Ислом – бағрикенглик тимсоли

Эътиқод мустаҳкамлиги инсон учун улуғвор қадрият ҳисобланади. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида талаба-ёшлар билан “Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик юрти” мавзуси остида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси Зебо Қосимова, “Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази” директор ўринбосари Шоазим Миноваров, институт Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Сайфулла Икромов иштирок этишиб, талаба-ёшлар билан дин психологияси, миллатлараро тотувлик борасида амалга оширилаётган ишлар, мамлакатимизда ислом фалсафасини ўрганиш, динни келажак авлодга тўғри ва чин талқинда етказиш тамойиллари, улғайиб келаётган ёш авлоднинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, “Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази” фаолияти борасида қизғин суҳбат бўлиб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони юзасидан ҳам маълумотлар келтирилди.

Мазкур давра суҳбатлари ва маърифий учрашувлар талаба-ёшлар онгида диний-маърифий тарбиянинг ва турли ёт ғояларга қарши иммунитетнинг шаклланишига олиб келади. Давра суҳбати давомида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат этишди ва керакли билимларга эга бўлишди.

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти матбуот котиби