Акмал Саидов: «Жаслиқда қийноқлар қўлланмаган, дея олмайман»

47

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори  Акмал Саидов яқинда фаолияти тугатилган Жаслиқ колониясида қийноқлар қўлланилгани эҳтимолини инкор қилмади.

6 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Акмал Саидов иштирокидаги брифинг. Фото: Togri.uz
Акмал Саидов иштирокидаги брифинг. Фото: Togri.uz

Қийноқлар қўлланган бўлиши эҳтимоли тан олинди

Брифингда Акмал Саидов Жаслиқ колониясида қийноқлар бўйича берилган саволга:

“Мен у ерда бўлганман. Бошқа қамоқхоналар билан солиштирганда сақлаш шароитлари яхшироқ эди. У ерда халқаро пенитенциар нормаларнинг барчасига риоя қилинган.

Мен у ерда (Жаслиқда) қийноқлар қўлланилмаган, деб айта олмайман.

Буни айта олмайман.

Кўп йиллар давомида “Жаслиқ” Ўзбекистоннинг энг салбий ёрлиғига айланиб қолди. Бу Ўзбекистон халқаро сиёсий рейтингини жуда тушириб юборди.

Мен қарор моҳияти қуйидагиларда:

– биринчидан, энди “Жаслиқ”даги каби ҳолатлар яна қайтарилмайди,

– иккинчидан, энди “Жаслиқ” ўрнида бу каби бошқа муассаса очилмайди,

ва учинчидан, биз “Жаслиқ”нинг салбий тажрибасидан дарс олишимиз керак, деб ҳисоблайман”.

Аввалроқ Ўзбекистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Баҳромбек Одилов “Жаслиқ” қамоқхонасида қийноқлар мутлақо қўлланилмаганини айтганди.

Брифингда президентнинг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси ва унинг моҳияти, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз,‌ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 2 август куни “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги («Жаслиқ» қўрғонида жойлашган) қарорни имзолаганди.