Қуролли Кучлар миқёсида ўтказилган “Энг илғор мутахассис” танловининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли  Жиззах вилоятидаги «Фориш» тоғ дала-ўқув  полигонида Ўзбекистон Қуролли Кучлари миқёсидаги «Энг илғор мутахассис» кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди.

Ушбу нуфузли мусобақада Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий округ ва бўлинмалар билан бир қаторда Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари бўлинмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ўзаро куч, салоҳият ва касбий маҳоратини синовдан ўтказди.

«Мен ғолиб!» шиори остида ўтказилган мазкур мусобақа ҳарбий хизматчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, улар орасидан энг илғорларини аниқлаб, масъул лавозимларга тайинлаш ҳамда истиқболли кадрлар захирасига киритиш, кичик ва ўрта командирлик лавозимидаги ҳарбий хизматчиларнинг профессионал интилишини рағбатлантириш, касбий маҳорати ва билимларини юксалтиришга қаратилган.

Округлар миқёсида саралаб олиниб, танловнинг якуний босқичида иштирок этган ҳарбий хизматчилар «Энг илғор ҳарбий қисм командири», «Энг илғор батальон командири», «Энг илғор взвод командири», «Энг илғор гуруҳ командири», «Энг илғор сержант» номинациялари бўйича беллашди.

Дастлаб жисмоний тайёргарлик ҳамда отиш тайёргарлиги бўйича белгиланган меъёрларни муваффақиятли бажарган танлов иштирокчилари қисқа вақт ичида автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, ўқдонни ўқ билан тўлдириш ва бўшатиш, нишонларга ўқ отиш, граната улоқтириш каби топшириқларни бажарди. Бундан ташқари, турникда тортилиш, 100 метр ва 3 километр масофага югуриш, «Разведкачилар йўлаги» мажмуавий тўсиқларидан ўтиш бўйича амалий меъёрлар бўйича кўникмаларини намойиш этишди.

Беш кун давом этган беллашувда ҳарбий топография, техник ва тактик тайёргарлик бўйича белгиланган амалий топшириқлар, мутахассислик бўйича тест синови, ўқув фильми ва рефератлар текширилди. Мудофаа вазирлиги томонидан тайинланган масъул офицерлардан иборат ҳакамлар ҳайъати ҳар бир лаҳзани синчиклаб кузатди ва холисона баҳолади.

Танловнинг тантанали ёпилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ушбу мусобақанинг нуфузи йилдан-йилга юксалиб бораётгани эришилган юқори натижаларда яққол акс этганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, «Энг илғор мутахассис» кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари 2020 йил 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунида тантанали тарзда тақдирланади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти