“Жаслиқ” колонияси музейга айлантириладими?

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг маълумотларига кўра, “Жаслиқ” колонияси 1999 йилда қурилган бўлиб, бу жой санитария меъёрларига жавоб беради ва мазкур колонияда аввал ҳам, ҳозир ҳам маҳбусларга нисбатан қийноқлар бўлмаган. 
 
Шунингдек, “Жаслиқ” колонияси тегишли қарорга асосан ёпилиши ва кейинчалик ҳам яна қамоқхонага айлантирилмайди. Махсус комиссия тузилиб, колониядан келгусида қандай мақсадда фойдаланилиши, берилаётган таклифларга кўра ўрганиб чиқилади.
 
Айни пайтда у ердаги маҳбуслар 1 ой давомида яшаш жойларига яқин бўлган ҳудуддаги колонияга жўнатилиши кутилмоқда ҳамда “Жаслиқ”да фаолият юритаётган ходимлар ҳам худди шу тизимда ҳудудлар бўйича ишга жойлаштирилади.
 
Бу ҳақда Миллий матбуот марказида айни пайтда давом этаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 2 август куни “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги (“Жаслиқ“ қўрғонида жойлашган) қарор ижроси ва мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжуманда айтиб ўтилди.
 
Пресс – конференцияда журналистлар томонидан “Жаслиқ” колониясига медиа-тур ташкил этиш таклифи берилди. Мазкур таклиф ҳам ўрганиб чиқилиши айтилди.
 
Маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 100 минг нафарга 94 нафар жиноятчи тўғри келади.
 
ЎзА