Туркия мудофаа вакиллари билан ҳамкорликда халқаро анжуман ўтказилади

Туркия Республикаси билан икки томонлама ҳамкорлик режасига мувофиқ, жорий йилнинг 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида “Туркия Қуролли Кучларини замонавий ҳарбий можароларда, Афғонистон ва Яқин Шарқда юзага келаётган вазият шароитида қўллаш тажрибаси” мавзусида халқаро ҳарбий-илмий анжуман ўтказилади.

Мазкур анжуманнинг асосий мақсади замонавий ҳарбий можароларнинг хусусиятлари бўйича маълумот ва қарашлар алмашиш учун майдон яратиш, уларда қуролли кучлар бўлинмаларини Туркия армияси мисолида қўллаш тажрибасини ўрганиш.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар таркиби, илмий ходимлар, тингловчи ва курсантлар ҳамда республиканинг бошқа вазирлик ва идоралари олий ҳарбий таълим муассасалари ходимлари, Туркия томонидан Миллий мудофаа университети ва Туркия Республикаси Мудофаа вазирлиги вакиллари иштирок этадилар.

Анжуман ялпи мажлис ва учта мавзувий шуъбадан иборат бўлади.

Ялпи мажлисда дунёда ва минтақада юзага келаятган ҳарбий-сиёсий вазият, Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик ҳамда замонавий ҳарбий можароларда Туркия Қуролли Кучларини қўллаш тажрибаси, операциялар мобайнида қўшинларни бошқариш, уларни ҳар томонлама таъминоти ва жанговар тайёргарлик тизимини мослаштириш бўйича маърузалар тингланади.

Шунингдек, Туркия вакиллари билан икки томонлама учрашув ўтказилади, унда икки мамлакат олий ҳарбий таълим муассасалари билан ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва педагогик фаолият бўйича тажриба алмашуви масалалари бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўллари муҳокама қилинади.

Анжуман давомида Туркия Мудофаа вазирлиги вакиллари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида таълим олиш учун яратилган шароитлар, масофадан ўқитиш имкониятига эга бўлган мавзувий синфлар, ахборот-ресурс маркази ва академия музейи билан танишадилар.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти