Алмазбек Атамбоев баёнот билан чиқди

37

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев 8 августга ўтар кечаси «Апрель» телеканали эфирида чиқиш қилиб, баёнот берди.

«Сизларга алам билан мурожаат қиламан. Бугун ҳукумат кучлари ноқонуний равишда, Конституцияни бузган ҳолда, мени қўлга олиш учун, Атамбоевнинг оғзини ёпиш учун, қурол билан келди ва ўз халқини ўққа тутди. Аввалига резинали ўқлар билан, охирида – ҳақиқий ўқлар билан. Бу шармандали ва аламли. Атамбоев — террорчи эмас. Унинг атрофида йиғилган инсонлар – террорчилар эмас. Соат 19:30да одамлар одатдагидек келиб мен билан селфи тушишаётганди. Бегуноҳ одамлар жабрланди», – деган у.

«Албатта, охир-оқибат улар махсус топшириқли гуруҳ вакилларини суриб ташлашди, уларнинг айримлари насибасини олишди. Биласиз, бу халқнинг ғазаби қандай», – дея давом этган у.

«Мен бир неча марта айтганман, Батукаев иши бўйича хат кўринишида жавоб беришга тайёрман. Расман жавоб беришни, буни газеталарда эълон қилишни таклиф қилганман. Ҳукумат эса Атамбоевнинг оғзини беркитиш учун ўз халқини ўққа тутишдан қайтмади. Бу шармандалик. Ҳукуматга яна бир бор айтаман: Тўхтатинг!», – деган Атамбоев.

«Кучишлатар тузилмаларга яна бир бор айтаман: ўз халқингизни отманг. Буйруқ берганлар қочмоқда, сиз эса қолаяпсиз. Ахир сиз бир оилага эмас, халққа қасамёд қилгансиз», – деган у ва ўз тарафдорларига қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирган.

7 август куни Қирғизистон махсус топшириқли бўлинмалари ҳарбийлари собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг Чуй вилоятидаги Кўй-Тош қишлоғида жойлашган қароргоҳига бостириб кирди. Улар собиқ президентни қўлга олишга ҳаракат қилишди. Бу вақтда қароргоҳда Атамбоевнинг юзга яқин тарафдорлари ва журналистлар тўпланганди.

Ҳарбийлар уйни қамал қилишди ва ўт очишди, натижада 10дан ортиқ киши жароҳатланди, шу жумладан воқеаларни ёритишга келган журналистлар ҳам. Атамбоевнинг тарафдорлари уй эгалланиб олинишига тўсқинлик қилишди ва баррикадалар ўрната бошлашди. Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Атамбоевни қўлга олиш учун операция ташкиллаштирилганини тан олди, аммо ҳарбийлар жанговар қурол қўлламагани ва фақат резина ўқлар отилганини маълум қилишди.

Бу орада ОАВда Атамбоев қўлга олиниб, вертолёт орқали номаълум томонга олиб кетилгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Кейинроқ бу маълумот рад этилди. Собиқ президентнинг қизи Алия Шагиева отаси Қўй-Тошдалиги ва уни ҳеч ким қўлга олмаганини маълум қилди. У бу хабарларни «қип-қизил ёлғон» деб атаб, собиқ президент хавфсизликда эканини айтди.

Кейинроқ Атамбоевнинг тарафдорлари сони ортди ва улар қароргоҳ ҳудудини ўраб олишди, ҳарбийлар билан ўртада отишма чиқди. Қароргоҳ ҳудудида ёнғин бошланди. Маҳаллий вақт билан соат 22:30да Атамбоевнинг тарафдорлари қароргоҳга бостириб киришди, ҳарбийларнинг бир қисми чекинди, бир қисми Атамбоевнинг тарафдорлари томонидан қўлга олинди ва қуроллари тортиб олинди.

Сўнгги хабарларга кўра, тўқнашувлар оқибатида жами 45 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохоналарга олиб келинган, шундан қарийб ярми ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бўлиб, улардан бири олинган жароҳатлар оқибатида вафот этган.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков таътилини барвақт якунлаб Бишкекка қайтди.

Алмазбек Атамбоев 2011 йилда Қирғизистон президенти бўлганди. У бу лавозимни 2017 йилда, президентлик муддати тугаши муносабати билан тарк этди. Сайловларда Атамбоев томонидан қўллаб-қувватланган номзод, унинг Қирғизистон Социал-Демократик партиясидаги партиядоши Сооронбек Жээнбеков ғалаба қозонди. 

Сайловлардан сўнг амалдаги президент ва собиқ президент муносабатлари совуқлаша бошлади. 2019 йил июнида Атамбоев Жээнбеков кескин танқид қилинган митингларда иштирок этди. 

Июнь ойи охирида Қирғизистон парламенти Атамбоевни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этди. Прокуратура собиқ президентни катта ер майдонларига ноқонуний равишда эга чиққанликда, криминал авторитет қўйиб юборилишида, ноқонуний бойишда, Бишкек ИЭСни модернизация қилишда коррупцияга йўл қўйишда ва ИЭСга ноқонуний равишда кўмир етказиб берилиши каби жиноятларга алоқадорликда гумон қилган 

24 июль куни Атамбоев русларнинг Қирғизистоннинг Кант шаҳридаги авиабазасидан Россияга учди ва Москвада РФ президенти Владимир Путин билан учрашди. Учрашув якунида Путин Қирғизистонга сиёсий барқарорлик зарурлиги ва «барча фуқаролар амалдаги президент атрофида бирлашиб, унга давлатни ривожлантириш»да ёрдам бериши кераклигини айтди. Бу ҳақда кун.уз интернет нашри хабар қилмоқда.