50 га яқин мурожаатлар ижобий ҳал қилинди (+фото)

48

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ҳамюртларимизнинг соҳага оид таклиф, мулоҳаза ва муаммоларини зудлик билан ўрганиб чиқиш, қолаверса, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида Мудофаа вазирлигида Фуқаролар қабулхонаси фаолият бошлади.

Унинг очилиш маросимида мудофаа вазири ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов, бошқарма бошлиқлари ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.

  

Қайтадан реконструкция қилинган бинода жойлашган қабулхона шинам ва ёруғ бўлиб, замонавий технологик воситалар билан жиҳозланган. Бу ерда ёш болали мурожаатчилар учун ҳам зарур шароит яратилган: она ва бола хонаси бу борада оналарга яхшигина кўмакчи вазифасини ўтайди. Кенг ва ораста мажлислар зали, қабул қилиш хонаси ҳам кишида яхши таассурот уйғотади. Буни очилиш маросимидан сўнг қабулхона бўйлаб қилинган саёҳат давомида меҳмонларнинг кўзида акс этган қониқиш ва мамнуниятдан ҳам билиш мумкин.

Шу куни генерал-майор Азизбек Икрамов Халқ қабулхонасига ташриф буюрган фуқароларни қабул қилди. Қабул давомида элликка яқин мурожаатлар кўриб чиқилди. Бир қатор муаммолар жойида бартараф этилди.

   

– Мен Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан келдим, – дейди марҳум ҳарбий хизматчи Норпўлат Қурбоновнинг турмуш ўртоғи Ирода Алибоева. – Икки нафар фарзандим бор. Ҳозирда қайнотамни уйларида яшаб келяпмиз. Ҳовлида яна икки келин бор. Фарзандларимиз катта бўлаяпти. Улар улғайган сари менга алоҳида уй қилиш ташвиши тинчлик бермаяпти. Шу боисдан Мудофаа вазирлигига мурожаат қилиб келгандим. Ҳайрият, ноумид қилишмади. Менга Сурхондарёдан уй бериладиган бўлди. Шунчалик хурсандман-ки, таърифлашга тилим ожиз. Мурожаатимни эътиборсиз қолдирмаган Мудофаа вазирлиги раҳбариятидан миннатдорман.

Кейинги мурожаатчи Сожида опа Тоирова ҳам Сурхондарёдан келибди. Жуда ёш бева қолган аёл икки ўғил, бир қизни тарбиялаб, уйли-жойли қилган. Ҳозирда икки ўғли ҳам ҳарбий хизматчи. Бири Бухорода, яна бири Нукусда хизмат қилаяпти.

– Фарзандларим Ватан ҳимоячиси эканлигидан фахрланаман, – дейди Сожида опа. – Улар менинг ишонган тоғим, суянчим. Қаерда бўлса ҳам боши тошдан бўлсин. Охирги вақтларда соғлиғим панд бераяпти. Ёшим бир жойга бориб қолган. Фарзандларимнинг ёрдамига, ғамхўрлигига муҳтожман. Шу боис ўғилларимдан бирининг хизматини ўзимизни вилоятга кўчиришни илтимос қилиб келдим. Муддаомни айтишим билан масалани ижобий ҳал қилиб беришди. Қувонганимдан кўз ёшларимни тиёлмадим. Илоҳим мана шундай шароитлар яратиб, халқ дардини енгил қилишга интилаётган мамлакатимиз Президенти, у кишининг эзгу сиёсатини қўллаб-қувватлаётган Мудофаа вазирлиги раҳбариятининг бундай ижобий ишлари бардавом бўлсин, яхшиларнинг умри узоқ бўлсин.

Ҳа, шу куни муаммо, таклиф ва аризалар мудофаа вазири ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Энг асосийси, мурожаатчиларнинг ҳеч бири бу даргоҳдан норизо бўлиб кетмади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти