) томонидан Медиация натижасида эришилган халқаро келишув битимлари тўғрисидаги конвенция – Сингапур медиация конвенцияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, БМТнинг 51-сессиясида тақдим этилган.

Бугунги кунда халқаро тижорат муносабатларида юзага келаётган низоларни ҳал қилишда медиация институтидан фойдаланиш кенгайиб бормоқда.Медиациянинг устунлиги низолар томонларнинг ўзаро ишонч ва ҳамкорлигини сақлаб қолган ҳолда суддан ташқари медиатор (воситачи-вакил) ёрдамида ўзаро келишув йўли билан ҳал қилинади.

Ўзбекистон делегацияси Сингапур медиация конвенциясига қўшилиш масаласини муҳокама қилиш ва тегишли хулосага келиш мақсадида ўрганиш олиб бормоқда.