Иқтисодиёт ва саноат вазири: Кам таъминланган қатламга эътибор қаратиш давлатнинг асосий вазифаларидандир

– Халқ демократик партиясининг қурултойида истеъмол саватчаси, яшаш минимуми билан боғлиқ қонунлар қабул қилиш ҳақида гапирилди. Менинг бир таклифим бор. Қонунлар эмас, битта қонун қабул қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бу истеъмол саватчаси ва яшаш минимуми даражаси, аниқроғи, ҳаёт кечириш минимум даражаси билан боғлиқ. Бу иккита кўрсаткич ўзаро боғлиқдир. Демак, аввало саватчанинг ҳисоб-китобини чиқариш ва шунинг асосида яшаш минимуми шакллантирилади.
Халқаро тажрибада, яъни МДҲда бу асосан қўлланадиган механизм. Мисол учун, Россия Федерациясида 2019 йилдан бошлаб энг кам иш ҳақи билан яшаш минимуми тенглаштирилган. Қозоғистонда эса охирги 9 ойлик маълумотларга кўра, коифициенти 1,27 фоизни ташкил қилмоқда. Буларнинг барчаси иқтисодиётнинг таркибидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Нега Ўзбекистонда ҳали ҳануз ушбу тартиб жорий этилмаган, деган ҳақли савол туғилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади иқтисодиётни кенгайтиришдан иборат. Хўш, бу жараён қачонгача давом этади, десангиз, ҳамюртларимизни тўлиқ доимий иш жойига эга бўлишини таъминлаш даражасига етганда, деб жавоб бераман. Бунга албатта бир неча йил талаб этилади. Бизнинг бошқа мамлакатларга қараганда ўзимизга хос жиҳатларимиз бор. Унинг ижобий томонлари ва мураккабликлари ҳам мавжуд, албатта.
Мураккаб ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида кам таъминланган аҳоли қатламига эътибор бериш ҳукумат ва давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун яшаш минимуми ва истеъмол саватчасининг услуби ишлаб чиқилди. Айни пайтда Тошкент ва Фарғона вилоятларида синов режимида амалга оширилмоқда. Шу орқали қонун яратишда хатога йўл қўймаслик, ҳақиқий аҳволни яхшироқ ўрганиш имкони юзага келади.