ОАВ томонидан юборилаётган сўровларни кўриб чиқиш натижалари

Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан oav.prokuratura.uz манзилида янги платформа ишлаб чиқилган ва жорий йилнинг 30 июль куни бўлиб ўтган брифингда журналистларга унинг имкониятлари ва ишлаш тартиби ҳақида тақдимот қилинган эди.

Ўтган давр мобайнида платформа орқали жами 20 та сўров келиб тушди. «Gazeta», «Kun», «Xabar», «Minbar», «Daryo» нашрлари ҳамда «Даракчи» ва «Даракчи-Плюс» газеталаридан келиб тушган ушбу сўровларнинг барчасига ўз вақтида расмий жавоб қайтарилиши таъминланди.

Мазкур платформа оммавий ахборот воситалари ҳамда прокуратура органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, унда ҳар бир ОАВнинг ўз шахсий кабинети мавжуд.

ОАВлар ўзларини қизиқтирган сўровларини айни шу платформа орқали юборишлари ва тегишли тартибда расмий жавоб олишлари мумкин. Сўровларга файл юклаш имконияти ҳам берилган.

Бугунги кунда тизимни такомиллаштириш устида ишлар кетмоқда. Жумладан, платформа Телеграм мессенджери билан интеграция қилинади. Натижада сўровига жавоб қайтарилган заҳоти журналистлар Телеграм орқали автоматик хабарнома олишлари мумкин бўлади.

Ҳозирда платформа орқали жами 24 та ОАВ рўйхатдан ўтган. Рўйхатдан ўтишни истаган ОАВлар Бош прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилишлари мумкин.