Зангиота тарбия колониясидаги вояга етмаганларга касб-ҳунарга йўналтириш ташкил этилди 

Бош прокуратура ва “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида Зангиота туманидаги 24-сон вояга етмаганлар жазони ижро этиш колонияси тарбияланувчилари учун ёғоч ўймакорлиги ҳамда тикувчилик курслари ташкил этилган.

Бундан асосий мақсад – муассаса тарбияланувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш, вақтларини самарали ташкил қилиш, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишини таъминлаш ҳамда келгусида ўзи ва оиласи фаровон хаёт кечириши учун имконият яратиш ҳисобланади.

Ҳозирда ушбу муассасада 22 нафар вояга етмаган тарбияланувчилар ёғоч ўймакорлиги ҳамда тикувчилик сирларини ўрганмоқда.

Юқоридаги идораларнинг ҳамкорликдаги самарали фаолияти натижасида, қарийб 3 ой давомида ушбу шахслар томонидан бир қатор маҳсулотлар тайёрланган.

Уларнинг малакасини янада ошириш мақсадида, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳунармандлари томонидан маҳорат дарслари ўтилиб, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

Шу билан бирга, тарбияланувчиларнинг ота-оналари ҳам фарзандлари томонидан тайёрланган маҳсулотлар билан танишишди.

Тадбирда театр актёрлари ҳамда эл суйган хонандалар иштирок этишди.