Адлия вазирлиги стратегик йўналишларини белгилаб олди

НОРМАТИВ-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)да Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адлия органлари ва муассасаларини 2030 йилгача ривож­лантиришнинг стратегик йўналишлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ишлаб чиқилган лойиҳа узоқ истиқболга мўлжалланган илк стратегик ҳужжат ҳисобланади. Ишга бундай ёндашув, аввало, тизимли ва барқарор бўлиши керак бўлган ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти учун жуда муҳим.

Стратегия, интизом ва ташаббус

Биринчидан, лойиҳа билан қу­йидаги муҳим дастурий ҳужжатларни тасдиқлаш кўзда тутилган:

Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси;

Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари тизимини ривожлантириш стратегиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлари;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказий аппарати ходимларининг иш самарадорлиги кўрсаткичларини аниқлаш ва баҳолаш Методикаси.

Шу тариқа адлия органлари ва муассасаларини ривожлантиришнинг ягона стратегик режалаштириш тизими ташкил этилмоқда.

Иккинчидан, стратегия, интизом ва ташаббус, шунингдек, адлия органлари ва муассасаларининг жорий фаолиятини мониторинг ва назорат қилиш бўйича барча жараёнларни максимал даражада автоматлаштириш жорий этилаётган тизимнинг асосий таркибий қисмларидан ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, автоматлаштириш Адлия вазирлиги фаолиятининг очиқлигини таъминлашни назарда тутади.

KPI ва натижага йўналганлик

Адлия вазирлиги Марказий аппарати ходимларининг фаолият самарадорлигини баҳолашнинг янги тизими синов тариқасида дастлаб Марказий аппарат фаолиятида қўлланилади, кейинчалик эса у босқичма-босқич адлия органлари ва муассасалари фаолиятига жорий қилиниши режалаштирилмоқда.

Режалаштирилган чора-тадбирлар самарадорлиги ва натижадорлигига эришишни баҳолаш учун яқин 5 йилга мўлжалланган 50 дан зиёд ­аниқ сифат ва миқдор Мақсадли кўрсаткичлари белгилаб берилган.

Стратегияни амалга ошириш механизми ­унинг асосида ҳар йили келгуси йилда адлия органлари ва муассасаларининг аниқ ҳаракатларини кўзда тутувчи, шакл ва муддат, масъул ижрочилар, режалаштирилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун зарур манбаларни кўрсатган ҳолда тезкор режаларни қабул қилишни тақозо этади.

Иш самарадорлигининг аниқ кўрсаткичлари (Key Performance Indicators, KPI) Ижро интизоми ягона идоралараро электрон тизими (ijro.gov.uz)га интеграция қилинади.

Шу тариқа ҳар бир хоҳ­ловчи Интернет тармоғи ор­қа­ли Адлия вазирлиги фаолиятининг стратегик йўналишлари билан танишиши, улар қандай босқичда эканини кўриб бориши ва истиқболли вазифалар режалаштирилгани ҳамда уларнинг натижаларини кузатиб бориши мумкин.

Стратегик йўналишлар

Биринчидан, энг муҳим стратегик йўналишлар сифатида олиб борилаётган ягона давлат ҳуқуқ сиёсати ва ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти сифатини такомиллаштириш белгилаб берилган.

Адлия вазирлиги “ҳуқуқий тартибга солишнинг йўқлиги сифатсиз, ўйланмаган ҳуқуқий ҳужжат қабул қилишдан яхшироқ”, “жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларга ҳар қандай аралашув остида жиддий, асосли ва етарли сабаб бўлиши даркор”, деган янги рамзий шиорни жорий этишни таклиф қилмоқда.

Бунда мазкур вазифани ҳуқуқ ижодкорлигининг ақлли моделини жорий этишни кўзда тутувчи мутлақо янги усуллар ёрдамида амалга ошириш режалаштирилмоқда. Мазкур модел ҳуқуқий муносабатлар субъектларининг хулқ-атвор қоидаларини белгилашдаги ролини оширишни кўзда тутади ва бу, айниқса, ижтимоий-иқтисодий соҳа, тадбиркорлик фаолияти учун долзарб аҳамият касб этади.

Иккинчидан, норма ижодкорлиги ва ишларнинг реал ҳолати ўртасидаги самарали тескари алоқани таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга, айниқса, жойларда ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётининг тизимли равишда ўрганилишини таъминлаш ҳисобига эришиш мумкин.

Учинчидан, давлат хизматлари ва интеллектуал мулк ҳам адлия органлари ва муассасаларининг стратегик йўналишлари сифатида эътироф этилган.

Бу соҳада Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (Organisation for Economic Cooperation and Development, OECD) аъзоси ҳисобланган, дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида муваффақиятли амалга оширилган давлатнинг хизмат кўрсатиш моделига ўтиш устувор жиҳат саналади.

Тўртинчидан, ушбу янгиликлар жамият, айниқса, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий маданият даражасини изчил оширишга қаратилган. Бугунги кунда Адлия вазирлигида аҳоли, энг аввало, ёшлар ва аёллар ҳуқуқий маданияти даражасини оширишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Истиқболда, шунингдек, давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, айниқса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва аҳоли билан мулоқот қилишнинг қонуний асослари бўйича манзилли ишларни амалга ошириш йўлга қўйилмоқда.

Бешинчидан, давлат хизматларидан ташқари Адлия вазирлиги аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш билан ҳам шуғулланади. Тан олиш керак, мазкур соҳа иш юкламаси жуда катта ҳисобланади. Нотариус ва адвокатларнинг умумий сони мамлакатимиз аҳолисига нисбати дунё кўрсаткичларига қараганда анча кам. Мисол учун, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо нотариатнинг лотин типидаги давлатларида битта нотариус лавозимига ўртача 18 948 нафар аҳоли тўғри келади. Умумэътироф этилган стандартлар бўйича бир адвокатга ўртача 1 100 нафар ­одам тўғри келиши керак. Ўзбекис­тонда эса мазкур кўрсаткич битта нотариусга қарийб 36 минг нафар ва бир адвокатга 8 мингдан ортиқ аҳоли тўғри келади.

Нотариуслар ва адвокатлар ­етишмовчилигини, аввало, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва ­юридик таълим йўналишларини кенгайтириш, жумладан, ўрта-махсус таълимни ривожлантириш, ­юри­дик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳисобидан қоплаш режалаштирилмоқда.

Олтинчидан, юридик таълим со­ҳасида юксак вазифа — Тошкент давлат юридик университетининг дунёнинг энг яхши 1000 та олий ўқув юрти рейтингига киришини таъминлаш вазифаси қўйилган.

Адлия органлари ходимлари куни

Адлия органлари ходимлари кунининг белгиланиши тизим ходимлари учун яхши янгилик бўлади. Лойиҳада тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берилган.

Умуман олганда, Адлия органлари ва муассасалари тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси яқин ўн йилликда қўйилган мақсадларга босқичма-босқич эришишда ўзига хос дас­туриламал бўлиб хизмат қилади.

Дилафруз СЎФИЕВА,

Адлия вазирлиги масъул ходими