“Замонавий мактаб”лар ташкил этилади

“Замонавий мактаб”ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4537-сон, 26.11.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, илғор архитектура ечимлари ва энергия тежовчи технологиялар асосида барпо этиладиган ҳамда жиҳозланадиган, халқаро талаблар асосида сифатли таълим-тарбия бериш учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган “Замонавий мактаб”лар ташкил этилади.

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” ДУК мактабларни “Замонавий мактаб”ларга қўйилган талаблар асосида баҳолаш бўйича масъул ташкилот этиб белгиланди.

Шу муносабат билан унга бир қатор қўшимча вазифалар юклатилди.

Жумладан, мактабларни “Замонавий мактаб”ларга қўйилган талаблар асосида баҳолаш орқали уларга мувофиқлик сертификатини бериш ДУКнинг вазифаларидан бири ҳисобланади.

2020 йил 1 мартдан бошлаб давлат мактабларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш “Замонавий мактаб”ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳалари ва жиҳозлаш меъёрлари асосида амалга оширилади.

Қарор билан, шунингдек, 2020-2022 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларини “Замонавий мактаб” талаблари асосида янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг асосий параметрлари ва манзилли дастурлари тасдиқланди.