Ҳарбийлар ва уларининг оилалари Сурхондарё тарихи ва маданияти билан яқиндан танишдилар

Бугун, 30 октябрь куни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Термиз гарнизонида хизмат бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари Сурхондарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейига ташриф буюриб, бу ердаги экспонатлар билан яқиндан танишдилар.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг Сурхондарё вилояти этномаданий анъаналари, археология бойликлари ва маданияти билан таништириш мақсадида ўтказилган саёҳат улкан таассуротларга бой бўлди.

Музей экспозияци 5 бўлимдан иборат бўлиб, табиат бўлими биринчи қаватда, археология ва тарих ҳамда тасвирий санъат ва мустақиллик даври бўлими иккинчи қаватда, учинчи қаватда этнография бўлими жойлашган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳқамасининг 2019 йил 30 майдаги 443-сонли қарорига асосан музей – қўриқхонаси ташкил этилиб, унда Термиз туманидаги Зурмулла минораси ва эски Термиз (Чингизтепа), Шеробод туманидаги Заравутсой, Жарқўрғон туманидаги Жарқўрғон минораси, Шўрчи туманидаги Далварзин тепа, Музработ туманидаги Окс Александрияси (Кампиртепа) маданий мерос объектлари бириктирилган.

Ҳозирда музей фондида 16 йўналишда 61 минг 325 та экспонатлар мавжуд. Шундан ноёб ашёлар ва коллекциялар сони 3150 тани ташкил этади.

Саёҳатга келган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига музей ходимлари ҳамроҳлик қилиб, юқоридаги маълумотлар билан бирга қадимги Сурхондарё тарихи тўғрисида ҳам қизиқ фактларни етказишди.

Бу каби тадбирлар вилоятга турли ҳудудлардан келиб хизмат бурчини ўтаётган ҳарбийлар ва уларнинг оилалари учун Сурхондарё ҳақида кенг тасаввур ва ва кўникмага эга бўлишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти