e-ngo.uz – давлат хизматларидан ягона электрон тизим асосида фойдаланилади

ННТлар фаолияти билан боғлиқ бир қатор хизматларни электрон тарзда амалга ошириш имкониятини таъминловчи e-ngo.uz портали (тест режимида) ишга туширилди.
Бу ҳақда Адлия вазирлигида мазкур портал тақдимотига бағишланган тадбирда маълум қилинди.
Мазкур электрон тизим Ўзбекистон Республикасида жорий этилган давлат хизматларини ягона электрон тизимда босқичма-босқич эмас, балки бир вақтнинг ўзида амалга ошириш имкониятини беради.
Ушбу портал орқали электрон тарзда ННТ ва уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказиш, ННТнинг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш, ННТнинг ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни тақдим этиш, ННТ томонидан хорижий манбалардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш, ННТнинг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини аккредитациядан ўтказиш мумкин.
Тизимга кириш идентификациялашнинг ягона тизими “OneID” ёки электрон рақамли имзо орқали амалга оширилади.
Тақдимотда Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қонуни бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборотлар берилди.
Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг таклифларига кўра Ўзбекистон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ННТлар вакилларидан иборат эксперт гуруҳи ташкил қилинганлиги маълум қилинди.
Мазкур эксперт гуруҳи вакиллари томонидан кодекс лойиҳаси бўйича ўз таклифларини Адлия вазирлигига тақдим қилишлари мумкин.
Тадбир доирасида иштирокчиларни қизиқтирган саволлари асосида баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Муаттар РЎЗИБОЕВА